Ҳақиқатан «…РАДДИ БАЛОми?» ёхуд исириқ ҳақида нималарни биламиз?
Беқиёс табиатнинг инсоният саломатлиги учун тортиқ этган серҳислат гиёҳларидан бири исириқ ҳисобланади. Халқ табобати амалиётида кенг қўлланиб келаётган исириқнинг шифобахш хусусиятларини таъриф этиб тугатиш қийин.
Бундан минг йилларча муқаддам машҳур юнон табиблари Жолинус ҳаким (Клавдий Гален-эрамизнинг 130- 200 йиларида яшаган) ва Дискардус (Дискорид-эрамизнинг I асрида яшаб ижод этган) лар томонидан исириқ атрофлича таърифланиб, шифобахш хусусиятлари кўрсатиб ўтилган эди.
Буюк табиб Абу Али ибн Сино бир қатор хасталикларни даволашда исириққа мурожаат этган. Жумладан, уни қуймич асаблари (нерв толалари) шамоллашида, тизза ва суяклар қақшаб оғришида, кучли пешоб ҳайдовчи омил сифатида фойдаланишни тавсия этган.
Абу Райҳон Беруний ўзининг “Китоб ас-сайдана фи-т-тиб” асарида исириқ билан боғлиқ бўлган қизиқарли маълумот келтиради. Унда баён қилинишича, исириқдан тайёрланган қайнатма безгакка даво экан. Агар ўсимликнинг сут-шираси бир тутам пахта ёки жун матога шимдирилиб, ўн кун давомида қуритилгач, қичима азоб бераётган жойга боғланса, фойдали бўлади.
Исириқ туятовондошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи тизза баробар, умумий гардиши бир метрга етадиган сершох, қуруқ шароитга мослашган, узун ўқ илдизи кўп йиллик ўт ўсимлик. Эрта баҳорда тез мавжланиб, гуркираб ўсади. Ўзига хос бадбўй ҳиди бўлиб, мазаси тахир, таъсирчан заҳари бўлганлиги туфайли ҳайвонлар емайди. Барглари 4-5 бўлакка ажралган, барг учлари наштарсимон ўткир. Ўсимлик май ойларида чаман бўлиб гуллайди. Оқ, сарғиш гуллари ўзгача гаштли ва фусункор, июнь ойларида пишувчи меваси уч чаноқли, очилувчи кўсакча бўлади.
Исириқ Марказий Американинг бир қатор жойларида, Оврупонинг жануби, Туркиядан Мўғилистонгача бўлган майдонларда учрайди. У мамлакатимизнинг чўл ва адирлари, ялангликлар, тошлоқ ерлар, айниқса, Қизилқум, Қорақум, Султон Увайс тоғ этакларида ўсади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Сирдарё, Бухоро, Самарқанд, Наманган вилоятларида учратиш мумкин. Маълумотларга қараганда, исириқ униши Фориш диопарасида 800-1000, Сирдарё вилоятида 400-500 гектарга етади. Ҳосилдорлик эса гектаридан қуруқ масса ҳисобида 7-9, уруғ ҳисобида 4-10 центнерни ташкил этади. Демак, бизнинг давлатимиз серхосиятли исириқнинг манбаи экан.
Исириқнинг таркиби шифобахш моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Жумладан, ўсимлик илдизида 1,7-3,3 фоиз, поясида 0,23- 3,75 фоиз, баргларида 1,07-4,96 фоиз, гулларида 2,82 фоиз ва уруғларида 2,38-6,60 фоизгача алкалоидлар бор. Алкалоидлар мажмуасидан гармалин, гармин (банистерин), пеганин (вазицин), дезоксивазицион ва яна бир қатор алкалоидлар ажратиб олинган.
Замонавий тиббиётда исириқдан ажратиб олинган гармин алкалойди ва ўсимлик илдизидан тайёрланган спиртли тиндирма (настойка) Паркинсон хасталигини (марказий асаб системасининг сурункали авж олувчи касаллиги, ҳаракатлантирувчи функциялар бузилиши билан ўтади), тутқаноқ, бош миянинг яллиғланиши асорати – қалтирашни даволашда ҳамда ухлатувчи дори сифатида ишлатилган.
Пеганин номи билан юритилувчи алкалоид кишини бардамлаштирувчи, ични маромлаштирувчи ва ўт ҳайдовчи хусусиятларга эга бўлса-да, заҳарли ҳисобланади. Гиёҳ таркибида мавжуд бўлган гармолин алкалоиди ўткир таъсирлиги билан ажралиб туради. Бу алкалоид марказий асаб системасига, айниқса, бош мия пўстлоғидаги ҳаракатни тергаб турувчи марказга қўзғатувчи таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, у юрак, ичак, бачадон, суяк, мушаклар системасига, бош мия қон томирларининг кенгайишига олиб келади.
Исириқнинг ер устки қисмидан таёрланган қайнатмасидан бод, қўтир ва бошқа касалликларни даволашда фойдаланилади. Ундан тайёрланадиган дамлама безгак, тутқаноқ, томоқ оғриғи, ҳолдан тойиш ва ўта чарчаш натижасида асабнинг бузилишида (неврастения) уйқусизликка қарши шифобахш омил сифатида ишлатилади. Исириқ ва зиғир уруғларидан қайнатма зиқнафас касаллигида (бронхил астма) наф берувчи восита ҳисобланса, қалампир меваси билан исириқ уруғи аралашмасидан тайёрланадиган қайнатма захм, бод ва бошқа касалликларни даволашда қўлланилади. Баъзан исириқ уруғидан гижжа ва тер ҳайдовчи (10-15 тадан 2-3 маҳал ичилади) омил сифатида фойдаланилади.
Бундан ташқари, унинг яна бир ажойиб ҳислати – тутатиб ҳидланса, бошнинг изтиробли оғриғидан ҳоли қилади. Исириқ билан дудланган хона тажавузкор микроб ва зарарли ҳашоратлар (қурт-қумурсқа, кана, бурга) дан тозаланади. Жумладан, мабодо уйда кимдир қизамиқ, тумов, терлама ва бошқа юкумли касалликлар билан оғриб ётган бўлса, мазкур хона ҳавоси таркибидаги зарарли микроблар исириқ дудидан нобуд бўлади. Илмий медицина исириқ таркибида мавжуд бўлган таъсирчан моддалар кўзга кўринмас микроаъзоларга қирон келтиришини исботлаб берган.
Исириқ айни гуллаган пайтида ер устки қисми ўриб олиниб, қуёш нуридан пана, салқин жойларда қуритилади. Мабодо унинг меваларини доривор маҳсулот сифатида тайёрлаш лозим бўлса, у ҳолда ўсимлик меваси етилиб пишганида гиёҳнинг пояси юқори қисмдан ўриб олинади, қуритилади ва янчиб, уруғи ажратиб олинади.
Исириқ замонавий тиббиётда ҳам атрофлича қўлланилмоқда. Унинг шифобахшлик бобидаги сир-асрорларини очишда Ўзбекистон олимларининг хизмати таҳсинга лойиқ. Ҳозирда ундан 15 хилдаги алкалоидлар ажратиб олинаётгани ҳамда улар тиббий амалиётда қўлланилаётгани фикримизнинг далилидир.
Мабодо ёғоч анжомлар (бешик, сандиқ, ғаладон, қути, шкаф ва бошқа), шунингдек, истиқоматга лозим бўлган хоналарнинг ичини ҳар қандай тажавузкор омиллардан покизалаш лозим бўлса, у ҳолда исириқ қайнатмаси билан артиб чиқилади ёхуд қуруқ исириқ тутатилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Исириқ гуллаб, мева ҳосил қилаётган даврда йиғиб, қуритиб сувда қайнатилади ва буғида бод билан оғриган оёқ ёки қўл тутиб турилса, яхши наф бўлади.
ИСИРИҚ ДАМЛАМАСИ:
– юқори нафас йўллари шамоллаганда;
– малярияда;
– неврастенияда;
– истерик ва эпелептик ҳолатларда;
– гипертонияда;
– эндометритда;
– тиш оғриғида, милклар яғлиғланганда (томоқни ғар- ғара қилиш);
– ревматизм, бот касаликлар (ванна қилиш)да шифо бўлади.
Исириқнинг 1 чой қошиқ миқдорда қуруқ кукунлаштирилган ўтидан олиб, 400 грамм қайноқ сувда дамланади, сўнг ош қошиқда кунига 3 маҳал истеъмол қилинади.
Холида ОЧИЛОВА,
Олий тоифали шифокор-эндоскопист