Аёл омон бўлса, обод хонадон

Сияра опа уйидан шошиб чиқди-ю машинани ўт олдирди. Аёл-да, рўзғор юмушлари билан бўлиб, ишга кеч қолди. Шу пайт кўчадан дарвоза ҳатлаб қўшни жувон чиқиб келди.

“Ён қўшни – жон қўшни”, деганларидек қуюқ салом-аликка ўтди:

– Қўшни, бўлинг, машинага ўтиринг, ишга шошаяпман, бироз кеч қолдим, – деди Сияра опа суҳбатни қисқа қилиб, – қолганини йўлда гаплашамиз…

Хаёлида минг хил режалар, устига устак йўлларнинг тирбандлиги кишининг юрагини янада шоширади. Орқа ўриндиқдаги қўшни аёлнинг маҳалла-кўй, тўю томоша ҳақидаги гурунгларини гоҳ илғайди, гоҳ илғамайди.

Елиб бораётган автомашинадан йўлакда қўл ушлашиб кетиб бораётган ота-болага Сияра опанинг кўзи тушди. Ўн ёшлар чамасидаги бола оёғидаги нуқсон туфайли оқсоқланиб бораётган эди. Машинани секинлатиб йўл бўйида тўхтатди.

– Тинчликми?, – сўради ажабланиб қўшни жувон.

– Бир дақиқа…, – Сияра опа жавобни насия қилди-да машинадан тушди. Болаларча табассум билан ота-боланинг қаршисига пешвоз чиқди. Ҳол-аҳвол сўрашди, тасодифий учрашувдан ҳангу-манг қолган отага мақсадини тушунтирди. Боланинг саломатлигини тиклашда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси яқиндан кўмак беришини, фарзандининг ҳужжатлари билан жамғармага боришини таъкидлаб манзилини айтди. Кўнгли бироз ҳаловат топиб, хайр-хўшдан сўнг қайтиб машинага ўтирди:

– Опа, ўзи ишга шошаяпман, деб тургандингиз, энди анча кеч қоласиз, – деди йўлдоши танбеҳ берган бўлиб.

Сияра опа бироз ўйланди-да, ҳамроҳига юзланиб жавоб берди:

– Мен ишга бироз кеч қолсам, вазифаларимни уддалашга ҳаракат қиламан, лекин бу боланинг саломатлигини тиклашда кечикмаслик зарур. Ота-онаси бепарволик қилмасдан фарзандини вақтида даволатса, бола жисмонан бенуқсон вояга етади…

Сияра Жамбекова 16 йилдан буён “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси тасарруфидаги Тиббий-ижтимоий марказида фаолият юритади. Тажрибали акушер-гинеколог шифокор сифатида хотин-қизларнинг яқин маслаҳатгўйи, ўз касбининг билимдони. Ташаббускорлиги боис Тошкент шаҳридаги кўплаб маҳалла-ю ўқув муассасаларида тиббий кўрик ташкил этади. Ёшлар ва аёллар даврасида соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни ошириш борасида суҳбатлар олиб боради.

– Талабалар ва ўқувчи-ёшлар билан кечадиган суҳбатларни қизиқарли ўтишини таъминлашга ҳаракат қиламиз, – дейди Сияра опа. – Репродуктив саломатлик борасида уларнинг ўз тушунчалари бор. Шу боис бу борада биринчи саволни ўзларига берамиз. Қай бири чекиш ва ичкиликбозликнинг олдини олишни, бошқаси тўғри ва оқилона овқатланишни, кимдир соғлиқни назорат қилиш ва хасталикнинг олдини олишни репродуктив саломатлик деб тушунадилар. Сўнгра биз уларнинг барчасини жамлаб, ёшларда тушунча ҳосил бўлишига кўмак берамиз. Маълумотлар шуни кўрсатадики, талаба-ёшлар орасида меъда-ичак хасталиклари кўпроқ учрайди. Бу эса ўз-ўзидан тўғри овқатланишни йўлга қўймасликдан келиб чиқади. Қиз болалар парҳез қиламан, дейди. Ўғил болалар эса тез тайёрланадиган, калориясиз овқатлардан енгил тамадди қилади. Бу борада ҳам ёшлар орасида слайдлар ва тарқатма рисолалар орқали маълумотлар берамиз.

Яна ўқинг:  Ўзингизни асранг!

Тиббий-ижтимоий марказ патронаж бригадалари тиббий кўрик ўтказишда маҳалла билан ҳамкорликда иш олиб боради. Аҳолини тиббий кўрикдан бохабар этиш, тадбирни ташкил қилиш ва уюшқоқлик билан ўтказишда маҳалла фаолларининг ўрни беқиёсдир.

– Биз кўп ҳолларда маҳаллалар билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Агар маҳалла мутасаддилари ўша гўшада истиқомат қилувчи аҳолининг турмушига ўзларини дахлдор деб билсалар, қалбидан эзгулик нури таралиб турса, ана шу манзилда ўтказиладиган тиббий кўрик жараёни юксак савияда ўтади. Яқинда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларида кам таъминланган фуқароларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказдик. Туманнинг “Обиназир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Абдуллаевнинг куюнчаклигидан мамнун бўлдим. У киши маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор. Баъзан жойларда ўз вазифасига сидқидилдан ёндошмайдиган маҳалла мутасаддилари ҳам учрайди. Ана шундай бепарво инсонларни кўрганимда бироз кўнглим ранжийди.

Сияра опа оддий оилада улғайди. Отаси Сулеймон ота ва онаси Адика аялар бир умр Чирчиқ шиша ишлаб чиқариш заводида меҳнат қилганлар. Аммо уларнинг уч қизи ҳам болалигидан шифокорлик касбига меҳр қўйди. Бу меҳр тинимсиз ўқиш ва билим олишга ундади. Опа-сингилларнинг орзуси ушалиб, барчаси тиббиёт институтида таҳсил олди. Ўғли Рустам ака бўлса, ота-она изидан борди. Сияра опанинг опаси Найме Жамбекова касбидан эъзоз топиб, нафақага чиқди. Синглиси Гулнорахон ҳам эл саломатлигига камарбаста меҳнат қилмоқда.

Сияра Жамбекова мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юқори малакали шифокорлардан саналади. Унинг ташаббуси билан Тиббий-ижтимоий марказ қошида 2008 йилда “Ёш оналар мактаби” ташкил этилган.

– Ушбу машғулотларга оналик остонасида турган ҳомиладор аёлларни жалб этамиз, – дейди С.Жамбекова. – Ҳар бир бўлажак она ҳомиладорлик даврининг кечиши, туғиш ва янги дунёга келган чақалоқни парваришлаш жараёни борасида кўникмага эга бўлиши лозим. Машғулотлар давомида ҳомиланинг тўғри ривожланиши учун жисмоний машқлар ҳам бажарилади. “Ёш оналар мактаби” машғулотлари сўнггида иштирокчиларнинг мулоҳазаларини анкета асосида билиб оламиз ва фаолиятимизни шу аснода назорат қилиб борамиз.

Аёл саломатлиги – оила мустаҳкамлиги, турмуш ободлигини таъминлайди. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Аввало, ҳар бир инсон ўзининг саломатлиги борасида қайғуриши керак. Соғлиққа беъэтибор бўлиш кўнгилсизликларга олиб келади. Сияра опа ҳузурига малҳам излаб келган ҳар бир кишини илиқ кутиб олади ва тиббий маслаҳатлар билан бирга ҳаёти учун зарур насиҳатлар беради.

Яна ўқинг:  Ўзбек қизи “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди

С.Жамбекова шогирдларига касб сир-асрорларини сидқидилдан ўргатади. Жамғарманинг ҳудудий филиаллари тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари шифокорлари ишини назорат қилибгина қолмай, уларга зарур маслаҳатлар, замонавий тиббий текширув ва даволаш усуллари борасида маҳорат дарсларини ўтади.

…Ҳар ким бахтни ўз тарозисида ўлчайди. Сияра опа бахтни, ҳар кун тонгда уйғониш, соғлом ва хотиржам ишга бориш ва оқшом хотиржам оила бағрига қайтишда, деб билади. – Бахт яна танинг саломатлигида, – дейди Сияра опа. – Нафақат инсонни ўзининг, яқинлари, оила аъзоларининг соғлиги, юртнинг тинчлиги, осмонимизнинг мусаффолигида. Бир қарашда киши учун азиз барча нарсада бахтнинг учқуни кўринади…

Ўтаётган йилда Тиббий-ижтимоий марказ акушер-гинеколог шифокори Сияра Жамбекованинг аҳоли саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлидаги узоқ йиллик самарали меҳнатлари инобатга олиниб, давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Аёл – оиламиз ва қалбимизнинг кўрки. Сияра опа ҳам бир хонадоннинг суюкли бекаси. Умр йўлдоши Ильмдар ака билан бирга ҳаёт лаҳзаларида одимлаяпти.

Ҳар тонг уйғониб Бахт қуёшининг мунаввар нурларидан баҳраманд яшаш завқи муборак бўлсин!

У – шаҳди, шиддати, иффати азиз,

У – қадди камоли хушрўй гул мисол.

Шубҳасиз, дунёни суяб турибди,

Қалби муҳаббатга йўғрилган Аёл!

Фахриддин ҲАЙИТОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: