Қандли диабет ва халқ табобати

Қандли диабет хасталиги организмда углеводлар ва сув алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқади. Бунга сабаб эса меъда ости бези фаолиятининг бузилишидир.

Бу без инсулин номли гормон ишлаб чиқаради. Меъда ости безининг Лангерганс оролчаларидаги инсулин ишлаб чиқарувчи В (бетта) ҳужайраларининг етишмаслиги ёки уларнинг йўқлиги қандли диабетни келтириб чиқаради. Хасталикка ирсий мойиллик мавжуд.

1869 йилда олим П.Лангерганс меъда ости безини анча мукаммал ўрганди.

Организмда инсулин етишмаганда жигар ва мушакларда углевод гликогенга айланмайди. Натижада тўқималарда углеводнинг оксидланиши ва ундан қувват ишлаб чиқарилиши бузилади. Беморлар қувватсизлик, тез чарчаш, озиб кетиш ва чанқаш, шунингдек, кўп пешоб ажратишдан териси қуриб, қичишидан шикоят қилишади. Қандли диабет икки хил бўлади: инсулинга боғлиқ (1-тур) ва инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет. Инсулинга боғлиқ бўлган қандли диабет билан 40 ёшгача бўлган беморлар оғрийди. Иккинчи тур қандли диабет инсулинга боғлиқ бўлмайди. Бу турдаги қандли диабет билан асосан 40 ёшдан ошган ва кекса беморлар азият чекишади. Қандли диабетни даволашда парҳез катта аҳамиятга эга ва албатта қондаги қанд миқдорини глюкомер тиббий асбоби билан ўлчаб туриш керак.

Ҳозирги даврда замонавий тиббиётда қандли диабет хасталигига асосан инсулин даво ҳисобланади. Ваҳоланки, табиатда одам танасига ижобий таъсир қилувчи шифобахш ўсимликлар борлиги ҳам маълум. Масалан, сачратқи, қоқи, ловия қўзоғи ва ҳакозо. Бу дардни даволашда баъзи ўсимликлар организмда моддалар алмашинувига ижобий таъсир этиб, танадаги заҳарли модда (токсин)ларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради. Шунингдек, халқ табобатида туя сути қадимдан қандли диабет билан оғриган беморлар учун шифобахш, тансиқ неъмат сифатида тавсия этиб келинган. Сабаби унинг таркибида жуда кўп миқдорда инсулинга ўхшаш протеин мавжуд. Швейцарияда туя сутидан шоколад тайёрланади. Аммо бу шоколад шўр таъмли бўлади. Арабистонда ундан какао, Ҳиндистонда эса музқаймоқ тайёрлашади. Туя сути таркибида В1, В2 витаминлари, темир , фосфор, олтингугурт, кальций моддалари мўл. Айниқса, С ва Д витаминлари туя сутида сигир сутига нисбатан уч баробар кўп. Сут шакари – казеин ва лактоза моддалари эса аксинча туя сутида кам миқдорда бўлади. Агар беморнинг иммунитети (организмнинг касалликларга чидамлилиги) паст бўлса ҳар куни 0,5 литрдан янги соғилган туя сутини оч қоринга ичиб юрсин. Кейин 4 соат ўтгач овқатланса бир ой ёки 40 кун ўтгач ўзида ижобий ўзгаришларни ҳис этади. Туя сутини истеъмол қилган даврда бемор аччиқ, шўр, дудланган ва турли консерва маҳсулотлари, шунингдек, спиртли ичимликларни ичиш, сигарет чекишдан тийилиши керак. Чунки, парҳез тутиш туя сутининг шифобахш таъсирини оширади. Дастлаб бу сутни истеъмол қилганда беморнинг ичини суриши мумкин. Яна қусиш эҳтимоли ҳам бор. Бу ҳолатда ҳам бемор сут ичишни тўхтатмаслиги керак. Организм бу вақтда танадаги ортиқча хилт (шлак)лар, токсин (заҳар)лардан тозаланаётган бўлади. Шунда ҳам ич кетиши тўхтамаса туя сутидан тайёрланган қатиқ ичиш керак.

Яна ўқинг:  Кальций етишмаслиги қандай белгилар билан намоён бўлади?

Қуйида биз қандли диабетни халқ табобати усулларида даволаш учун айрим тавсияларни берамиз:

1. Уч дона оқ ловияни қайнаб совиган 0,5 стакан сувга тунда ивитиб қўясиз. Эрталаб ловияни еб, сувини ичасиз.

2. Беш дона наъматак мевасини олиб, уни ёғоч ёки мис ҳавончада янчасиз, кукун ҳолига келгач, устига иссиқ сув соласиз. Сўнгра беш дақиқа наъматакни паст оловда милдиратиб қайнатасиз. Кейин ушбу шифобахш қайнатмани 4 соат давомида тиндириб қўясиз. Тайёр бўлган қайнатма докада сузиб олинади. Овқатланишдан 30 дақиқа олдин кунда тўрт маҳал бир ош қошиқдан қайнатма ичилади. Наъматак такибида С витамини кўп. Бу эса қон томирлар деворини мустаҳкамлашда ёрдам беради. Даво самарали бўлиши учун шифобахш қайнатмани бемор бир ой истеъмол қилиши зарур.

3. Янги сўйилган товуқ ёки хўрознинг ўти ҳам қондаги қанд миқдорини пасайтиради. Энг муҳими, парранда ёш ва соғлом бўлиши зарур. Ўт пуфагини чайнамасдан ютасиз. Агар сиз парранаданинг хом ўт пуфаги ва жигарини биргаликда ютсангиз бу сизнинг жигар фаолиятингизни ҳам яхшилайди. Бу анчайин ёқимсиз муолажа. Ойда бир марта шундай муолажани амалга оширсангиз самараси тезда кўзга ташланади.

4. Оқ қайин ғуддалари (баҳорда териб олинади ва дорихоналарда сотилади)дан тайёрланган тиндирмани кунда уч маҳал 1/3 стакандан ичиш даркор. Бунинг учун уч ош қошиқ оқ қайин ғуддасининг устига икки стакан қайноқ сув солинади. Кейин 6 соат давомида тиндириб қўйилади. Кейин сузиб олинади.

5. Кузда ачитилган карам тайёрлаб қўйинг. Фақат уни сирли кастрюлька ёки ёғоч бочкада сақлаш зарур. Шунда тузлама таркибидаги фойдали витаминлар, микро ва макроэлементлар парчаланиб кетмайди. Қишда ҳар куни ярим стакандан ачитилган карам сувини ичишингиз шарт.

6. Пиёз суви ҳам қандли диабетни даволашда яхши самара беради. Бунинг учун катта бир бош аччиқ пиёзни халқасимон тўғрайсиз. Сўнгра бир литрли банкага солиб, устидан қайнаган совуқ сув соласиз. Елим қопқоқ билан банканинг оғзини ёпинг. Сув банка қопқоғига тегмаслигига эътибор беринг. Бир кеча-кундуз илиқ жойда сувни тиндириб қўясиз. Кейин тиндириб олинган пиёзли сувни ҳар куни оч қоринга 50 граммдан ичасиз.

7. 40 грамм ёнғоқнинг ички қисмидаги пардасини оласиз. Унинг устига 0,5 литр қайноқ сув соласиз ва паст оловда бир соат давомида милдиратиб қайнатасиз. Сўнгра 15 мл.дан кунда уч маҳал ичилади.

Яна ўқинг:  КЎЗГА КЎРИНМАС ХАВФ

8. Ёнғоқ дарахтининг баргларидан чой дамлаб ичинг.

9. Наҳорда оч қоринга пўстлоғи билан газ печида димлаб пиширилган ўртача катталикдаги пиёз истеъмол қилинг. Димлаб пиширилган пиёз ширин таъмли ва юмшоқ бўлади. Бир ой давомида шу муолажани қўлласангиз қонда қанд миқдори аста-секин пасаяди. Шунингдек, ортиқча вазндан ҳам қутиласиз.

10. Эмалли идишга 100 грамм сулини ювиб соламиз. Унинг устига 3 стакан қайноқ сув қуйилади. Кейин 15 дақиқа давомида сув ҳаммомида сулини аралаштириб турамиз. Бунинг учун бошқа сирли идишга 4-6 қаватли пахта толали мато солинади. Устидан иссиқроқ сув қуйилади. Сўнгра шиша идиш ҳам иссиқ сувда чайилади. Шу идишга биринчи эмалли идишдаги сули солинади. Кейин иккинчи идишда паст оловда қиздирилади. Ундан сўнг тайёр бўлган сули дамламасини 45 дақиқа хона ҳароратида тиндириб қўямиз ва сузиб оламиз. Яна бу дамламанинг устига уч стакан қайнаган сув солинади. Сув совугач аралашма шиша идишга солинади. Оғзи маҳкам елим қопқоқ билан ёпилиб музлатгичда сақланади. Овқатланишдан олдин кунда 4 маҳал 0,5 стакандан илиқ ҳолда ичилади.

11. Қандли диабетнинг олдини олиш учун қуйидаги муолажани тавсия этамиз. Бир ҳовуч буғдой ювилади ва устидан 1 литр қайноқ сув солинади. Кечаси билан тиндириб қўйилади. Кун давомида ушбу тиндирма оч қоринга илиқ ҳолда ярим пиёладан ичилади. Муолажа 3 кун давом этади.

12. Икки ош қошиқ зиғир уруғи ҳавончада янчилади. Ундан майдаланган зиғирнинг устига 0,5 литр қайноқ сув қуйилади. Беш дақиқа давомида сирли идишда қопқоғи ёпиқ ҳолда қайнатилади. Оловдан олингач, қайнатма қопқоғи очилмасдан совитилади.

Чунки, совитилаётган пайти идиш қопқоғи очилса қайнатма юзасида парда ҳосил бўлади. Зиғир уруғи совугач, идиш тубига чўкади. Қайнатма илиқ ҳолда оч қоринга нонуштадан ярим соат олдин ичилади. Зиғирнинг уруғ қобиғи ич қотиши (қабзият)да фойдали. Қайнатма бир кунда бир маҳал ичилади. Муолажадан икки ой ўтгач, меъда ости бези фаолияти бир оз яхшиланади. Чунки, зиғир уруғидан тайёрланган дамлама организмда моддалар алмашинувини яхшилайди. Айниқса, бу қайнатма соғлиғи заиф кишилар ва кексалар учун фойдали. Инсулинга қарам бўлган 1-тур қандли диабет билан оғриган беморлар врач тавсияси билан ҳафтада бир марта инсулин миқдорини камайтиришлари мумкин. Парҳезга ҳам катта эътибор бериш зарур.

Яна ўқинг:  Ўсмирлик даври психологияси

Меъда ости бези фаолияти яхшиланганда бемор ўзини жуда оч қолганини ҳис этади ва юзи қизаради. Хаста киши оч қолдими, албатта, тезгина нимадир еб олиши керак. Зиғир уруғидан тайёрланган қайнатмани ярим йил давомида истеъмол қилинади. Меъда ости бези фаолияти аста-секин тиклангач шифокор лозим топса инсулинни бекор қилади. Шундан кейин ҳам зиғир уруғидан тайёрланган дамлама ҳафтада 4 марта бир йил давомида истеъмол қилинади.

13. Ушбу тиндирма сезиларли даражада қондаги қанд миқдорини камайтиради. Бунинг учун 1 кг лимон, 300 грамм саримсоқпиёз ва петрушка зарур бўлади. Лимон уруғидан тозаланади. Барча масаллиқ гўштқиймалагичдан ўтказилади. Тайёр бўлган аралашма икки ҳафта давомида шиша идишда оғзи ёпиқ ҳолда қоронғу ва совуқроқ жойда сақланади. Кейин эса музлатгичга олиб қўясиз. Овқатланишдан ярим соат олдин бир чой қошиқдан истеъмол қилинади.

14. Ернок (топинамбур) – тананинг умумий қувватини оширувчи хусусиятга эга. Бу шифобахш доривор восита мунтазам истеъмол қилинса, аъзоларга туз йиғилиши, инфаркт ва инсультнинг олдини олади.

Топинамбур қандли диабет, подагра, меъда-ичак тизими касалликлари, камқонлик, атеросклероз, буйрак ва пешоб йўлларида тош ҳосил бўлиши, семизлик, асаб касалликларининг олдини олишда жуда қўл келади. Ернок барги, картошкаси сархил ёки қуритилган ҳолда ишлатилади. Унинг 50 грамм картошкасини овқатланишдан олдин оч қоринга кунда 3 маҳал истеъмол қилиш зарур. Ёш ва сархил баргидан салат тайёрланса, нафақат қондаги қанд миқдорини камайтиради, балки гипертония, меъда ости безининг бошқа хасталикларини даволашда ҳам шифобахшдир. Картошкасидан сиқиб олинган шарбатини ҳам бир кунда бир неча марта ичиш мумкин. Унинг қуритилган илдизмеваси кукунидан олиб 3 ош қошиқ ёки сархилидан уч дона олиб 1-2 литр сувга соласиз. Қуритилган картошкасини бир соат, янгисини эса 10-15 дақиқа давомида қайнатасиз. Илиқ ҳолда оч қоринга кун давомида бир литр ичасиз. Бир ҳафтада 2-3 маротаба ушбу муолажани такрорлайсиз. Бу қайнатма меъда ости бези иш фаолиятини яхшилайди. Қондаги гемоглабин миқдорини ҳам оширади. Қон босимини туширади ва қанд миқдорини пасайтиради. Ернокнинг барги ва ёш новдасидан, шунингдек, 3-5 дона қорағат (смородина) барги ва ёш новдалари, олча, ялпиз баргларини қўшиб устига 1 литр қайнаб турган сув қуйилади ва 10-15 дақиқа ўраб қўйилади. Кун давомида ушбу қайнатма ичилади. Бундан ташқари ернок қовуриб, қайнатилиб ва димлаб, шунингдек, буғлаб ҳам пиширилади. Ундан салат ҳам тайёрлаш мумкин.

Бир сўз билан айтганда “Табиатнинг ўзи табиб”.

Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: