Она юртнинг олис манзилларида

Аввал хабар берганимиздек, “Соғлом авлод учун” Ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Тошкент йўналишида ташкил этилган “Саломатлик” поездининг навбатдаги сафари ниҳоясига етди.

“Саломатлик” поезди Тошкентга қайтиб келди

Азалдан халқимиз урф-одатлари, анъаналари, сўнмас қадриятларида ўзаро меҳр-оқибат туйғулари мужассам эканини кўрамиз. Йўқсилни йўқлаш, беморнинг дардига малҳам, эҳтиёжманднинг кўнглига хотиржамлик олиб кириш, эзгулик улашиш жисму жонимизга сингган амалу аъмолимиздир. Тўғри-да, турмушнинг ободлиги, кўнгилнинг хотиржамлиги тансиҳатликда, ҳамжиҳатликда…

Бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада юртимизда фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Юртимизнинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолини тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилаётган “Саломатлик” поезд”лари халқ саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Оролбўйи ҳудудида жойлашган Қорақалпоғистон ва Жаслиқ қўрғонлари аҳолиси бу йил ҳам тиббий ва ижтимоий кўмакдан баҳраманд бўлдилар. Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг “Саломатлик” тиббий-санитария ёрдам поездининг малакали шифокорлари, “Соғлом авлод учун” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари томонидан амалга оширилди.

– Мазкур тадбир давомида Қорақалпоғистон ва Жаслиқ қўрғонларида истиқомат қилаётган 963 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Оразгул Ембергенова. – Тиббий кўрик давомида 354 нафар аёл, 290 нафар бола ҳамда 320 нафар эркак, 17 нафар ногирон қамраб олинди. Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган худудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувларни ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатория таҳлилларига ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташҳислар қўйилди. Жумладан, 330 нафар киши ЭКГ текшируви, 466 та ультратовуш текшируви, 575 нафар аҳолига флюрография ва 660 нафар маҳаллий аҳолининг 1980 та лаборатория текширувлари (қон ва пешобнинг умумий таҳлили, суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит ва ЭЧТ текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдори аниқланди) ўтказилди.

Яна ўқинг:  Адоғи йўқ саволларга ЖАВОБ ИЗЛАР БОЛАЖОН

Ўтказилган тиббий кўрик вақтида 673 нафар катта ёшдаги аҳолининг 313 тасида турли касалликлар, жумладан, юрак-қон томир тизими, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, таянч-ҳаракат тизими хасталиклари, шу билан бир қаторда стоматологик касалликлар аниқланди.

Хасталикларнинг нозологик таҳлилига эътибор қаратилса, катта ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир тизими касалликлари, овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, камқонликнинг турли даражалари нисбатан кўпроқ кузатилади.

Шунингдек, ушбу тадбир давомида шифокорлар томонидан аҳолига тиббий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Хасталиги аниқланган бемор болалар ва аёлларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида ҳудудий тиббиёт масканларига кундузги ва шифохона шароитида даволаниш учун йўлланма берилди.

Тиббий кўрикдан ўтган болалар орасида камқонликнинг турли даражалари, гижжа касалликлари, юқори нафас йўллари хасталиклари аниқланди.

“Саломатлик” поезди мутахассислари томонидан ўтказилган тиббий кўрик давомида касаллик аниқланган аҳолига айниқса, оналар ва болалар, ногиронлар ҳамда муҳтож оилаларга шу жойнинг ўзида зарурий дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари билан инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Болалар шодлиги – дил ободлиги

Оилада фарзанд дунёга келса, у билан хонадонга чексиз қувонч кириб келади. Шу боис болаларимизни “умримиз мазмуни, овунчоғимиз”, деб ардоқлаймиз. Кўзимиз қароғи – юрт фарзандларининг соғлом ва дуркун вояга етиши улуғвор келажагимизни таъмин этади. “Саломатлик” поезди фаолияти давомида 100 нафар бир ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари учун акция ўтказилиб, болалар ваннаси ва қадоқланган сутдан иборат жамланма ҳадя этилди.

Боланинг танидаги оғриқ ота-онанинг жисмида янада зўраяди. Боладаги нуқсон ота-онанинг ҳам қалбини жароҳатлайди. Жаслиқ қўрғонида истиқомат қилувчи Ақнийетга бобоси оқ ният тилаб исм қўйган эди. Унинг оиласига тақдирнинг имтиҳони бўлдими, Ақнийетнинг хасталиги кун сайин юзага чиқа бошлади. Ақнийет Ўразалиева бугун тўққиз ёшни қаршилади. Аммо кўзлари чақнаб турган бу қизалоқ оёқ ва қўл ҳаракатидан мосуво умргузаронлик қилмоқда. У ўқишни хуш кўради, эртаклар мутолаа қилади. Хонадоннинг ўзида жонкуяр муаллимлардан сабоқ олади.

У яшаётган қўрғондан жуда кўп поездлар ўтади. Баъзан кўп қаватли уй деразасидан боқиб, поездни кенгликларга сингиб кетгунга қадар кузатиб туради.

Бугун унинг кўзлари севинч ёшига тўлди. Эзгулик поездидан бир ҳадя Ақнийетнинг хонадонига кириб келди. Энди у ҳовлида ҳам, уйда ҳам бемалол ҳаракатланади. Қизалоқнинг махсус янги аравачаси бор.

Яна ўқинг:  QAYROQI FIKRLAR

500 та оилага манзилли ёрдам

“Саломатлик” поезди фаолияти давомида Қўнғирот туманида истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, ижтимоий муҳофазага муҳтож 500 та оилага “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси томонидан тайёрланган, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар манзилли етказиб берилди. 1 минг 512 нафар аҳолига дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари, санитария-гигиена воситалари, болалар ва туғиш ёшидаги аёллар учун витаминлар жамланмаси бепул тарқатилди.

– Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туман ва шаҳарларида жойлашган “Меҳрибонлик”, “Мурувват” уйлари, махсус мактаб-интернатлари, тиббиёт муассасалари учун ҳам тиббий анжомлар, озиқ-овқат юкларидан иборат инсонпарварлик ёрдамларини тақдим этдик, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров. – Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий марказининг Нукус филиалига 8 турдаги 14 та тиббий асбоб-ускуна, жумладан, кўп функцияли жарроҳлик кароватлари, жарроҳлик столи, тиббий санитар замбили ва тўшаклар топширилди. Сафар давомида Қорақалпоғистондаги 21 та ташкилот ва муассасага мурувват ёрдамлари берилди.

Эзгуликнинг илдизи теран

Халқимиз хайрли ишни саховат, дейди. Уни офтобга менгзайди. Зеро, саховат инсон қалбининг офтобидир. Ундан меҳр нури таралади.

“Саломатлик” поезди билан сафарга отланган, она юртнинг олис манзилларида яшаётган ватандошларимизнинг омонлиги учун камарбаста меҳнат қилган шифокорларга таҳсин айтасан. Баъзан бир остона ҳатлаб қўшнингдан хабар олишга ё вақт, ё имкон тополмайсан. “Касби… вазифасида…”, дейди баъзи бировлар истеҳзо билан. Асло ундай эмас! Аҳоли билан гавжум вагон-поликлиника, тонгдан шомга қадар тиббий-кўрик, чарчоқ, буларнинг барчаси замирида касбига садоқат, элпарварлик, эзгулик каби юксак инсоний фазилатлар мужассамдир.

Матлуба Якубова мана 12 йилдирки, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТКнинг тиббий-санитария “Саломатлик” поезди поликлиникасида стоматолог-шифокор вазифасида фаолият юритади:

– Касбимга меҳрим баланд. Шу боис бўлса керак унинг машаққатларини сабот билан енгаман, – дейди Матлуба опа. – Яқинларим ҳам баъзан бу қийинчиликларни юзимдан илғаб, уйда, набираларим ардоғида бўлишимни маслаҳат беришади. Аммо, “Саломатлик” поездидаги митти ишхонам уйимдек бўлиб қолганини илғайман. Қолаверса, элга касбимиз орқали ёрдам бераяпмиз, кимгадир нафимиз тегаяпти.

… “Саломатлик поезди” Тошкентга қайтди. Аммо, унинг хайрли сафари юртнинг олис манзилларида умргузаронлик қилаётган одамлар қалбига мамнунлик улашиб турибди.

Яна ўқинг:  ВАТАНПАРВАРЛИК сабоқхонаси

Фахриддин Ҳайитов,

“Соғлом авлод” газетаси мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: