ҚВП хизматидан аҳоли мамнун

Нукус тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Каттагар” (Каттагар – қорақалпоқ тилида катта сув оқар дегани) қишлоқ врачлик пунктига кириб борар экансиз, атрофдаги мевали ва манзарали дарахтлар кўркидан қалбингиз ёришади. Олтин куз жилоси кўрк бериб турган япроқлар қуёш нурида товланади. Муассаса ҳовлиси саранжом-саришта.

Қорақалпоғистон Республикаси 1-Силга қарши курашиш диспансеридан кўчма рентген мобил машинаси мутахассис-фтизиатрлари келиб аҳолини кўрикдан ўтказмоқда.

Мазкур қишлоқ врачлик пунктида 25 нафар тиббиёт ходимига олий тоифали шифокор Маржон опа Ишанбаева раҳбарлик қилади. Маржон опа билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилиб келаётган жамоа фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасида юксак ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бизнинг қишлоқ врачлик пункти ҳам ана шу ислоҳотларнинг мевасидир. 2005 йилда фаолиятини бошлаган тиббиёт муассасамиз ҳудудий жиҳатдан 6 минг 661 нафар аҳолини қамраб олади, – дейди М. Ишанбаева биз билан суҳбатда. – “Соғлом она – соғлом бола” шиорига амал қилган ҳолда репродуктив ёшдаги аёллар ва ўсмир қизлар саломатлигига кўпроқ эътибор қаратамиз. Ҳудудимизда истиқомат қилаётган 1 минг 757 нафари эса 14 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар орасида ҳам мунтазам соғлом турмуш тарзи тарғиботини орлиб борамиз.

“Каттагар” қишлоқ врачлик пункти “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2” лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Лаборатория хонаси учун ФЭК – фотоэлектроколометрия ускунаси орқали қондаги қанд миқдори аниқланади. Тиббий таҳлиллар олиниб хулосалар чиқарилади. Электромикроскоп эса қоннинг микроэлементларини ва организмдаги турли гижжа касалликлари ва бошқа паразитларни аниқлашда ёрдам беради. Стоматологик ускуна, автоклав, гинеколог хонасида ҳомиланинг юрак уришини аниқлайдиган “Допплер” аппарати, Пикфлуометрия – бронхиал астма, сурункали бронхит касалликларини аниқлайдиган ускуна ҳамда кўз, қулоқ, томоқ-бурун соҳаларини текширишда қўлланиладиган отоофтальмоскоп, юрак қон томир касалликларини аниқлашда қўлланиладиган ЭКГ ускуналари ишлаб турибди.

Бундан ташқари туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ҳар ойда бир маротаба муассасада бўлиб аҳолини УТТ ускунаси орқали тиббий кўрикдан ўтказади. Хасталик аниқланган беморларга кундузги ва шифохона шароитида соғломлаштириш учун йўлланмалар берилади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликларнинг олдини олишда ҚВП стоматологи Баҳодир Тўлаганов, туғиш ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида фаолият юритиб келаётган умумий амалиёт шифокори Гулжан Матчанова ҳамда лаборатория ҳамшираси Назлимхон Шехназаровалар алоҳида жонбозлик қилиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Poydevori mustahkam bo‘lsa...

Аҳоли орасида учрайдиган камқонлик (анемия), буйрак, хафақон хасталикларини ўз вақтида бартараф этиш, беморларни соғломлаштириш ва иш фаолиятини таъминлаш қишлоқ врачлик пунктидаги фидойи шифокорларнинг асосий мақсадидир. Чунки, оила саломатлиги унинг тинчлиги ҳамдир. Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ажратилган дори-дармон ҳамда санитария-гигиена воситалари кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ишига йўналтирилмоқда.

Инсонлар онгу шуурида давр билан ҳамнафас одимлаш иштиёқи баланд. Ҳар бир фуқаронинг саломатлиги, аввало, унинг тиббий саводхонлигига боғлиқдир. Бу борада уларга ҳамиша шифокорлар кўмакка шай. Зеро, соғлом авлодгина жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўша олади. Биз қалби эгнидаги либоси каби оқ, қўли енгил шифокорларга ҳамиша омад ёр бўлишини тилаймиз.

Саҳифани Қорақалпоғистон Республикасидан Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: