Катталарнинг тили

Бола она тили устози берган топшириқни бажарар экан, онасидан сўради:
– Ойи, сўзларни хато ёзиш ёмонми?
Телефондан кўз узмаган она жавоб берди:
– Албатта.
– Устозим она тилимизга ҳурматсизлик, дейди.
– Албатта.
– Бошқа тиллардаги сўзларни қўшиб гапириш ҳам яхши эмас, дейди.
– Тўппа-тўғри. Устозинг ҳақ. Шуларга амал қилсанг, дадангдек машҳур бўласан. Ҳамма сени танийди.
– Телевизордан ҳам чиқаманми?
– Албатта.
Шу пайт қўлида телефон билан дада ишдан қайтди. Она телефонни столга қўйиб ошхонага йўналди.
– Ишдан сўнг ҳам тинчлик йўға, – тўнғиллаган дада боланинг саломига эътиборсиз алик олди-ю, телефонни зарда билан стол устига ташлади ва хонасига кириб кетди. Бола-да, болалигига, қизиқувчанлигига борди. Эътиборсиз қолган бу икки буюм уни ўзига жалб эта бошлади, чунки ман этилган нарсага интилиш барча қатори боланинг ҳам одатларидан бири эди. Шу пайт дадага хабар келди, бу эса боланинг қизиқишини янада оширди. Ошхона ва ётоқхона эшигига бир-бир қараб олиб, секингина телефонни қўлига олди. Эътиборли ва сезгир бола паролни ёдлаб олган. У телеграмдан «Ҳамкасблар» гуруҳига келган хабарларга кўз югуртирар экан, ҳайратдан кўзлари катта-катта бўлиб, ғайритабиий ҳодисанинг гувоҳи бўлгандек туриб қолди. Ғиж-ғиж хатолар, бузиб ёзилган русча сўзлар, энг ажабланарлиси, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ҳам, крил ёзувида ҳам учратмаган «w» ҳарфи уни ҳайратга солди. Бола ўйлади: «Бу катталарнинг ва машҳурларнинг тили бўлса керак».


Саъдулла САИДОВ
Яна ўқинг:  Кулгу шифо (2013-21)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: