Агар огоҳ сен…

Кишилик жамиятининг эстетик ва этик дунёқараши замон ва макон муносабатлари, анъана ҳамда урф-одатларнинг миллий менталитет, шунингдек, умуминсоний тушунчалар билан уйғунлашувидан бошланади.

Шу нуқтаи назардан қарасак, ҳар бир мамлакат тараққиётини одил сиёсатга ёнма-ён оммавий дид ҳам таъминлайди.

ЛОҚАЙД ОДАМ – ЭНГ ХАВФЛИ ҚУРОЛ

Юртбошимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида «Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади», дея бежиз таъкидламаган. Зеро, маънавиятсизликнинг илк кўриниши – лоқайдликдир. Лоқайд одам энг хавфли қуролдир.

Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган терроризм ва диний экстремизм, трансмиллий жиноятларнинг энг мудҳиш кўриниши – одам савдоси ёки наркобизнеснинг урчиб бораётганида ҳам маънавий дунёқарашдан йироқ таомиллар – беҳисоб бойлик орттириш, халқаро­ ҳуқуқ нормалари ва умуминсонийлик тамо­йилларига лоқайдлик, нафсга қулликдек жирканч иллат сабаб бўлаётгани аянчлидир. Бундан ҳам мудҳиши, бу жараёнларга ватандошларимизнинг аралашиб қолаётгани, ғаразли мақсадли кимсаларнинг даъватига учаётганидир. Ўз Ватанига қурол ўқталиш, халқининг тинчлигини бузиш, қўни-қўшниси ёки энди улғайиб келаётган, ҳаётга беғубор орзулар билан боқаётган ёшларни гиёҳвандлик оламига олиб киришни қайси анъана ёки қадриятларимиз оқлайди?! Ҳеч қайсиси. Бизнинг миллий менталитетимиз, Юртбошимиз олға сурган миллий ғоя тинч-тотув яшаш, қўшничилик ­анъаналарини бардавом таъминлашга қаратилган.

КИТОБ КЎП, АММО…

Ҳазрат Алишер Навоий нафақат ўзбек адабиётининг, балки жаҳон адабиётининг ҳам буюк намоёндаларидан бири саналади. Жаҳон ижодкорлари орасида энг кўп сўз қўллаган шахс ҳам айнан Навоийдир. У кишининг ҳар бир сатри ҳалигача аҳамиятини йўқотмаган, худди ушбу кун учун ёзилгандай тасаввур пайдо қилади. Ҳазрат ёзади: «Сен ўз хулқингни тузгил, бўлма эл ахлоқидин хурсанд». Бу ҳикмат оддийгина, ҳаётий қилиб айтганда «Қўшним ётибди-ку, мен ҳам шу ишни эртага қиларман» ёки «Фалон ўртоғим бугун дарсга келмади, эртага мен ҳам қатнашмайман» қабилида иш кўрадиганларга, аниқроғи, манзилдан адашаётганларга тўғри йўлни кўрсатувчи маёқ эмасми?! Бу шеъриятнинг, сўзнинг кучи, қудрати.

Яна ўқинг:  Болаларга қувонч улашинг

Одамлар китоб ўқимай қўйди, деган фараз ўзини оқламайди, ҳеч замонда ҳам оқламаган. Айниқса, юртимизда ноширлик соҳасига кенг эътибор қаратилаётган бир пайтда оммага бундай баҳо бериш нотўғридир. Агар одамлар китоб ўқимай қўйганида китоб чоп этилиши ҳам тўхтатиларди. Муаммо улар қандай асарларни ўқиётганида. Шу ўринда айтиш лозим: «Оммавий маданият» бугун адабиётга ўз нуқсини урмоқда. Шаҳвоний ҳирсни қўзғатувчи, ўқувчида шафқатсиз туйғуларни шакллантирадиган «асар»лар пайдо бўлаяптики, бундан ташвишга тушмасликнинг иложи йўқ. Муаллифда аудиторияни кенгайтиришга бўлган интилишнинг юқорилиги ғарбона ғояларга суғорилган ижод намуналарининг дунёга келишига омил бўлмоқда. Хўш, ўйлаб кўрайлик, бу асарлар кимга қандай озуқа бера олади? Зиё тарқатиши лозим бўлган кишининг дунёқарашида ўз манфаатидан бошқа нарса йўқ экан, мавжуд вазиятни ОИТС касаллиги каби давосизмикан, дея мушоҳада юрита бошлайди, киши. Аммо бу ҳолат ОИТС сингари давосиз эмас, чунки дунё цивилизацияси тамал тошини қўйган ота-боболаримизнинг қони бизнинг томиримизда ҳам оқмоқда. Ақл билан айтадиган бўлсак, ҳақиқий ижодкорнинг юрагида синтез бўлган асарларгина халқнинг ҳақиқий тарбиячисидир.

ТАРАҚҚИЁТ. ИНТЕРНЕТ. «ВИРТУАЛ ОНГ»

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлида муҳтарам Юртбошимиз томонидан қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Барча таълим муассасалари моддий-техник базаси замонавийлашди. Мақсад – ҳар томонлама етук, маънавиятли ёшларни камол топтириш. Халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон ёшлари муносиб иштирок этиб, медаллар шодаси билан қайтишмоқда. Бугун олис қишлоқ ҳудудларида ҳам ёшлар бемалол интернет тармоғидан фойдаланаётир. Ўзининг дунёқараши, билим доирасини кенгайтираяпти. Бироқ баъзи ҳолатларга кўз юмиб бўлмайди.

Ижтимоий тармоқлар айрим ёшларимизни домига тортиб бормоқда. Аянчлиси, шундай тоифа кишилар борки, миллий қадриятлар, ўзбекона шарм-ҳаёга зид фототасвирларни интернетга жойлаштиришади. Бу эса ёшлар орасида «виртуал онг»нинг қулоч ёзишига замин ҳозирламоқда. Беихтиёр ўйлаб қоласан, уларни бунга ким мажбурлаяпти? Ҳеч ким. Бундай мудҳиш оқибатнинг таг-томирида маънавий тарбия етишмаслиги ётибди. Қизиқ, фарзанднинг шундай шармсиз ҳолатдаги суратини кўрган ота-онаси қай ҳолатга тушаркин?!

Айрим йигит-қизлар статусида шаҳвоний муносабатларга чорловчи сўзлар, алоқага чиқиш учун телефон рақамларини қолдираётгани ҳам айни ҳақиқат. Баъзи ҳолатлар борки, на кулишингни, на йиғлашингни билмайсан. Унинг номини «виртуал муҳаббат» дейишади. Икки ёш ижтимоий тармоқ орқали бир-бири билан танишади, ёзишади. Бир-бирини кўрмай кўнгил қўйдилар. Ҳатто турмуш қуриш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Майли, оила қургани бахтли бўлсин. Аммо йигит-қиз ўртасидаги номаларда йигитлик ғурури, ўзбек қизларига хос шарм-ҳаё пардалари йўқлиги ҳам бор гап.

Яна ўқинг:  Таълим тараққиётининг ҳуқуқий кафолати

АХБОРОТ «СНАРЯД»ЛАРИ

Дунё кўп бор қонли жангларни бошидан ўтказди. Аммо инсон тараққиётга юз бурган сари урушлар шакли ҳам ўзгара бораяпти. «Совуқ уруш» асоратларидан халос бўлган инсоният «ахборот уруши» гирдобида қолди. Маълум гуруҳларга бирлашган ёвуз кучлар турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали инсонлар онгини заҳарлаб, уларни ёлғон ахборотларга ишонтиришга уринишаяпти. Натижада тинч-тотув давлатлар аҳолиси бир-бирини ўққа тутиб, ўз қўли билан халқига қирон келтирмоқда. Ҳукуматга қарши ҳаракатлар уюштириб, фуқаролар уруши авж олишига замин ҳозирламоқда. Таниқли ёзувчилардан бири адабий йиғинларнинг бирида маънавият ҳақида гапираркан, шундай деган эди: «Хориж телеканалларидан бирида ажиб ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Япония халқи цунами таъсирида оғир муаммолар гирдобида қолган пайт. Бошпанасиз қолган японлар ёрдам кўрсатиш майдонларида бир сиқим гуручни кавшаб, китоб ўқияпти. Яқин Шарқ мамлакатларидан бирида эса икки юз-уч юз метр нарида портлаш содир бўлаяпти. Одамлар у ёқда бир-бирини ўққа тутмоқда. Пана жойда тўрттаси қарта ўйнаб ўтирибди».

Бугун Яқин Шарқ минтақаси қонли тўқнашувлар гирдобида. Кўп давлатларда мавжуд сиёсат боши берк кўчага кириб қолган. Асосий сабаб эса одамларнинг турли бўҳтон ва ёлғон ахборотларга алданиб қолаётганидир. Шундай экан, интернет тармоғидаги мулоқот жараёнида ҳушёр бўлиш, алданиб қолмаслик учун ҳам «виртуал онг» доирасидан четга чиқиш, «ахборот уруши» қурбонига айланиб қолмаслик талаб этилади. Бундай салбий ҳолатларга қарши битта қурол бор – маънавият! Айни пайтда юртимизда тинчлик ҳукмрон. Оилалар осойишта, кўнгиллар хотиржам. Аммо Юртбошимиз таъбири билан айтганда, дунёда турли таҳликали ҳолатлар содир бўлаётган бир пайтда хотиржамликка берилишимиз яхши оқибатларга олиб келмайди. Ҳар лаҳза огоҳ бўлиш, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, соғлом онг доирасини янада шакллантиришимиз лозим. Зеро, онгу тафаккурига бунёдкорлик ғоясини, изланувчанлик ва яратувчанлик ҳиссини сингдира олган халқ қудратли халқдир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: