Чурра туғма ҳолда учрайдими?

Аксарият оналар гўдаклардаги чурра (грижа)ни фарзандларининг кўп йиғлаганлиги учун пайдо бўлган деб ўйлашади. Бу фикр нотўғри. Чурранинг пайдо бўлиши бола йиғисига алоқадор эмас. Аксинча, 99 фоиз ҳолларда чурралар туғма ҳолда учрайди.

Маълумотларга кўра чақалоқлар 80 фоиз ҳолларда чов чурраси билан туғилади, 15 фоиз ҳолларда эса уларда киндик чурраси кузатилади. Шифокор олимларнинг кузатишларича, ирсий мойиллик, ҳомиладорлик даврида онанинг юқумли касалликларга чалиниши каби ҳолатлар чурра пайдо бўлишига имкон яратади. Шунингдек, ой кунига етмасдан туғилган гўдакларда чурра кўпроқ учрайди.

Аслида чурра танадаги аъзоларнинг ўзи жойлашиб турган бўшлиқдан шу бўшлиқ деворидаги нуқсонлар орқали тушиши (ёки чиқиши) дан содир бўладиган касалликдир. Киндик ва чов чурралари болаларда кўп кузатилади. Киндик ҳалқасидан чиқувчи қон томирлар атрофида ривожланишнинг тўхташи натижасида киндик ҳалқасининг ёпилмай қолиши киндик чурраси дейилади.

Қаттиқ боғланса, гўдакка азоб

 Киндик чурраси пайдо бўлганда қорин бўшлиғида босимнинг ортиши, кучли йўтал, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби ҳолатлар чақалоқни безовта қилади. Бу вақтда мушаклар таранглиги сусайиб, рахит ва гипотрафия (озиб кетиш) ҳам яққол намоён бўлади.

Айрим оналар боланинг киндик чуррасини дока ёки бинт билан маҳкам боғлаб қўйишади. Бу боланинг соғлигига хавф туғдириши ҳам мумкин. Чунки эмизикли чақалоқлар паст диафрагма билан нафас олишади. Уларнинг қорни қаттиқ боғлаб қўйилганда эса нафас олиш оғирлашиб, гўдак жуда қийналади.

Баъзи бир оналар эса чурра устига тангани ёпиштириб боғлайдилар. Афсуски, бу усул ҳам ҳеч бир самара бермайди. Умуман фарзандида чурра бўлганда оналар ўз-ўзича даво усулларини қўлламасдан, балки педиатр – шифокор ва болалар жарроҳи билан маслаҳатлашиб иш тутишлари зарур. Чунки чуррани тузатишда баъзан махсус гимнастика ва уқалаш муолажалари ҳам ёрдам беради.

Ўз-ўзидан тузалади, деманг

 Ҳар қандай чуррада чурра дарвозаси (ички аъзоларининг бўшлиқдан чиқадиган жойи), чурра халтачаси (қорин пардасининг бевосита чурра дарвозасидан чиқадиган қисми) бўлади.

Агар чурра каттароқ бўлса, тери чўзилиб, юпқалашади. Оналар чуррани бола туғилганидан 2-3 ҳафта ўтгач, аниқлашлари мумкин. Бундай бола доим безовталаниб йиғлайди, йиғиси кучайганда киндиги бўртиб туради. Бола тинчланганида эса бўртган жой асл ҳолига келади.

Маълумки, чурранинг энг хавфли асорати унинг қисилишидир. Лекин киндик чурраси камдан-кам ҳолатларда қисилади. Унутмангки, гўдак ҳаётининг дастлабки йилларида чурра ўз-ўзидан ҳам тузалиши мумкин. Яъни, бола ўсиб, мушаклари ривожланаётганда киндик ҳалқаси беркилади.

Айрим вақтларда эса киндик чурраси бола уч ёшга тўлганда ҳам ёпилмайди. Агар шундай бўлса, кичкинтой стационар шароитида даволанади, умумий оғриқсизлантириш усули қўлланиб, киндик ҳалқасини сақлаб қолган ҳолда чурра халтачаси олинади ва чурра дарвозаси ёпилади.

Яна ўқинг:  «Кесарча» йўли билан фарзанд кўрган аёлга табиий туғуруқ ман этиладими?

Операция ўтказилгандан сўнг еттинчи куни чоклар олиб ташланади ва болага махсус парҳез та­йинланади.

Қоринда пайтидаёқ авайланг

 Кўпгина туғма дардлар, айниқса, чурралар бола она қорнида пайтидаёқ пайдо бўлади. Онанинг ҳомиладорлик пайтида шикастланиши, юқумли хасталиклар (айниқса, грипп) билан оғриши ва қалтис ҳаракатлар қилиши туғилажак болада турли нуқсонларни вужудга келтиради. Шунинг учун ҳам ҳомиладор аёллар соғлом турмуш тарзига амал қилишлари керак. То бола туғилгунича бандаж тақиши, жисмоний машқлар билан шуғулланиши, жуда озиб ё семириб кетишга йўл қўймаслиги зарур.

Бордию чақалоқ ҳаётининг дастлабки пайтларидаёқ чурраси аниқланса, оналар шифокор билан маслаҳатлашиб, уй шароитида уқалаш машқларини ўтказишлари мумкин. Бу қуйидагича бажарилади:

– ўнг қўлингиз кафтини бола қорнига шундай қўйингки, ўрта бармоқ киндикка қаратилган бўлиб, кўрсаткич ва номсиз бармоқ унга ёпишиб турсин, бармоқларингизни секингина босиб, чапга ва ўнгга ҳаракатлантиринг;

– киндик халқасини ўнг қўлингиз кафти билан соат миллари бўйлаб уқаланг;

– иккала қўлингизнинг тўрттала бармоқларини киндик халқаси бўйлаб узунасига уқаланг, бунда бир қўл юқорига ҳаракатланаётганда, иккинчи қўл пастга қараб силжиши лозим;

– уқалашни бола овқатланишидан олдин кунига 2-3 марта такрорланг, ҳар битта машқни 20 мартадан бажаринг.

Асосий маслаҳатлар

 Киндик чурраси ёпилишига оналарнинг ўзлари ҳам кўмаклашиши фойда беради. Шу хусусда бир неч­та тавсиялар берамиз.

Бола ухлаётганда киндик чуррасининг иккала томон терисини қўлингиз билан йиғиб, бир-бирига яқинлаштиринг ва пластир ёпиштириб қўйинг.

Айрим болаларнинг териси жуда таъсирчан бўлиб, пластир ёпиштирилган жой қизариб кетади. Бундай вақтда пластирни кунора қўллаш ва пластир олингач, жойига витаминли крем суртиш лозим.

Чақалоқни йўргаклашдан олдин 2-3 дақиқа қорни билан ётқизинг. Унинг қорин девори мушакларини мустаҳкамлаш учун киндик халқаси атрофларини қўл учлари билан енгил силаб-сийпаланг.

Чурраси бор гўдакларни ўз вақтида овқатлантиришга қатъий риоя этинг. Агар уларда рахит ва гипотрафия ҳам ривожланаётган бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб, амбулатор шароитида муолажа олинг.

Умуман киндик чурраси пайдо бўлганда болани консерватив даволаш ёки операция қилиш хусусида шифокорлар билан тезроқ маслаҳатлашган маъқул. Даво қанчалик барвақт амалга оширилса, фойдаси шунчалик самарали бўлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: