НИШОНА

Боғимиз этагида бир неча йил аввал экилган бир туп нокимиз ҳайриятки, парваришдан сўнг эндигина ҳосилга кирибди. Нок кўчати ҳам жуда нозик бўлар эканми, дейман дам гулламайди, дам гулларини тўкиб юборади, баъзида эса баҳорнинг бироз инжиқлигларига араз қилиб, митти меваларини бир тўкиб бериб, кишини доғда қолдиради. Биз учун эса ҳамиша меванинг таъми сирлигича қолаверарди. Ҳали улғаймаган бўлсада, шу нозик танаси шундай ҳосилга кирганки, кўриб кўзинг қувонади.

Июнь ойлари эди, ҳосил пишиб етилишига барвақт бўлсада, меваларнинг чиройи, офтобда ялтираши артмасданоқ мени егин, дейди тушмагур! Нишонани кўрдиму, беихтиёр болалигим ёдимга тушди. Тошкент шаҳрининг Бешёғоч даҳасида бобомнинг уйи бўларди. Кейинчалик катта йўл тушиши сабабли у ерлар бузилиб, аҳоли эса бошқа ерларга кўчирилди. Эски ҳовлимиз файзи, чиройи ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Бобомнинг катта, кенг ҳовлимизга қадамаган гуллари-ю, экмаган дарахт кўчатлари бўлмасди. Турли хилдаги мевали дарахтлару, анвои гуллар билан бурканган уйимизга бир келган инсон яна келиб кетишга орзуманд бўларди. Бобом дарахт ва гулларни айрича меҳр билан парваришлар, кўчадан турли хил юмушлар билан ҳориб келган кезлари дарҳол боғга ошиқиб, гоҳ дарахтлар пойига шарбат бериб ўғит солар, гоҳ гулларга сув қуйиб тагини чопиқ қилар, хуллас, кўп вақтларини табиат қучоғида ўтказиб, қилган меҳнатидан завқланарди. Мен ва укаларим бобомнинг шижоатидан руҳланиб унга ёрдамлашардик. Шу билан табиатни севиб, уни ардоқлаш ҳисси болалигимиздан шаклланиб борарди. Бобом меҳрибон, сахий ва камгап инсон эди. Аммо ерга ишлов бериш, гул-кўчат экиш, ниҳолларини парваришлаш, уларни асраш борасида дадам, онам, бувим, ҳатто биз — кичикларга ҳам қаттиққўл ва талабчан эди. Бобом ҳар сафар, “Ҳар бир гиёҳ ва дарахтлар сен ва мен каби яшайди, ҳис қилади ва жони оғрийди. Уларга азият бериш, зулмдир! Наботот оламини қанчалар севиб ардоқласанг, Оллоҳдан сенга шафоат сўрайди, шунда ишингда ривож ва барака бўлади, болам!” — деб кўп бора уқтирардилар. Ҳаётда нафақат инсон тафтини инсон, балки одам чарчоғи ва дардини она табиат ўзининг ломаконсиз бағрига тортиб инсондаги ғуборини сўриб олар экан. Баъзида бобом ҳовли этагидаги кўп йиллар давомида “сирдош” бўлиб қолган шотут дарахтини қучганича бироз тин олиб, пойида бир нималарни шивирлаб дарахт билан “ҳасратлашарди”.

Яна ўқинг:  ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК РИШТАЛАРИ

У кунларнинг файзи бўлак, гашти ўзгача эди. Бобомнинг ёру биродарлари, ҳар сафар уни йўқлаб, ўша “қадрдон” азим тутнинг пойида ўрнатилган супада йиғилишиб, гурунг қилишар, баъзида узундан-узоқ суҳбатлардан чарчаб бироз мизғиб ҳам олишарди. Ҳовлимиз этагида кекса, навқирон дарахтлар билан биргаликда ҳали ёш, эндигина ҳосилга киришга тараддудланаётган кўчатлар ҳам тизилишиб кўкка бўй чўзган.

Бир куни бувижоним мени ёнига чорлаб, “Қизим ҳовли этагидаги нок нишона солибди. Яна ҳосилни укаларинг, дугоналаринг билан хомлигича узиб қўймагин-а, уни пишиб етилгандан сўнг, ҳамма билан биргаликда баҳам кўриш керак”, — деди. Бувижонимнинг мулойим, насиҳатомуз сўзларига болаларча сабр қилолмай, гаплари охирига етмасданоқ, дарҳол савол бердим.

– Бувижон нишона, дегани нима ўзи? Дарахт ҳосилини эрта узиб олсак нима бўлади? — дедим шошганимча. Бувижоним бошида илиниб турган рўмолини аста тўғирлаб олдида, яна сўзида давом этди:

– Дарахт улғайиб, қувватга тўлганда ҳосил беради. Илк меваси нишона, яъни белги дейилади. Ўш кўчат “Мен дарахт бўлдим, меваларим бундан нишона, ихлос билан дуо қилиб ҳосилимдан баҳраманд бўлинг. Дуо қилинг-ки, умримга, ҳосилимга барака берсин”, дейди. Дастурхонга тортилган лаззатли таомга биринчи бор катталар “бисмиллоҳ”, деб қўл узатиб истеъмол қилишадику, шундай экан нишонани ҳам биринчи бўлиб хонадон улуғлари татиб кўришлари лозим. Шунда ҳосилда қут-барака бўлади. Нишонада ҳикмат кўп, қизалоғим! Мевасини эрта узиб қўйсангиз, дарахт мева бермай қўяди, – дедида, нигоҳларимдаги болаларча ишонч ва ҳайратни кўриб мени яна ҳам сўзларига ишонтирмоқчи бўлди шекили сўзларида давом этди, – бора-бора дарахт хафа бўлиб қуриб қолиши ҳеч гап эмас. Сен шу уйнинг каттасисан! Шунинг учун дарахтнинг меваларини ўзинг назоратингга олгинда уларнинг дугоналаринг, укаларингни эрта узиб қўйишидан сақлагин. Бобонг эккан дарахтларни хафа қилдириб қўймагин-а!”.

Ҳар бир воқеага ҳайратланиш, ҳар бир гапга ишониш болаликнинг софлиги эмасми?!. Бувижонимнинг сўзларига таъсирланиб, укаларимни дарахт олдига яқинлаштирмайдиган бўлдим. Мактабдан кела солиб дарҳол нок нишонасини санай бошлайман, бир, икки, уч, тўрт, беш…

Ҳаётий исбот шуки, хонадон катталари бошчилигида дастурхон атрофида ихлос ва дуо билан тановвул қилинган нок ҳосилига барака ёғилди. Сабаби, табиаининг ҳар қандай инжиқлигига бардош бериб, уйларимиз ўзгармагунга қадар шохларини эггунча ҳосили мўл бўлган дарахт, гўё бобомнинг қилган меҳнатига мамнун ҳолда таъзим бергандек.

Яна ўқинг:  Бола тарбиясини кимга ишонмоқ керак?

Болаликдаги бу воқеаларни ёдга олиб энтикиб кетаман. Бобом ва бувимнинг бизларга қўллаган кичик «сиёсат»лари келажакда катта ҳаётий сабоқ бўлди. Сабаби, болалик кезларимда тушунмаган НИШОНАнинг мазмун-моҳиятини, энди-энди тушунгандай бўламан.

Оила – муқаддас қўрғон. Ундаги ҳар бир одат ва анъаналар миллий ва азалий қадрият ҳисобланади. Оилада берилган тарбия ва интизом ҳамиша беназр ва мустаҳкам. Ундаги берилган сабоқларни ҳеч бир таълим даргоҳларидан учратмайсиз. Қачон оила мустаҳкам ва бахтли бўлади? Қачонки, бу даргоҳда миллий, умуминсоний қадриятлар улуғланса. Хонадонимизнинг қут-баракаси ҳисобланмиш бобо-бувиларимиз эса ана шу эзгу оилавий удумларни келажак авлодга етказувчи давомчилар ҳисобланади. Биргина нишона орқали катталаримиз биз болаларга инсон ва табиат бир бутунлигини, ҳали пишиб етилмаган дарахтига осилиб, меваларидан катталар рухсатисиз ейиш каби хунук одат эканлигини англаймиз. Эҳтимол бу инсонларга оддий кўринар, аммо бола ҳаётни оддий нарсалардан тасаввур қила бошлайди. Дархт меваларини ўз бошимчалик билан эмас, аксинча, уни дастурхон атрофига келтириб оила аъзолари билан баҳам кўриш оқибатида оила аъзоларнинг орасида бирдамлик, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар ҳам қадр топади. Катталар ҳурмат ва эъзозда бўлган хонадонда ҳамиша қут-барака аримайди. Зеро, халқимиз “Қари билганини пари билмайди”, деган нақлни бежизга айтмаган.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: