Хасталикка беэътибор бўлманг

Кун совий бошлагач иммунитети паст одамларнинг ташқи муҳит ва об-ҳавога мослашиши қийинроқ кечади.

Чунки куз ва баҳор ойларида инсон организмида хилтлар қўзғалиб, сурункали касалликлар безовта қилади. Чиниққан ва соғлом одамлар эса бундан мустаснодир. Баъзан грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)ларнинг асорати сабабли ҳам синусит каби хасталик ривожланиши мумкин.

Бугунги мавзу лор (томоқ, қулоқ, бурун) соҳаси касалликлари жумласига кирувчи ушбу хасталик ҳақида бўлади.

Синусит ҳақидаги мақолани бошлаш учун қисқача қилиб одам анатомиясига мурожаат қиламиз. Бурун орқали нафас олганимизда ташқаридан бурун бўшлиғига кирган совуқ ҳаво тана ҳарорати даражасида исийди. Шундай қилиб совуқ ҳаво бурун катаклари орқали ўтганида унинг ичидаги бўшлиқлар орқали ҳаракатланади. Бу қўшимча бўшлиқларда ўзига хос суюқлик яъни, шилимшиқ мавжуд. Уларнинг физиологик вазифаси нормал нафас олишга ёрдам бериш билан чегараланмайди. Бир қатор функционал вазифаларни бажариши баробарида бурун бўшлиқлари бош миянинг ички қатламларидаги бўшлиқлар билан атмосферадаги босимни ўзаро баробарлашишига ёрдам қилади. Бурун бўшлиқларининг яллиғланиши тиббий тилда “синусит” деб аталади.

Одамда жами тўртта бурун бўшлиғи бор. Улар гаймор, пешана суягининг ички юзасидаги, асосий (понасимон) ва панжарасимон бўшлиқларга бўлинади. Юқори жағ суяклари соҳасида жойлашган Гаймор бўшлиқлари энг катта бўшлиқ бўлиб уларнинг ҳар бири ҳажм жиҳатидан тахминан 30 см. кубдан иборат. Шу сабабли бўлса керак, тиббий амалиётда синуситнинг алоҳида тури – гайморит жуда кўп учрайди.

Физиологик нуқтаи назардан олинса, ёш болаларда Гаймор бўшлиқлари 7 ёшга бориб тўлиқ шаклланади. Ёш болаларда асосан этмоидит ёки фронтит каби касалликлар ривожланади. Баъзи бир вақтларда касаллик жуда авж олиб кетса, полисинусит (барча бурун бўшлиқларининг бирданига яллиғланиши) кузатилиши мумкин. Бундай ҳолларда энг аввало, касаллик этмоидит яъни, панжарасимон суяк бўшлиқларида юз беради. Кейин бурун олди бўшлиқлари (гайморит), ундан кейин пешана суяклари соҳасидаги бўшлиқнинг яллиғланиши – фронтит ҳамда понасимон cуяк бўшлиқларида касалликнинг ривожланиши – сфеноидит ривожланади.

Физиологик жиҳатдан олганда, бурун бўшлиғининг асосий камчилиги шуки, уларнинг ҳажми нисбатан анча катта бўлгани ҳолида организмда йиғиладиган турли суюқларни ташқарига чиқариш мумкин бўлган тешикчалар жуда кичик ҳажмга (1-3 мм.) эга. Шунинг учун бурун тешиклари соҳасида шиш пайдо бўлса, тешикчаларнинг оғзи ёпилиб, бу соҳада йиғилиб қолаётган суюқликнинг ташқарига чиқиб кетиши қийин бўлади. Бунинг оқибатида касаллик ривожланади.

Яна ўқинг:  Бош мия қон томир касалликлари: наслий мойиллик мавжудми?

КАСАЛЛИК РИВОЖЛАНИШИНИНГ САБАБЛАРИ

Аксарият ҳолларда синусит охиригача даволанмаган грипп ёки ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) ларнинг асорати сифатида ривожланади. Бундан ташқари организмдаги айрим физиологик нуқсонлар (масалан, бурун ички деворининг қийшиқлиги), сурункали ёки вазомотор ринит ҳам синуситнинг ривожланишига сабаб бўлади. Кўпчилик ҳолларда аденоидлар ёхуд юқори жағ тишлари илдизининг яллиғланиши ҳам синуситни келтириб чиқаради.

Касалликнинг илк босқичида иммунитетнинг пасайиб кетиши, совқотиш ёҳуд аллергия сабабли бурун бўшлиғига турли микроорганизмларнинг тушиши ҳам сабаб бўлади. Уларнинг таъсирида бурун бўшлиғида суюқлик йиғилиб, шиш пайдо бўлади. Организмга тушган микроблар тез кўпаяди. Уларнинг фаолияти натижасида юзага келган йиринглаш жараёнлари тезда организмга салбий таъсир кўрсатади.

Синусит ўз вақтида тўлиқ даволанмаса, касаллик сурункали тус олади. Бундай ҳолатларда беморнинг тинкасини қуритган касаллик аломатлари – бош оғриғи, бурун битиши нисбатан йўқолгандек туюлади. Аммо уларнинг ўрнида аксарият ҳолда уларга қўшимча равишда томоқ соҳасининг қичиши, ютинганда оғриқнинг пайдо бўлиши, томоқнинг қуриб қолиши каби янги аломатлар пайдо бўлади.

Баъзи бир ҳолларда касаллик клиник аломатларсиз ривожланиб, узоқ йиллардан сўнггина аниқланиши мумкин. Шу ўринда ота-оналарга алоҳида эслатиб ўтмоқчимизки, ўз вақтида яхшилаб даволанмаган синусит сурункали тус олса, вақти келиб унинг асорати сифатида юрак-қон томир, буйрак тизими, жигар ва ўпкаларда касаллик келтириб чиқариши мумкин.

СИНУСИТНИНГ КЛИНИК АЛОМАТЛАРИ

Одатда фасллар алмашинуви ёки совуқ тушиши билан одам организмида тумов кузатилиши мумкин. Бироқ, оддий кўринган тумов 7-10 кун давомида ҳам ўтиб кетмаса дарҳол шифокор ҳузурига боринг.

Синуситнинг ривожланишидан қуйидаги аломатлар дарак беради:

– нисбатан узоқ вақт давом этаётган тумов туфайли бурун бўшлиғидан йирингли суюқлик ажралиб чиқиши;

– бурун билан нафас олиш қийинлашиб қолиши (галма галдан ўнг ва чап томондаги бурун бўшлиқларининг битиб қолиши);

– томоқ соҳасининг қичишиб туриши;

– бемор йўталиб, тупурганда шилимшиқ ёки йиринг аралаш суюқлик ажралиб чиқиши;

– яллиғланган бурун бўшлиғи, баъзида оғриқ тишлар, кўзлар, жағлар, лунжлар, соҳасида оғирлик ва оғриқ ҳис қилиниши;

– касалланган юз соҳасида терининг сезувчанлигининг кескин кучайиши;

– тана ҳарорати 38 даражадан ошиб кетса (одатда бундай аломат касаллик ўткир тусда ривожланса кузатилади), сурункали синуситда тана ҳарорати субфебрил яъни, 37-37.5 даража бўлади;

Яна ўқинг:  Уйқусизлик кичкинтойларда иммунитет пасайишига олиб келиши мумкин

– беморда ҳолсизланиш, хотиранинг пасайиши ва иштаҳанинг пасайиши, ёш болаларда эса овқатланишдан бош тортиш, шунингдек, уйқунинг бузилиши, тажанглик ҳамда ёруғликдан чўчиш, йиғлоқилик кузатилади;

– ҳид билиш хусусиятининг пасайиб кетиши ёки бутунлай йўқолиши ҳам ушбу касалликка хос аломатдир;

– лунж ва кўз қовоқларининг шишиб кетиши.

Боланинг бошини олдинги эгсангиз касаллик аломатлари кескинроқ ифодаланади. Оғриқ ҳисси ўчоқли (айнан бир соҳага тааллуқли) хусусиятини йўқотиб бутун бош соҳасида кузатилиши мумкин.

Касалликни даволаш учун бурун бўшлиқларининг ташқи тешикларини очиб, йиғилиб қолган суюқликни чиқиши учун имконият яратиш зарур. Шифокор тавсиясига кўра беморга қон томирларини торайтирувчи дори-дармонлар тайинланади. Бундай дориларни бурун бўшлиғига томизиш керак бўлади. Бунинг учун болани ётқизиб бошини орқа томонга эгиш лозим. Фақатгина бир томондаги бурун бўшлиғи яллиғланган бўлса, дорини айнан шу томондаги бурун катагига томизинг. Организмнинг умумий қувватини оширувчи комплекс даво муолажалари жараёнида антибактериал ва аллергияга қаши дори воситалари ҳам тавсия этилади. Хасталик авж олган бўлса, шифокор томонидан антибиотик дорилар ҳам тайинланади.

Диққат! Ҳар қандай хасталикда беморлар ўзбилармонлик билан даволанмасликлари зарур. Чунки, ҳар бир организм индивидуал хусусиятга эга. Касаллик ўз вақтида даволанмаса, сурункали тус олади ва ўзидан турли асоратлар қолдиради. Бу эса беморнинг аҳволини яна оғирлаштириши мумкин. Шу сабабли ҳар қандай касалликнинг илк белгилари намоён бўлиши билан ўз вақтида мутахассис – шифокорга мурожаат этиш Сизнинг дарддан тезроқ соғайишингизни кафолатлайди.

Ҳалима Шукур қизи тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: