“Романтика” деб… дилда доғи қолмасин

Мени излаб келган шогирдимнинг кайфиятини кўрган заҳотим ғалати бўлдим.

– Тинчликми?

Йигит истиҳола билан келгани сезилиб турарди. Ниҳоят сўз бошлади.

– Опа, тўйимиз яқин…

– Табриклайман. Аммо бу тушкунлик нимадан?!

– Келинингиз шаҳарлик. Ўтган куни ғалати гап айтиб қолди. Опаси: “Дугоналарингдан ниманг кам, тўйингда куёв билан вальсга тушишинг керак, махсус ўргатадиган одамлар бор, Тошкентда 2-3 кунда ўрганасизлар, тўйгача вақт бор”, деб уқтирибди. Ўзи ҳам кинода кўриб, ҳаваси келган эмиш. Рости, бу гапни эшитиб, уялиб кетдим. Нимага керак бу масхарабоз­лик томошаси? Биласиз, онам бизни ёлғиз ўзи тарбия қилган. Отамнинг вафотидан кейин уларга суянганман. Хокисор, камсуқум онамнинг, бутун тўйхонанинг кўз ўнгида келин билан унақа рақсга тушиш… Тасаввуримга сиғдира олмаяпман, тўйдан олдин совуқчилик тушишини ўйлаб, бошим қотди…

Унинг ҳолатини кўриб ҳам куюндим, ҳам ўйланиб қолдим. Қадриятларимизга мутлақо зид бу ҳолат, яъни келин-куёвнинг рақс тушишини ўзим ҳам она, қайнона сифатида ҳазм қилишим қийин. Нима бўлганда ҳам тўй олди муаммони силлиқ ҳал қилиб олиш керак. Токи, доғи дилда қолмасин.

– Укажон, келин билан самимий гаплашиб ол. Сени қадрласа, фикрингни тўғри қабул қилишига ишонаман.

– Опа, унга мутлақо бундай даҳмазани истамаслигимни айтдим. Аммо, у хафа бўлди… Бироқ гапим – гап: менга бировнинг бачкана удуми керакмас…

Эҳ, укам! Оқкўнгил шогирдим! Сен Кумушбибилар, Раъноларнинг тимсолларини излаётганингни биламан, Шарқона тарбияга муносабатингга кўп гувоҳ бўлганман. Бўлажак умр йўлдошинг сени тушунишини жуда истадим шу лаҳзаларда.

Яқинда ойнаи жаҳонда АҚШдан келиб, дутор чалишни ўрганаётган аёлни кўрсатишди. Газетада ёзишларича япониялик бир қиз эса Чироқчининг Араббанди қишлоғида яшаб, гилам тўқишни ўрганибди. Ажабмас, ўша ўз тўйида вальс тушадиган ғарбликлар бир куни бизнинг “келинсалом”ларимизга ҳавас қилишса…

“Оммавий маданият”нинг қўғирчоқ қилиқлари қадриятларимизни топтай олмайди, қачонки, биз сергак бўлсак.

Эзгуликка нима етсин. Ўзлигини аллақандай “оммавий маданият”ларнинг бачкана шаклу шамойиллари, айримлар “романтика” деб атайдиган бемаъни ҳою ҳавасларга алишмайдиган қатъиятли куёвларнинг кўплиги қандай яхши…

Замира Маматқулова

Яна ўқинг:  Камалак жилоси – жажжи қалблар меҳригиёси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: