Истиқболли сайёҳлик намойиши
Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар залида «Ипак йўлидаги туризм» XIX Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди.
«Ўзбектуризм» миллий компанияси ва «Буюк ипак йўли» реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган ушбу кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Швейцария, Франция, Озарбайжон, Ҳиндистон, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Сингапур, Руминия, Чехия, Исроил, Италия, Эрон, Туркманистон, Қозоғистон каби қирқдан ортиқ мамлакатдан етти юздан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этди.
Миллий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, тижорат банклари, суғурта компаниялари ҳамда оромгоҳлар вакиллари иштирок этган ушбу ярмаркада мамлакатимизнинг бетакрор ва хушманзара табиати, сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, ноёб меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандчилиги буюмлари, фотоэкспозициялар кенг намойиш қилинди.
Ушбу ярмарка сайёҳлик саноатининг замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда сайёҳлик бозорининг барча тузилмалари – туроператорлар, турагентлар, йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, авиаташувчилар ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари, соҳага оид замонавий технологиялар таклиф этилди.
Ярмаркада бизнес, экология, спорт ва маърифий саёҳат, экскурсия, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соҳага доир кўчмас мулк ва суғурта, соғломлаштириш каби йўналишларга оид бўлимлар иш олиб бормоқда.
Кўргазма доирасида ташкил этилган «Миллий таомлар фестивали», «Шарқ бозори» экспозицияларида иштирокчилар ўзбек миллий таомлари ва сархил мева-сабзавотлардан татиб кўриш, шунингдек, ўзбек миллий пазандачилиги ҳақида кенг маълумот олиш имконига эга бўлдилар. Анжуман қатнашчилари «Ҳунармандлар шаҳри» бўлимида моҳир ўзбек усталари томонидан нозик дид билан яратилган миллий ҳунармандлик буюмларини томоша ва харид қилдилар.
Анжуман доирасида тақдим этилган ўзбек миллий мусиқаси ва ранг-баранг рақслари, ўзбек миллий либослари намойиши ҳам ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Наврўз НОРБОБОЕВ