ПАНДЕМИЯ: ФАРЗАНДИНИ МАКТАБГА ЮБОРАЁТГАН ОТА-ОНАЛАРГА МУҲИМ ТАВСИЯЛАР

Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тербия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова билан суҳбат

– Пандемия вазиятида фарзандларини мактабга юбораётган ота-­оналарга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Ҳурматли ота-оналар, аввало, мактабга юборишдан олдин фарзандингизнинг соғлиги ва руҳий ҳолатига, албатта, эътибор беринг. Шу ўринда психологлар бундай узоқ карантиндан чиқиш учун вақт (камида уч ҳафта) талаб этилишини инобатга олиб, сиздан боланинг ҳиссий ҳолатига эътибор беришингизни сўрайди. Фарзандингизда ўтган вақт давомидаги ўзлаштира олмаган билимларига етиб олиши учун пайдо бўлиши мумкин бўлган стрессни енгишга кўмаклашиш керак. Карантин таътилидан ке­йин бола мактабда ёмон баҳолар олиши мумкин. Бундай ҳолатда унга танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Доимий танбеҳлар сабаб ўғлингиз ёки қизингизнинг ўзига, кучли томонларига бўлган ишончини йўқотишига йўл қўйманг. Фарзандингизнинг соғлиғини кузатиб боринг ва агар унда касаллик белгилари (юқори тана ҳарорати, ҳансираш, йўтал, ҳид ва таъм сезмаслик, қоринда оғриқ, ич кетиши) пайдо бўлса, уни таълим муассасасига юборманг. Шунингдек, фарзандларингизга қуйидаги гигиена қоидаларини ўргатинг:
– қўлларини совун ва тоза сув билан тез-тез ювиб туриш;
– совун ва сув бўлмаса, қўллар учун спирт асосидаги дезинфекция воситасидан фойдаланиш (спирт миқдори камида 60 фоиз бўлиши керак);
– фақат тоза ичимлик сувидан фойдаланиш;
– жамоат ҳожатхоналари ҳамда уй ҳожатхоналарининг тозалигига эътибор бериш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиш;
– чиқиндиларни хавфсиз ҳамда тўғри йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш кўникмалари;
– нафас олиш гигиенасига риоя қилиш: йўтал ва аксирганда оғиз-бурунни мато ёки тирсак ёрдамида тўсиш;
– кафт билан юзга, кўзларга, оғиз ва бурунга тегмаслик.
Бундан ташқари, фарзандларингизни бир-бирига эътиборли бўлишга ўргатинг, улар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликнинг олдини олиш чораларини кўринг. Таълим муассасаси маъмурияти ва педагоглари билан маълумот алмашиниш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг.

– Турли инфекциялар авж оладиган куз фаслида ўқувчилар нималарга амал қилишлари лозим?
– Дарҳақиқат, куз фаслида ўткир вирусли инфекциялар авж олади. Бу пайтда ўқувчилар турли инфекциялар юқишининг олдини олиш ва касал бўлиб қолган пайтида эса, бошқаларни грипп, коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялардан ҳимоя қилиш учун респиратор гигиена қоидаларига амал қилиши керак. Яъни қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш, овқат қилиш давомида, ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки ҳайвон олдидан келгач қўлларни ювиш лозим. Юзни қўл билан кўп ушламаслик керак. Имкон қадар театр, кинотеатр, аэропорт, вокзал, бозор ва катта дўконлар, умуман, кўп одам йиғиладиган жойларга боришни камайтириш лозим.
Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз билан бурунга букилган тирсак, енг ёки салфеткани тутинг. Ундан кейин салфеткани дарҳол ахлат идишига ташланг ва қўлингизни ювишни унутманг.
Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқада бўлишдан чекланиш лозим. Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолиш ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш шарт. Ушбу касалликларнинг қўзғатувчилари жуда юқумли бўлиб, асосан, ҳаво томчилари орқали юқади. Шу сабабли синфхоналарни, албатта, тез-тез шамоллатиш зарур ҳисобланади.

– Қандай хасталикка чалинган ёки сурункали касалликлари бор ўқувчиларга онлайн таълим олишни тавсия қиласиз?
– Бу ҳолатда боланинг саломатлик кўрсаткичларига эътибор берилади. Саломатлик кўрсаткичлари 5 та гуруҳга бўлинади.
1-гуруҳ. Бунга сурункали касалликларга чалинмаган, текшириш пайтида бирон-бир касаллик аниқланмаган ва ўз ёшига мувофиқ жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан ривожланган соғлом болалар киради.
2-гуруҳ. Сурункали касаллиги бўлмаган, лекин айрим морфофункционал нуқсонлари бўлган ҳамда тез-тез (бир йилда 4 марта) дардга чалиниб турадиган болалардан ташкил топган.
3-гуруҳ. Сурункали касаллиги бор ёки компенсация даврида патологик ҳолати оғир бўлмаган, умумий ўзини ҳис этиши меъёрида бўлган болаларни бирлаштиради.
4-гуруҳ. Сурункали касалликлари бор, субкомпенсация даврида умумий ҳолати бузилган, ўзини ёмон ҳис эта бошлаган, ўткир юқумли касалликлардан сўнг тузалиши кечиккан болалар.
5-гуруҳ. Декомпенсация даврида бўлган, оғир сурункали касалликларга чалинган, камҳаракат, болалар муассасаларига қатнай олмайдиган ногирон болалардан иборат.
Саломатлик гуруҳини аниқлашда бола саломатлиги ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш зарур.
Қоидага мувофиқ, 1- ва 2-гуруҳдаги болалар умумий болалар муассасаларига қатнайди.
Онлайн таълим олиш учун асосан 3-, 4- ва 5-гуруҳдаги сурункали касалликлари бор, ушбу касалликларнинг зўриқиш даври аниқланган болаларга тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёл таомномаси: бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш зарур?

– Агар ўқувчи ёки ўқитувчида коронавирус аниқланса, касалликнинг кенг тарқалмаслиги учун, биринчи галда, қандай чора-тадбирларни амалга ошириш зарур?
– Ўқувчини мактабга қабул қилиб олишдан аввал тиббий ходим орқали ўқувчиларнинг оила аъзолари саломатлиги ҳолати, оиласида юқумли касаллик билан оғриган, клиник белгилари намоён бўлаётганлар бор ёки йўқлиги сўраб суриштирилади, эпидемиологик тарихи тўпланади (тана ҳароратининг 37 градусдан ошиши, кўнгил айниш, йўтал ва ЎРИнинг бошқа белгилари).
Агар ўқувчи ёки ўқитувчи мактабда ўзини яхши ҳис қилмаса, унда «COVID-19»нинг одатий аломатлари бўлса, бошқа одамлардан алоҳидалаш керак. Вирус юқтирган ўқитувчи ёки ўқувчи билан алоқада бўлган барча юзалар, шу жумладан, барча сиртлар ва буюмлар, ҳожатхоналар, эшик тутқичлари ва телефонларни тозалаш керак. Тозалаш учун дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Агар ўқувчи ёки ўқитувчининг аҳволи ёмонлашса (тана ҳарорати кўтарилса, ЎРИ аломатлари аниқланса), изоляторга жойлаштирилади. Изолятор хонаси бўлмаган тақдирда, ўқувчи ёки ўқитувчи ҳамширанинг хонасига ёки изоляция учун мўлжалланган бошқа хонага жойлаштирилади. Шошилинч тиббий ёрдам чақириш ва Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмаларига маълумот етказиш керак бўлади.
Профилактик чора-тадбирлар қаторида ўқувчилар ёки ўқитувчиларнинг қўлларига гигиеник ишлов бериш жадвалини ишлаб чиқиш (ҳар соатда қўлларни совун билан ювиш ёки антисептик спиртли эритмалар билан ишлов бериш), ҳар овқатдан олдин ва ҳожатхонага боргандан кейин, ҳар бир машғулотдан кейин қўлларни совун ёки антисептик воситалар билан ювиш лозим ҳисобланади.
Бир мартали ишлатиладиган қоғоз сочиқлардан фойдаланиш тавсия этилади. Қоғоз сочиқлар, бир марта ишлатиладиган салфеткалар билан таъминлаш имконияти бўлмаган тақдирда, ҳар куни ўзгартириладиган ва бир-биридан 25-30 см. масофада осилган, қайта ишлатиладиган индивидуал сочиқлардан фойдаланиш талаб қилинади.
Машғулотлар вақтида гуруҳларда камида ўқувчилар орасидаги 1,5-2 метр масофа таъминланади. Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида узоқ муддатли тўғридан-тўғри жисмоний алоқалар чекланади ҳамда машғулотлар давомида турли гуруҳлардаги ўқувчиларнинг ўзаро алоқаси ва аралашишига йўл қўйилмайди.

– Маълумки, касалликка чалинмаслик ёки уни енгил ўтказишда иммунитет муҳим ўрин тутади. Шу маънода ўқувчиларнинг овқатланиш рациони қай тартибда бўлиши керак?
– Мактаб ўқувчиларидаги заиф иммунитет кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс натижасида юзага келади. Келинг, ушбу омилларни кўриб чиқайлик.

Психологик ҳолат ва болалар иммунитети

Яна ўқинг:  Болаларда ясси товонлик

Уйдаги ижобий психологик микроиқлим болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Сиз болага баланд овозда гапирмаслигингиз, тез-тез танбеҳ бермаслигингиз керак. Бундан ташқари, уйда юқори даражадаги стресс, иммунитет ҳужайраларига ҳужум қиладиган кортизол гормонини ишлаб чиқаришни кўпайтириши мумкин. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини барқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари бу дўстлари билан учрашиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан фильм томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабилардир.

Соғлом уйқу ва кун тартиби

Мактаб ўқувчиларининг организми маълум ритмларга мослашади. Шунинг учун ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш яхшироқдир. Турли ёшларда эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт мавжуд. Кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00 да ётиши ва эрталаб соат 7:00 да туриши керак, каттароқ ўқувчилар кейинроқ, соат 22:00 да ётишлари мумкин. Тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм тезроқ бўлади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади. Дарвоқе, тоза ҳаво олиш – бу иммунитет тизимини кучайтиришнинг ишончли усули ҳисобланади. Бола кунига камида 2 соат очиқ ҳавода бўлиши керак.

Овқатланиш рациони

Мактаб ўқувчилари орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб боряпти. Ярим тайёр фасфуд таомлар ва ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган оғир юклама кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилади. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифалари турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи иммунитетининг мукаммал бўлиши учун қуйидаги соғлом овқатланиш қоидаларига амал қилиш лозим ҳисобланади.

  1. Мактаб ёшидаги болалар турли овқатларни истеъмол қилишлари керак. Боланинг кундалик рационида тахминан 15 турдаги озиқ-овқат бўлиши, бир ҳафта давомида таомнома камида 30 хил овқатни ўз ичига олиши керак.
  2. Боланинг овқатланишида ҳар куни қуйидаги озуқалар бўлиши керак: гўшт, сариёғ, сут, нон, ёрмалар, янги сабзавот ва мевалар, шунингдек, балиқ, тухум, сметана, творог ва бошқа ферментланган сут маҳсулотлари.
  3. Бола кунига камида 4 марта овқатланиши лозим. Соат 7:30-8:00 да нонушта (уйда, мактабга кетишдан олдин), 10:30-11:30 да мактабда иссиқ нонушта, 14:00-15:00да мактабда тушлик ёки уйда 19:00-19:30 да кечки овқат.
  4. Йодланган тузни доимий истеъмол қилиш шарт.
  5. Овқатланиш қулай шароитда амалга оширилиши керак.
  6. Агар болада тана етишмовчилиги ёки ортиқча вазн бўлса, овқатланишни созлаш учун шифокорнинг маслаҳати зарур.
  7. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда тузатилиши талаб этилади.
  8. Сув ичиш режимига ҳам амал қилиш керак.
    Тўғри овқатланишни ташкил қилишда биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Боланинг қандай озиқ-овқат истеъмол қилиши муҳим эмас, чунки овқатланиш мувозанатли бўлади. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак.
    Боланинг кунлик таомномасида, юқорида айтиб ўтганимиздек, сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, кўкатлар, балиқ ва гўшт бўлиши керак. Иммунитетни оширишга табиий антиоксидант бўлган асал ва вирусларга қарши самарали курашадиган саримсоқ ёрдам беради. Сабзавотларда фолат миқдори кўп, бу эса инфекцияларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ. 
Яна ўқинг:  Қачон ва қандай ухлаш лозим?

– Бугунги пандемия нафақат катталар, балки болалар руҳиятига ҳам салбий таъсир этмоқда. Ушбу ҳолатда ота-оналар ва ўқитувчилар нималарга эътибор беришса, мақсадга мувофиқ бўлади?
– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан тиббиёт ходимлари ва ота-оналарга ҳозирги касаллик авж олган пайтда болаларни тинчлантириш ва ҳимоя килишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, ота-оналар қуйидаги тавсияларга амал қилишса, фарзандлари руҳиятига таъсир қилиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олса бўлади.
Биринчи навбатда, боланинг ҳар бир қилаётган ишига ижобий жавоб беринг. Уни нима ташвишга солаётганини билинг ва уни ўз муҳаббатингиз ва эътиборингиз билан қамраб олинг. Айниқса, оғир дамларда болага эътибор зарур. Шунинг учун уларга эътиборингизни одатдагидан кўпроқ қаратинг. Фарзандингизга қулоқ солинг, унга меҳр кўрсатиб, далда беринг. Болани чалғитиш учун турли ўйин ва қизиқарли тадбирларни қўллашга ҳаракат қилинг.

Имкон қадар, болаларни ота-оналари ва бошқа оила аъзоларидан ажратмаслик тавсия этилади. Агар бунинг иложи бўлмаса (масалан, касалхонага ёткизиш ҳолатларида), боланинг оиласи билан доимий мулоқотини (масалан, телефон орқали) таъминлаш керак.

Очиқ саволлар беринг ва тингланг
Фарзандингизни ушбу пандемия мавзусини муҳокама қилишга таклиф қилинг. Бу борада нималарни билишини сўранг ва жавобини тингланг. Вазиятдан фойдаланиб, ҳолатни боланинг ёшига мос келадиган тилда тушунтиринг, гигиена қоидалари тўғрисида эслатиб ўтинг.
Хавфсиз муҳитда эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг ва болага эркин гапиришига имкон беринг. Расмлар, ҳикоялар ва бошқа қизиқарли усуллар фарзандингиз билан очиқ суҳбат қуришга ёрдам беради. Энг муҳими, тушкунликка тушишига йўл қўйманг.

Фарзандингизга қандай ҳимояланиш кераклигини кўрсатинг

Болаларни коронавирус ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши усулларидан бири доимий қўлларини ювишни рағбатлантиришдир. Қўл ювиш қоидаларини ўргатиш қизиқарли бўлиши лозим.
Шунингдек, сиз болаларга йуталганда ёки аксирганда тирсаги билан оғиз ёки бурунни қандай ёпиш кераклигини кўрсатишингиз мумкин ва бу аломатлар мавжуд бўлган одамларга яқинлашмаслик кераклигини тушунтиринг. Боладан иситма, йўтал ёки нафас қисилиши бор ёки йўқлигини сизга айтиб беришини сўранг.

Далда бўлинг
Телевидение ёки интернет орқали кўплаб ташвишли видеолавҳаларни кўрганимизда баъзида қийин аҳволга тушиб қоламиз. Болалар экрандаги лавҳа ва улардаги воқеаларни фарқлай олмасликлари ва хавф остида эканликларига ишонишлари мумкин. Сиз фарзандларингизга имкон қадар ўйнаш ва дам олиш имкониятини бериб, стрессни енгишга ёрдам беришингиз мумкин. Одатдаги кун тартибига иложи борича кўпроқ риоя қилинг.
Агар фарзандингиз ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, у уйда ёки касалхонада қолиши кераклигини тушунтиринг, чунки бу ўзи ва дўстлари учун хавфсиздир.

Раҳмдиллик ва сахийликни ўргатинг

Болалар меҳр ва сахийликни намоён этиб, одамлар бир-бирларига ёрдам беришини билиши жуда муҳимдир. Мисол учун, фарзандингизга соғлиқни сақлаш, таълим тизими ходимлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаётганлар ёки фаол ёшлар ҳақида гапириб беринг. Раҳмдил инсонларнинг коронавирус касаллигига қарши қилаётган саъй-ҳаракатларини билиши унга катта тасалли бўлиши мумкин.

Ўзингизга ғамхўрлик қилинг

Агар сиз ўзингизга ғамхурлик қилсангиз, яъни касалликдан ўзингизни ҳимоялаш чораларини кўрсангиз, болаларингизга энг яхши намуна бўла оласиз. Фарзандларингиз касаллик ҳақидаги ҳар қандай янгиликларга қандай муносабатда бўлишингизни тахмин қилишади. Шунинг учун ўзингизни хотиржам тутишингиз ва вазиятни бошқаришингиз уларга ёрдам беради.

Акмал ЭРГАШЕВ
суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: