“Она тилим, онажоним тили бу…”

Асрлар оша ўз нуфузини юксалтириб келаётган она тилимиз не-не оғир синовларни бошдан кечиргани ҳеч кимга сир эмас. Шукрки, истиқлолга эришгач, онажон тилимизга бўлган эътибор янада кучайди. Бу йил ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 24 йил тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, педагогика фанлари доктори, профессор Қумри Абдуллаева билан тилимизни кўз қорачиғидек асраш борасида нималарга эътибор қаратиш зарурлиги хусусида суҳбатлашдик.

– Қумри опа, фарзандларимизнинг болалигидан сўзларни тўғри талаффуз қилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ота-оналар нималарга эътибор қаратиши лозим?

– Улуғ мутафаккир Алишер Навоий «кўнгул махзанининг қулфи тил ва ул махзаннинг калидин сўз бил», деган эдилар. Дарҳақиқат, инсон қанча билим бойлигига эга бўлмасин, уни сўз, нутқ билан ифодалаб бера олмаса, бундай билим, малаканинг ўзгаларга нафи бўлмайди.

Бола доимо сўзлашга, фикрини тушунтиришга ҳаракат қилади. Шундай пайтда катталар уни қўллаб-қувватлаб, товуш, сўз ва гапларни такрорлаб, унга кўмак беришлари лозим. Шу аснода болада аста-секин сўзлашиш лаёқати шаклланиб боради. Бу пайтда ота-она фарзанди билан тўғри талаффуз машқларини ўтказса, бола равон сўзлашга ҳаракат қилади. Бўғинларни қўшиб, сўзлар, сўзлардан эса содда гаплар ҳосил этишни кузатиб, маъқуллаш зарур. Шунда боланинг ўзига бўлган ишончи янада ортади.

– Ўзбек тилининг луғат бойлиги ва нуфузини ошириш борасида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Мамлакатимиз истиқлолга эришгандан сўнг ўзбек тилининг равнақига катта эътибор берилганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун ҳар йили ўзгача шукуҳ билан нишонланиши, ана шу байрамга бағишлаб ўғил-қизларимизнинг тайёрлаган дастурлари уларнинг билимини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Улуғ аждодларимиз асрлар оша ўзбек тили ривожига улкан ҳисса қўшиб бизгача гўзал асарлар қолдирган. Эндиги вазифа, биз ёш авлодни ўз она тилида эркин сўзлашишлари, унинг луғат бойлигини кўпайишига ҳисса қўшишларини таъминлашимиз керак. Масалан, катта ёшли бобо-бувиларимиз томонидан қўлланиладиган баъзи сўзлар аста-секин мулоқотдан чиқиб кетмоқда. Дунё фан-техника тараққиёти билан боғлиқ ҳолда четдан кириб келаётган ва янги пайдо бўлаётган сўз ва атамалар истеъмолга киритилмоқда.

Яна ўқинг:  Смартфонлар янги кўринишда

– Бугунги кунда юртимизда ёшларимизнинг билим олишларига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса тил ўрганиш тизими жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Бу борада фикрингиз…

– Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўғил-қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очди. Янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида 1-синфлар учун инглиз, немис, француз тилларидан дарслик мажмуалари яратилди. Бу эса ўз навбатида ота-оналардан фарзандини тил ўрганишга бўлган иштиёқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни талаб этади. Шуни унутмаслик керакки, бола қайси тилни ўрганишга киришмасин, аввало ўзбек тили граматикасини ҳам пухта ўзлаштира бориши лозим.

– Ўтган давр мобайнида тилимиз ривожини таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Унинг имкониятлари ҳақида қандай фикр билдирасиз?

– Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида тилимиз софлигини сақлаш, уни юксалтириш борасида хайрли ишлар амалга оширилди. Ўзбек тили ўзининг кенг имкониятларини халқаро муносабатларда, фан соҳаларида тўлиқ номоён этаётгани ҳар бир ватандошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради.

Она тилимизнинг замонавий илм-фаннинг барча йўналишлари, ахборот-коммуникация технологиялари, иқтисодиёт, банк-молия тизимида кенг ишлатилаётгани унинг имкониятларини нечоғлик юқори эканлигидан далолат бериб турибди.

Тилнинг луғат бойлиги жамиятдаги барча ўзгаришларнинг ёрқин ифодаси. Айни вақтда турли фан соҳаларига тегишли минглаб терминларнинг шиддат билан кириб келаётганининг ижобий жиҳатлар билан бир қаторда салбий ҳолатлар кўзга ташланаётгани ҳам бор гап. Буни ҳар томонлама пухта ўрганиб, тилимиз тараққиёти учун фойдали тамойилларни тайин этишимиз лозим. Ёшларимиз онгида она тилига ҳурмат, унинг беқиёс гўзаллини асраб-авайлаш ҳисларини сингдириш энг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Фахр ва ифтихор билан шуни айтиш керакки, халқимиз эркин ва обод юртда тўкин ҳаёт кечирмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизни, кўча ва гузарларимизни янги бино ва иморатлар безамоқда. Кўплаб бинолар, маиший хизмат шаҳоблари ва дўконларнинг айримлари пештоқида хорижий тилда ёзилган сўз ва атамаларга кўзингиз тушади. Ахир, ўзбек тилининг имкониятлари жуда кенг. Биз ундан кенг кўламда фойдаланишимиз керак.

Яна бир мулоҳаза, кўча кўйда «Бобур» ошхонаси, «Зулфияхон» гўзаллик салони, «Алишер» кафеси, каби номларга кўзимиз тушади. Бу мантиқан нотўғри. Қолаверса, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур, Зулфияхоним каби улуғ зотлар миллатимизнинг фахри ва ғурури, ифтихоридир…

Яна ўқинг:  СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ – ЭЛГА МАДАД

Жамила ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: