РЕЙТИНГ ДАФТАРИ – ўқувчининг юзи, кўзгудаги акси(ми?)

Маълумки, ота-оналар ҳар гал янги ўқув йили олдидан фарзандлари учун керакли ўқув қуроллари танларкан кундалик рейтинг дафтарини ҳам ҳарид қилишни унутишмайди. Кундалик дафтар жилдида мамлакатимиз Давлат рамзлари ёрқин рангларда ифодаланган бўлиб, бу ҳар бир ўқувчи қалбида ғурур ҳиссини уйғотади. Руҳияти кўтарилиб, она Ватанга бўлган муҳаббати янада ортади.

Кундалик рейтинг дафтари – ўқувчининг юзи, кўзгудаги аксидир. Унда ўқувчининг фанлардан ўзлаштириши, хулқи, жамоат топшириқларининг бажарилиши, синфдан ташқари ўқилган адабиётлари, маданий дам олиши кабилар мужассам бўлиб, кундалик ҳаёти ҳақида маълумот беради.
Кундалик рейтинг дафтари – ўқувчи, синф раҳбари ва ота-оналар ўртасидаги мулоқот воситаси ҳамдир. Бошқача қилиб айтганда ўқувчи қалбига йўл топиш воситасини ўтайди. Масалан, ўзлаштириши суст бўлган ўқувчининг ота-оналари билан фан ўқитувчиси суҳбат ўтказишга ҳар доим ҳам вақт ажрата олмаслиги мумкин. Шундай ҳолларда улар ўртасида мулоқат ўтказиш учун кундалик рейтинг дафтари қўл келади.

Ўқувчининг фанлардан қандай ўзлаштириши, эришган ютуқлари балл системасида баҳоланиб, уйга берилган вазифалар ҳафтанинг қайси кунига тайёрланиши лозимлиги кундалик дафтарга белгилаб борилади ва доимо ўқувчи портфелида бўлиши талаб этилади. Негаки, у ўз номи билан кундалик рейтинг дафтаридир.

Биз ота-оналардан: «Нега биринчи синфларда кундалик дафтар юритилмайди? Нима учун уларнинг ўзлаштириши ва хулқи баҳоланиб борилмайди?», каби саволларни тез-тез эшитамиз. Ахир, кичкинтойлар ҳам катталар каби устозлар рағбати ҳамда ота-оналарнинг мақтовини хоҳлашади-да. Шунда болажонларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ота-оналарга ётиғича тушунча берамиз. Шуни таъкидлаш керакки, айрим ўқувчилар шошма-шошарлик ёки эринчоғлик қилиб кундалик дафтар саҳифаларини тўлғазганида «так­рорлаш», «ўқиш», «масала ечиш», «ишлаш» каби сўзлар билангина чекланишади. Аслида эса кундалик дафтарга ўқувчи томонидан нечанчи мисол ёки машқлар устида ишлаш каби топшириқлар аниқ ва равшан қайд этиб борилмоғи лозим.

Биз ўқувчилик даврида жонажон мактабимизни чин дилдан севар, фанлардан пухта ўзлаштириб, яхши хулқ эгалари бўлишга ҳаракат қилардик. Синф раҳбаримиз ёзув тахтасига янги дарс жадвалини ёзаркан уни ҳаяжон билан кундалигимизга тушунарли ва ярашиқли қилиб кўчиришга киришардик. Фақат ўртадаги жимликни ёзув тахтасига бўрнинг урилишигина бўлиб турарди. Устоз ҳар ҳафта охирида энг кўп «аъло» баҳо олганларга ўқувчи учун қайд­лар деган жойига «Ота-онангга раҳмат, балли!», «Чиройли ҳуснихатинг таҳсинга ло­йиқ» каби жумлаларни қайд этиб илова қилишни ҳам унутмасди.

Бугунги кунда ўқувчи кундалигига устозларнинг «Сен шеърни ёддан ифодали қилиб ўқиб бердинг, балли!», «Баракалла, математикадан мисол ва масалаларни биринчилардан бўлиб бажардинг», «Инглиз тилидаги матнни тўғри талаффуз билан сўзлаб бердинг, офарин!» каби қайд этилган жумлалари уни руҳлантириб, илм ўрганишга бўлган иштиёқини янада оширади. Шунда устозлар рағбатига лойиқ бўлган ўқувчи севинганидан ота-онасига кўрсатишга ошиқади. Бу эса биз, педагогларни ҳам хурсанд қилади, албатта.
Қисқаси, кундалик рейтинг дафтари ўқув йили давомидаги нафақат ярашиқли ва чиройли ҳуснихатлар билан тўлғазилган ўқув қуроли бўлиб қолмай, балки унинг кундалик ҳаёти ҳақида информация берувчи ҳужжати ҳам десак тўғри бўларди.

Дарҳақиқат, ўқувчи кундалик рейтинг дафтарини варақлаб унинг хулқ-атвори, фанлардан ўзлаштириши, ўқув қуролларининг сақланиши ва юритилиши, кийиниш маданияти ҳамда ташқи кўринишини ҳам билиб олса бўлади.

Шоира ФОЗИЛОВА,

Яна ўқинг:  Дорилар имтиёзли рецепт асосида кимларга бепул берилади?

Жиззах шаҳридаги 1-мактаб ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: