ЮКСАЛИШ СИРЛАРИ

Ёки замонавий персонология фани хусусиятлари

Ҳар бир инсон ўз ҳаёти мобайнида мунтазам равишда шахс сифатида юксалиб боришни хоҳлайди. Бундай интилиш инсоннинг ички табиатида мавжуд. Бунинг учун соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш баробарида бошқа билимлардан ҳам фойдаланиш зарур. Дунёвий ва диний илмлар билан бир қаторда психология фани шулар жумласидандир. Психологиянинг махсус «шахсни юксалтирувчи психология» деб номланган йўналиши мавжуд бўлиб, у ХХ асрда ниҳоятда ривожланди. Кўплаб янги шахс назариялари яратилди. Шахсни янада чуқурроқ ва батафсилроқ ўрганишга бағишланган янги персонология («персон» – шахс ва «логия» – фан сўзларидан олинган) фани шаклланди. Ҳозирги даврда ушбу фанга доир инсон онгости ижобий (позитив) захираларининг хусусиятлари, унинг тузилиши ҳамда уларни фаоллаштириш орқали инсон манфаатларини қондириш йўлларини ойдинлаштиришга бағишланган кўплаб адабиётлар нашр этилган. Уларда ифода этилган изланишларнинг мақсади инсоннинг юксалишини жадаллаштиришдан иборат. Бу мақсадни амалга оширишнинг икки йўналиши тафовутланади:

А) Инсоннинг ўзига ўзи томонидан юксалишга ундовчи таъсирнинг кўрсатилиши (юксалишга ундовчи таъсир кўрсатилиши илмий тилда мотивацион таъсир ҳам дейилади).

Б) Инсонга психолог ёки бошқа мутахассис томонидан мотивациявий таъсир кўрсатилиши.

А ёки Б йўналишларидаги тадбирлар инсоннинг руҳияти, танаси ёки вужуди билан боғлиқ таркиби ҳамда унинг ижтимоий таркибини юксалтиришга қаратилган бўлиши мумкин. Бу тадбирларда қуйидаги мақсадлар кўзда тутилади:
– инсон организми резервларини мустаҳкамлаш ва уни соғломлаштириш;
– касалликларни профилактика қилиш;
– касалликларни даволаш;
– ёшларнинг илм олиш, китоб ва бошқа илмий ва ҳамда бадиий манбаларни ўқишга қизиқишини ошириш;
– корхоналардаги ходимларнинг ўз касбий маҳорати ва муваффақиятларни қўлга киритишга интилишини ошириш;
– оилани мустаҳкамлаш ва фарзандлар тарбиясини яхшилаш.
– одамларнинг шахс маънавияти, шу жумладан, инсонпарварлик тамойили талабларига зид, истиқболсиз йўлларга кириб қолиш ҳолатларининг олдини олиш;
– ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти, жисмоний тарбия ва спортга қизиқишини орттириб, уларнинг янгидан-янги ютуқларни қўлга киритишини таъминлаш.

Ҳар бир инсон юксалишининг негизида унинг онг ости захиралар фондининг бирор қисми фаоллашиб, рўёбга чиқиши ётади. Бу фонд онг соҳа фонди сингари бевосита инсоннинг хоҳиш ва иродасини бажармайди. Яъни захиралардан бирор нарса фаоллашиб, у рўёбга чиқиши учун маълум бир қоидаларга риоя қилиш талаб этилади. Бу фонд ҳақидаги тасаввуримизни ойдинлаштириш мақсадида образли таққослаш услубидан фойдаланиш мумкин. Ҳар бир инсонда худди «Зумрад ва Қиммат» эртагидаги ертўлага ўхшаш захира бор дейиш мумкин. Бу захира ниҳоятда улкан бўлиб, у ўз навбатида икки бўлимдан иборат: ижобий (позитив) ва салбий (негатив). Мазкур бўлимларни эса эртакдаги иккита сандиққа ўхшатса бўлади. Эслаб қолиш учун қулайлик ҳосил қилиш мақсадида позитив сандиқни оқ, негативини эса қора сандиқ деб номлаймиз. Оқ сандиқда соғломлик, юксалиш, хурсандчиликлар, тинч-тотувлик, моддий ва маънавий бойликлар жой олган. Қора сандиқда эса бунинг акси мавжуд. Иккала сандиққа олиб борадиган махсус алоҳида-алоҳида (позитив ва негатив) йўллар ҳам бор. Икки сандиқ орасида масофа бор. Бу масофада мотивацион куч жойлашган. Бу куч жуда улкан бўлиб, уни таниқли психолог олим К.Г. Юнг «коллектив онгсиз соҳа» деб таърифлаган. Бу куч баъзи манбаларда «сирли куч» ҳам дейилади ва у «Аловуддиннинг сеҳрли шамчироғи» эртагидаги жуда қудратли девга ҳам ўхшатилади.

Мотивацион кучни бутун жаҳон миқёсида ҳозирги давргача яшаб ўтган ҳамда ҳозирги давр­да яшаётган инсонлар индивидуал захираларининг йиғиндиси деб тасаввур қилиш мумкин. Агар инсон ўзининг онг ости захира фондининг позитив бўлимидаги неъматларни фаоллаштириб, уларни рўъёбга чиқармоқчи бўлса, у уч калитдан ёки уларнинг бирортасидан фойдаланиши керак. Бу калитларнинг биринчиси позитив билимлар, ахборотлар, фикрлар, тасаввурлар, тамойиллар бўлиб, уларни мужассамлаштириб когнитив, яъни билиш ва тафаккур сферасининг позитивликлари дейиш мумкин. Иккинчи калит инсон руҳияти таркибига кирувчи ҳиссиётлар ва ирода сферасининг позитивликларидан иборат. Буларга миннатдорлик, шукроналик ҳиссиётлари, инсоннинг ўз олдига қўйган мақсадининг ижобат бўлишига ишонч ҳиссиёти, ўз вақтида тўғри қарорлар қабул қилиш, шижоатлилик, қатъиятлилик, иродалилик, ҳаётдан мамнунлик, ундан завқланиб ҳамда лаззатланиб яшаш, меҳр-оқибат, муҳаббат ва садоқат каби позитив ҳиссиётлар киради. Учинчи калит эса инсон руҳияти фаолият сферасининг позитивликларидир. Буларга эса жисмоний фаолликнинг ҳар хил турлари киради. Биринчи навбатда, кўзланган эзгу орзу ёки мақсад йўлида фаолиятда бўлиш. Мақсаднинг бирор босқичини ёки бўлагини рўёбга чиқаришга қаратилган интилишлар ҳам шунга киради. Шулар билан бир қаторда жисмоний тарбия машқлари ва спорт, тоза ҳавода сайр қилиш, тез юриш машқлари, маънавиятни юксалтирувчи ҳамда қадриятлар ва урф одатлар билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиш, ўзи ҳамда жамият учун фойдали бўлган фаолиятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Руҳиятшунослик йўналишидаги мутахассислар ўз кундалик меҳнат фаолиятларида асосан 1, 2 ва 3-калитлардан фойдаланишади. Мутахассисга мурожаат қилган инсон муаммосининг ижобий ечими асосан унинг онг ости захиралари фондида дейиш мумкин. Агар ёрдам сўраб мурожаат қилган инсонда негатив сандиқ, қандайдир сабабга кўра очилиб қолиб, ундан бирор касаллик ёки бошқа нохушлик чиқа бошлаган бўлса, мутахассис уни маҳкамлаб беркитади. Позитив сандиқни эса яхшироқ очиб, керакли захираларнинг рўёбга чиқишига ёрдам беради. Сўнг эса, ҳар-бир инсонга ўз позитив захираларидан самаралироқ фойдаланиш йўллари бўйича зарур билимларни беради.

Психология ва унинг назарий замини, платформасини ташкил қилувчи персонология фанлари инсон ҳаёти, унинг бахт ва истиқболларини белгиловчи билимлар орасида муҳим ўрин тутади. Улар юқорида биз томонимиздан келтирилган образли таққослашимиздаги позитив сандиқни очиш учун зарур учта калит билан инсонни таъминлашга ёрдам беради. Лекин кўп манбаларда таъкидланишича ушбу калитлар ўз назарий заминлари бўйича замон талабига жавоб бера олмаяпти. Хусусан, персонология фанида шахс таркибининг бирламчи ёки бош­ланғич бирлиги нима, деган савол бор.

Ушбу саволга тўғри жавоб бериб, шу фикрга асосланган шахс назариясини таклиф этиш жаҳон миқёсида ҳозирги давргача амалга оширилмаган. Мавжуд илмий адабиётда шахс­нинг бирламчи таркиби, яъни унинг структурасининг бошланғич элементини белгилашда шахснинг суббирлиги деган терминдан фойдаланилади. Мисол учун, иморат структурасининг суббирлигини ғишт дейиш мумкин. Чунки бир неча юзлаб ғиштлар бирлашиб, деворни ҳосил қилади. У эса иморатнинг маълум бир функция­сини нисбатан мустақил равишда бажаради. Инсон организмининг суббирлигини ҳужайра дейиш мумкин. Лекин, ҳужайра шахснинг суббирлиги бўла олмайди. Чунки шахс биосоциал воқелик ҳисобланади.

Оддийроқ қилиб айтганимизда, унинг ижтимоий таркибига ҳужайра суббирлик бўла олмайди. Маълумки, дунёни ўрганишда олимлар унинг иложи борича майдароқ, элементарроқ заррачаларини очишга, уларнинг ўзларига хос хусусиятларини ихтиро қилиб, янги кашфиётлар яратишга интилаяпти. Персонология фанида эса ҳозиргача шахс структураси масаласида иккита йўналиш тафовут этилади. Булардан бири элементализм, иккинчиси эса холизмдир. Биринчи йўналишдаги олимлар таклиф қилган назарияларда шахсни майдароқ таркибий бирликларга ажратиш асосида уни ўрганилган бўлса, иккинчи йўналишдаги олимлар эса, шахсни яхлитлигича ўрганишни таъкидлайди. Уларнинг ҳар бири шахс ва жамият ҳаёти ҳамда тараққиёти учун мисли кўрилмаган даражада қимматли ва бебаҳо бизга қолган меросдир. Шу билан бирга, уларнинг баъзилари шахс қирраларининг маълум бир томонларини очиб берсалар, бошқалари эса бошқа қирраларига ойдинликлар киритади.

Яна ўқинг:  Эзгуликдан яшнаган умрлар

Шунинг учун баъзи илмий манбаларда персонология фанига интег­раллик етишмаяпти деган фикр ҳам бор. Интеграллик деганда ягона, бирдам назарий заминга таянган равишда ишлаш назарда тутилади. Ҳозирги даврда кўпгина давлатларда персонологлар уч хил йўналишда ишлаяпти. Булар психоаналитик, бихевиористик, экзистенциал-гуманистик йўналишлардир. Ушбу уч йўналишнинг назарий заминлари, хусусан, шахс структураси ва унинг таркибий суббирликлари ҳақидаги билимлар тизими ҳам бир-биридан сезиларли даражада тафовут қилади. Назарий заминдаги заифликлар ҳақида фикр юритганда қуйидаги уч ҳолат эътиборимизни ўзига тортади:

– шахс структураси ҳақидаги билимлар тизими унинг имкон қадар бирламчи, элементар таркибий бирликларига асос­ланган бўлиши мақсадга мувофиқ;
– шахс таркибий бирликларининг хусусиятлари, уларнинг ҳаракати ва тараққиёти қонуниятлари билан объектив ташқи дунё, яъни табиатнинг объектив қонунлари ўртасидаги боғланиш ёки умумийликлар кўрсатиб берилиши керак;
– юқоридаги икки шарт бажарилган тақдирдагина ҳосил бўлган билимлар тизими мавжуд шахс назариялари ўртасида боғловчи, интеграллик вазифасини бажара олиши мумкин.
Бундай билимлар тизими яққол ва конкрет бўлгани сабабли мутахассислар томонидан ҳам, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир инсон томонидан ҳам осонлик билан ўзлаштириб олинади. Натижада бир томондан аҳолининг психологларга мурожаат қилиши кўпайса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ўзига-ўзи юксалтирувчи психологик мотивацион таъсир кўрсатишининг самарадорлиги ортади. Мазкур фикрларни мужассамлаштириб, ҳар бир инсон ўзининг юксалишини самарали равишда жадаллаштириши учун, шахс структураси ҳақидаги ҳозирги замонавий илм-фан ютуқларини ўзида мужассамлаштирувчи билимлар тизимига, яъни шу ҳақдаги тушунчага эга бўлиши мақсадга мувофиқ. Буни оддийроқ қилиб, шахс структураси масаласидаги илмий саводхонлик билан инсоннинг юксалиш жадаллиги ўртасида ўзвий боғланиш бор дейиш мумкин.

Бу билимлар тизими ҳар бир инсоннинг ўз ижобий захиравий имкониятлари ҳамда юксак истиқболлари ҳақидаги ишонч ва тасаввурини мустаҳкамлайди. Улар психологик мотивация бўйича ўтказиладиган машғулотларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширади. Натижада инсонинг камолот сари юксалишига жадаллаштирувчи таъсир қилади.

Инсоннинг юксалиши учун зарур бўлган персонология фани унинг ички табиатидаги ҳар хил қирраларни алоҳида алоҳида равишда ёритиб берувчи ўнлаб шахс назариялари тўпламидан иборат эди. Бу билимларни мужассамлаштирувчи, стандартлаштирувчи интеграллик етишмаётган эди. Бу ҳолат бир томондан мутахассисларнинг самарали фаолият кўрсатишига, иккинчи томондан эса, халқимизнинг психология фани XIX, XX, XXI асрларда эришиб келаётган буюк ютуқлардан баҳраманд бўлишига кучли тўсиқ эди. Бу назария келажакда замонавий персонология фанини таълим жараёнига киритиш истиқболини очиши шубҳасиз.

Абдували НОСИРОВ,

Яна ўқинг:  Ўсимликлардан тайёрланган овқатлар кўкрак саратонидан сақлайди

психотерапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: