Осойишта кунларга шукрона айтаман
– дейди Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Сабритдин ота
Президентимизнинг фармонига мувофиқ Хотира ва қадрлаш куни арафасида мамлакатимиз тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий соҳаларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг мукофотлари билан тақдирланди.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи отахон, собиқ милиция майори Сабритдин Носиров “Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медалига муносиб кўрилди.
Сабритдин ота узоқ йиллар Юқори Чирчиқ тумани ИИБда самарали хизмат қилиб келган. Чуқур билим ва улкан тажрибага эга бу инсон ўтган йиллар давомида халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида камарбаста бўлиб, эл-юрт орасида ҳурмат қозонди. Жонкуяр устоз сифатида ёш мутахассис ходимларнинг малака ва тажрибаларини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Ўз зиммасидаги хизмат вазифалари, мажбуриятларини тўлиқ англаб етган ҳолда ҳар бир ишга виждонан, сидқидилдан ёндашиш унинг ҳаётий шиорига айланган.
Тажрибали устоз бутун фаолияти давомида тўпланган билим ва тажрибаларини ҳамон ўз шогирдларига ўргатиб боришдан чарчамайди.
Бобонинг энг биринчи шогирдлари унинг фарзандларидир. Ёшлигидан уларни она Ватанни севишга, унинг равнақи ва тинчлиги учун борини бериб ҳаракат қилишга ўргатди.
85 ёшдан ошган отахон ҳамон ўзгаларнинг юкига елка тутиб, оғирини енгил қилишга уринади. Ёшлар билан учрашувларда халқимиз тарихидаги воқеа ва ҳодисаларини сўзлаб берар экан, уларда ўз тарихи ва бугуни билан фахрланиш туйғуларини янада шакллантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
– Сон-саноқсиз оилаларнинг бошига оғир мусибатлар ёғдирган, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи Жаҳон уруши йилларини эсласам бугунги дориломон кунларимизга қайта ва қайта шукроналар айтаман, – дейди Сабритдин ота. Ҳар сафар ҳикоялари сўнггида ёшларимизга бугунги тинч-фаровон кунларнинг қадрига етиш, Ватанни севиш ва ардоқлаш, элнинг корига яраш зарурлиги, ота-она олдидаги бурч нима эканини бот-бот таъкидлайди.
2015 йилдан бошлаб 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийлари йилига бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул соғломлаштириш курсидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий-соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Мустақиллик учун кураш қандай шароитларда кечгани, халқимиз истиқлолгача қандай изтиробли, оғир кунларни бошдан кечирганини бугунги авлодга ўргатиш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, одамзод ўзининг кечаги кунини хотирлай олсагина, тарихдан зарур хулоса чиқариб, уни англаб онгли ҳаёт кечириши, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиши мумкин”.
– Инсон фақат эзгу ишлари билан ном қозониши лозим. Шу йўл билан элга танилиш, обрў-эътибор қозониш ниҳоятда машаққатли. Одамдаги инсонийлик мартабаси мисқоллаб йиғилади, – дейди Сабритдин ота биз билан суҳбатда.
Юртимизда Сабритдин ота сингари хушхулқ, самимий, она Ватанга садоқатли, халқининг манфаати йўлида бутун борлиғини бағишлашга шай турган инсонлар талайгина. Уларнинг босиб ўтган умр йўли ва меҳнат фаолияти, ёшлар учун улкан тажриба мактабидир.
Сабритдин Носировнинг хизматлари яна бир карра эътироф этилиб, отахон жорий йилнинг 27 апрель куни “Ўзбекистон ИИВ фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Халқимизнинг бахту саодати, тинчлиги ва озодлиги йўлида бутун умрини бахш этган бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ёшларимизда юксак маънавий ва ватанпарварлик, мамлакат тақдирга даҳлдорлик ва чуқур масъулият билан ёндашишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Уларнинг панд-насиҳатлари ёшларимизни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан бирга уларга аждодлар анъаналарини етказишда ҳам алоҳида ўрин тутади. Яна Сабритдин ота каби инсонлар ёшларга миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббатни ва миллий ифтихор туйғуларини шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Шаҳзод УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси
“Хорижий тиллар” кафедраси Бош методисти