Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?

Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан
баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли ва мазмунли ўтказиш ҳар бир ўсмирнинг ҳаракати, интилиши ва қизиқувчанлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу борада атроф-муҳит, маҳалла, мураббий, ота-она, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг роли катта бўлмоғи лозим.

Ўсмирларнинг дарсдан ташқари бирор нарсага қизиқиши – «хобби»си ўқувчилик чоғларидаёқ уйғонади. Уларни ўзлари севган машғулотларидан завқлантира билиш, секин-аста ҳаёт жараёнига, кундалик турмушга олиб кириш, иштиёқини ошириш, йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бериб бориш лозим. Масалан, бадиий ва бошқа турдаги адабиётларни харид қилиб олиш ҳисобига шахсий кутубхонасини бойи­тиш ёки бўлмаса почта маркалари, турли ёрлиқ, нишон ва шу каби ўзини қизиқтирган нарсалардан коллекция тўплаш ва кўпайтириб бориш мақсадга мувофиқдир. Йиғилган коллекция бир-биридан фарқ қилиши, ўхшамаслиги, агар маълум соҳага ёки мавзуга оид бўлса янада характерли ва эътиборга лойиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Ғаллаорол туманидаги Муллабулоқ қишлоғида истиқомат қилган, марҳум Абдуқодир Сангировнинг уйи кичик музейни эслатади. Бу ерда араб ва лотин алифбосида чоп этилган адабиётлар, газета ва журналлар таҳламлари ҳозирги кунгача сақланади. Қўйтошлик Саидолим Пирмуҳамедов болалик йилларида фалаж касаллигига чалиниб, тўшакда ётиб қолади. Лекин у бир дам ҳам тушкунликка тушмасдан тиним билмай китоблар мутолаа қилиб борди, улар орқали иродасини тоблади ва ҳаётнинг нақадар гўзал ва ширин эканлигини англади. Шахсий кутубхонасида икки мингга яқин турли адабиётлар мавжуд. Ҳозирда қишлоқ аҳли унинг бадиий китобларидан баҳраманд бўлиб келишмоқда.
Шу туманда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийларидан Қўниш Тўхтамишев, Анвархон Ибодуллаев ва Абдулҳаким Шакарбоевларнинг ҳар бирида 1200-1300 нусхадан турли адабиётлар мавжуд бўлиб, китобхонлар улардан баҳоли қудрат фойдаланиб келишмоқда.

Республикада ҳизмат кўрсатган қурувчи Ўришбой Мажидов кўпдан турли адабиётларни тўплаб келади. Унинг кенг ва ёруғ хонадонида 10 мингдан зиёд китоби бўлиб, шундан 7,5 мингтаси бадиий адабиётлар ҳисобланади. Зарбдор туман Бўстон шаҳарчасидаги «Шодлик» маҳалла аҳолиси бу хонадондаги бадиий асарлардан фойдаланиб туришади.

Ўқув даргоҳимизда ташкил этилган сурат ва фотолар кўргазмасини севмайдиган, ундан ҳайратланмайдиган ўсмир бўлмаса керак. Бу орқали уларга гўзаллик, матонат, чинакам дўстлик ва бахт-саодат туйғулари сингдирилади. Санъат асари қайси кўринишда бўлмасин ҳис-туйғуларимиз, руҳиятимизга таъсир этувчи маънавий гўзаллик сифатида намоён бўлади.

Кундалик турмушимиз завқли, гўзал ва ранг-баранг. Биз ўқувчиларимизни қанчалик фойдали ишларга ундасак, қизиқувчанлигини ошира борсак, уларга гўзалликнинг маълум бўлмаган қирралари, сир-синоатлари намоён бўлаверади. Болани ниҳолга менгзай­миз. Ниҳол тупроқдан, сувдан озуқа олиб, баравж ривожланади. Ўсмир ҳам атроф­даги гўзалликлардан баҳраманд бўлиб борса, яхши илғаб завқлана олса, уни билим олиш ва меҳнат жараёнига, кундалик ҳаётига олиб киролса, изланса, фикр доираси бойиб, кенга­йиб боради. Бу билан у келгусида орзу-мақсадларининг рўёбга чиқишига пухта замин ҳозирлаган, маънавий оламини бойитиб борган бўлади. Биз, педагоглар ўқувчиларимизни ана шундай фойдали юмушларга жалб қилсак, даъват этсак олдимиздаги бурчимизни оғишмай бажарган бўламиз.

Марғуба МАҲМУДОВА,

Яна ўқинг:  Дам олиш маданияти. Cиз уни қандай тушунасиз?

Ғаллаорол туманидаги 22-умумтаълим

мактабининг олий тоифали ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: