ОИТСга қарши курашиш самарадорлиги ошади

Республикамиз тиббиёт тизимида аҳолига кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодасини Юртбошимиз томонидан имзоланган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мисолида ҳам кўриш мумкин. Қонун 23 сентябрдан эътиборан расман кучга кирди.

Таъкидлаш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда соғлиқни сақлашнинг миллий модели вужудга келди. Бу ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ошишига ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари ҳамда турмушининг яхшиланишига имкон бермоқда. Шу маънода соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши туфайли аҳоли саломатлигини сақлашнинг мустаҳкам норматив-ҳуқуқий асоси шаклланди. Тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит ташкилий тузилмаси яратилди. Шунингдек, аҳолини турли юқумли касалликлардан ишончли ҳимоя қилиш борасида уларни ижтимоий хасталикларга чалиниб қолмасликлари учун амалий чора-тадбирларни қўллаш бугунги кунга келиб янада кучайтирилди.

Маълумки, ижтимоий касалликлар қаторида ОИВ ва ОИТС хасталиги тобора авж олиб бораётган глобал муам­молардан бири ҳисобланади. ОИТС аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши, касалликка чалинганларни ижтимоий ҳимоя қилиш мажбурияти ва унга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги, шунингдек, мамлакатнинг демографик ҳолатига таъсир қилиш орқали иқтисодий тараққиётга хавф туғдиради. Бу ўз навбатида миллий тараққиёт ва барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Эътироф этиш керакки, ушбу касалликнинг олдини олиш борасида мамлакатимизда ҳам бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Соҳага оид барча муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи ҳам босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Айниқса, ОИТСга қарши кураш марказларининг моддий-техник базаси йилдан-йилга мустаҳкамланиб, мазкур йўналишда янги диагностика ва даволаш услублари татбиқ этилаётганлиги, шунингдек, қон хизмати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилаётганлиги эътиборга молик.

Бугунги кунга келиб халқаро миқёс­да ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласига ёндошувлар кескин ўзгарди. Бир қатор қўшни давлатларда эпидемия тарқалиши жадаллашиб бормоқда. Мамлакатимизда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги боис ушбу касаллик барқарор бўлишига эришилмоқда. Лекин чегарадош мамлакатлар айниқса, Афғонистон орқали ноқонуний наркотрафик вазиятнинг хавфи юқори бўлганлиги, чегараларимиз очиқлиги, сайёҳлар сони ошиши, миграция эркинлиги бу масалага кўпроқ эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Мамлакатимизда одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш бўйича ҳуқуқий муносабатлар давлат томонидан тартибга солиниши, касаллик юқтириб олган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, инфекцияни юқтирганлиги учун жавобгарликни такомиллаштириш, инфекция тарқалишига қарши кураш фаолиятини олиб борувчи давлат идораларининг ваколат ва вазифалари, бу борада ўзини ўзи бош­қариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокига оид масалаларни қайта кўриб чиқиш зарурати вужудга келди.

Яна ўқинг:  Кўзингизни асранг

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юқоридаги қонуннинг қабул қилинишига ҳуқуқий асос бўлди.

Амалда бўлган 1999 йил 19 август­даги «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун ОИТС билан касалланишнинг олдини олишга қаратилган бўлса, имзоланган қонунда одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш бўйича муносабатлар тартибга солинган. Инсон ҳуқуқлари таъминланишини ифода қилувчи тегишли халқаро ҳужжатларда белгиланган касалликка чалинганларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг махфийлигини сақлашга оид қоидаларга риоя қилиш ҳақидаги талабларга кўра ихтиёрий тиббий текширувдан ўтиш шарт эканлиги ёки шахсни тиббий текширувдан мажбуран ўтказилиши ҳақидаги қоидалар аввалги қонунда белгиланмаган бўлса, яқинда қабул қилинган қонунда ушбу муносабатларнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Шунингдек, қонунда Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларда ОИВ касаллиги аниқланган тақдирда махфийликка амал қилган ҳолда ихтиёрий равишда яширин ёки ошкора тиббий текширувдан ўтиши, ОИВ тасдиқланса, оқибатлари, яъни улар қон ва бошқа биологик суюқлик, одам аъзолари ва тўқималарнинг донори бўла олмаслиги белгиланган.

Ушбу қонуннинг яна бир эътиборли томони шундаки, ушбу вирусни юқтириб олган шахсларга тиббий ёрдамни ташкил қилиш, ўз хизмат вазифаларини бажараётганда инфекцияни юқтириб олиш хавфи остида бўлган тиббиёт ходимларининг ижтимоий муҳофазасини белгилаш, ушбу касалликни юқтириб олганлар ҳуқуқи чекланишига йўл қўймаслик масалалари ўз ечимини топган.

Яна бир муҳим жиҳати, ОИВ тар­қалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш ҳуқуқий асосини белгилаш мақсадида қонунда давлат бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Бу борада аҳолининг мазкур касаллик бўйича тиббий билимларини ошириш ҳамда жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтириш бугунги кундаги асосий вазифамиздир.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган мазкур қонун ОИТС хасталигига чалинган беморларнинг ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинишига, касаллик тарқалиши бўйича эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланишига ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Олим ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: