Бор бўлинг, Ахтамқули

Сарлавҳа анчагина баланднавоз, шундай эмасми! Келинг яхшиси бу ҳақда сал кейинроқ гурунглашамиз. Ҳозир эса узоқ ўтмишдаги бир воқеа ҳақида гапириб бераман.

Сариосиё томонларда ўз даврида номдор Карим мерган ўтган экан. Кексаларнинг гапига қараганда у уч бор милтиғини тупроққа кўмган эмиш. Лочинкўз овчиларнинг ҳавас билан эътироф этишларича, юзта кийикни овлашга муваффақ бўлган овчигина маросим нишонлаб, милтиғини ерга кўмар ва “Энди бизга бўлди, овни бошқалар қилсин”, деб қайта овга чиқмас экан. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

Саттор бува юз ёшни қоралаб бораётган пиру бадавлат отахонлардан. У кишини ноёб хазина дейиш мумкин. Ривояту ҳикояларнинг кони. Бир қиссахонликни бошласалар тунни тонг билан алмашганини ҳам сезмайди одам. Ижодкорга баҳо беришда ҳам олдига тушадигани йўқ. “Шеърни фалончи ёзгани дуруст, ҳикояни писмадончи қойиллатади. Тамом бошқа гап йўқ!”

Ахтамқули Карим мерганнинг невараси, Саттор буванинг ўғли. У жамоа хўжалигида табелчиликдан иш бошлаб, ҳосилотлик вазифасигача кўтарилган. Йигирма йилгача умрини ғўзалар билан “тиллашиб” ўтказди. Пахта майдонларида ҳамиша ғолиблар сафида юрган Ахтамқули ёши қирқдан ошганда ўзини адабиёт майдонида ҳам синаб кўришга бел боғлади. Пойтахтга келиб, Олий адабиёт курсида таҳсил олди. Аруздек мураккаб вазнда ижодини давом эттирди. Бу эса қаламкашдан катта меҳнат талаб қилади.

Ахтамқули сермаҳсул ижодкор, янги ғазаллари газета-журналларда тез-тез босилиб туради. Телевидение ва радиодагилар шоир бироз кўринмай қолса, дарров соғиниб қоладилар. Иш столларимиз ёнма-ёнлиги учун шоирнинг янги ғазалларидан биринчилар қаторида баҳраманд бўламан. У завқ билан ўқийди. Мен яхши чиқибди, дейман ҳар доимгидек завқланиб.

– А, яхши чиқибдими?! – дейди у ҳам ҳаяжон билан.

– Яна бировга ўқиб бериб ўтирмай тўғри газетага беринг, қуйма сатрлар бўлибди.

– Ҳа, ҳа, шундай бўлган-а!…

Эртасига шоирни янги ғазали устида ишлаб ўтирганини кўраман. Анча жойи бежалиб кетган. Демак, яна кимгадир ўқиб берган. Улар берган фикрларга қўшилиб асарни таҳрир қилиб ўтирибди. Мен индамайман, у ҳам бирор гап айтмайди.

Ахтамқули шеърлари ва ғазалларини қўшиқ қилиб машҳур бўлиб кетган санъаткорлар ҳам талайгина. Қизиқ жойи эса уларнинг айримлари шоиримизни Маҳтумқулига замондош яшаган шоирлардан деб ўйлашаркан. Гоҳида шоирни қитиқлаб қўяман:

Яна ўқинг:  VATANGA BAXSHIDA KUY

– Муаллифлик ҳуқуқидан фойдалансангизчи, бир нарсалик бўлиб қолардингиз. Тўлиб-тошиб турган жойингиз йўқ-ку!…

– Ҳа, ҳа, шундай қилса бўлади-а… – дейди шоир соддалик билан.

Лекин у бировга бориб “Менинг шеъримни қўшиқ қилибсан, буёғи қандоқ бўлади”, демайди.

Ахтамқули адабиёт оламига қайта куч, мусаффо қишлоқ ҳавоси билан кириб келди. Қисқа вақт ичида бир неча назмий ва насрий китоблар чоп эттирди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлди. Болалар таҳририятида ишлагани боис, юзлаб ижодкор болаларнинг устозига айланди. Олдига шеър ва ҳикоя кўтариб келган ўқувчи билан унинг маш­қ­лари устида соатлаб ишлаб чарчамайди. Икки ўғли икки қаноти бўлиб ёнида бўлишига қарамай, олис Сариосиёда қолган аёли, қизлари, невараларини соғинади. Дийдорга вақт топгунча, ой ошади…

– Шоир, бу гал узоқ қолиб кетдингиз, янгам индамайдиларми, – дейман ҳазиллашиб.

– Аёлим яхши шоир бўлсангиз бўлди деб айтади, – жилмаяди шоир. – Ижод қилишим учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилади, барака топгур.

– Яхши шоир бўлгансиз-ку… – дейман унинг нима деб жавоб беришини кутиб.

– Мен бунданам зўр бўлишим керак, – дейди дўстим кўзлари ёниб.

Адашмасам, Ватан ҳимоячилари куни арафаси эди. Бир пайт шоир қўлида таклифнома, ҳаяжон билан кириб келди.

– Уч кундан кейин аскар йигитлар билан учрашув бўларкан. Шунга таклиф қилишди.

– Бундай учрашувларга энди бораётганингиз йўқ шекилли, – дедим ҳайрон боқиб.

– Шундайку-я, аммо учрашувга Эркин Воҳидов билан бирга борарканмиз. Икки киши холос.

Буниси эса катта гап эди. Эркин Воҳидов билан бир анжуманда қатнашиш ва ғазал ўқиш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли эди. Айтиш жоиз бўлса, уч кунгача мазкур учрашув хаёли билан яшадик. Қандай бўларкин?! Очиғи қандай бўлмади, қанддек бўлди. Шоирнинг жўшиб ўқиган ғазалларидан завқланиб кетган Эркин Воҳидовнинг “Бор бўлинг, Ахтамқули!” деган хитоби бутун зал узра янгради.

Ҳа, айтгандай, бугун Ахтамқули қутлуғ ёшга тўлди. Бизнинг эса яна бир марта “Бор бўлинг, Ахтам­қули!” дегимиз келди.

Юсуф АБДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: