“0” СИНФ МАШҒУЛОТЛАРИ

Мактабга тайёрлов дарслари қандай ташкил этилади?

Умумтаълим мактабларида болажонларни 1-синфга тайёрлов ишлари қизғин паллага кирмоқда. Албатта, фарзандининг қўлидан тутиб мактаб остонасида турган ёш ота-оналарнинг бу борада саволлари талайгина. Қуйида биз ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

 

Кичкинтойларни мактабга тайёрлов дарслари қайси дастур асосида олиб борилади?

Сабоҳат Миржалилова,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабгача таълим муассасалари бўлими бошлиғи:

– Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган ўйинлар ва ўйинчоқлар, дидактик материаллар, кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда вазирлик ҳузурида ташкил этилган махсус гуруҳ МТМлар кесимида тайёрлов гуруҳлари ва улар учун харид қилиниши режалаштирилган ўйинчоқлар рўйхатини шакллантирди. Шунингдек, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш паст ҳудудларда уларни мактабга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда комплекс чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур режага кўра ўтган йили жойларда 936 та қисқа муддатли гуруҳ тузилиб, бошланғич синфларга бориши мумкин бўлган болалар махсус дастур асосида мактабга тайёрланди. Қолаверса, жойларда мактабгача таълим муассасаларига муқобил гуруҳлар, яъни “Саводхонлик” марказлари, қўшимча таълим, мактаб қошида қисқа муддатли тўгараклар ташкил этилмоқда. Болаларни тўлиқ қамраб олишда “Болажон” дастури ҳам кенг имкониятларни ўзида мужассам этгани алоҳида эътиборга моликдир. Ўтган ўқув йилида бу борадаги барча тадбирлар ижобий самара берди.

2015–2020 йилларда болаларни, айниқса, қишлоқ жойларда мактабга тайёрлашни яхшилашга йўналтирилган мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил февраль ойидаги 15-сонли баёнига кўра жорий йилда 300 та мактабгача таълим муассасалари тўлиқ таъмирлаш режасига киритилган эди.

2016–2017-ўқув йилида иш бошлаши кутилаётган 1 минг 620 та қисқа муддатли гуруҳлар учун “Билимдон” дастури ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилди ҳамда тасдиқланди. Мазкур дастур 6 минг нусхада чоп этилиб мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларига бепул тарқатилди. Шунингдек, МТМнинг 921 тасида қисқа муддатли гуруҳ тарбиячилари учун “Билимдон” дастури асосида махсус ўқув семинарлари ўтказилди.

Бугунги кунда болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида турли (муқобил) тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  Parvozga shaylanayotgan Husnora

Ҳозирги кунда республикадаги мактабгача таълим муассасалари қошидаги 1 минг 775 та қисқа муддатли, 3 минг 188 та мактаб қошида эса саводхонлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Ушбу гуруҳларга жами 69 минг 877 нафар бола жалб қилинган.

Шунингдек, 2016 йил сентябрь ойидан республиканинг 13 та ҳудудида (Тошкент шаҳридан ташқари) мактабгача таълим муассасаларидаги бўш гуруҳлар ҳисобидан 1 минг 620 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилмоқда.

Уларда педагогика коллежлари битирувчиларининг педагогик фаолият юритиши таъминланади.

 

Мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болажонлар мактаб таълимига қандай тайёрланмоқда?

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Халқ таьлими вазирлиги ва Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика маркази, мактабгача таълим мутахассислари томонидан мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш учун ота-оналарга мўлжалланган 5 номдаги қўлланмалар яратилди. Мазкур қўлланмалар мактаб кутубхоналари орқали ота-оналарга етказилиб, ўқитиш методикаси тушунтирилди. Бу билан мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 5-6 ёшли 436 минг 130 нафар боланинг ҳам мактабга тайёрланиши тўлиқ назоратга олинди.

Шунингдек, 2015–2016 ўқув йилида МТМга қамраб олинмаган 3-6 ёшли болаларнинг ота-оналари учун 7 номдаги методик қўлланмалар тайёрлаш ва бепул тарқатиш, қолаверса, 1 минг 220 та мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун 50 номдаги ҳикоя ва эртаклар тўплами чоп этиш ва уни фойдаланиш учун тақдим қилиш режалаштирилган.

 

 

Умумтаълим мактабларида ташкил этилган мактабгача тайёрлов гуруҳлари қандай молиялаштирилади?

Шерзод Пардаев,

Халқ таълими вазирлиги молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил сентябрь ойидаги “Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 414-сонли қарори ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 25 январда 880-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Бюджет ташкилотлари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш тартиби”га асосан умумий ўрта таълим мактабларида мактабгача ёшдаги болалар учун мактабга тайёрлов ўқув курслари ота-оналар билан келишилган нархларда пулли асосда фаолият юритади. Мазкур ўқув курслари ихтиёрий кўринишда ташкил қилинади.

 

 

Кичкинтойларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш учун қай жиҳатларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ?

Яна ўқинг:  ОБОД ЮРТДА ОСУДА ҲАЁТ

Шаҳодат Маъруфова,

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги

220–умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси:

– Кичкинтойлар билан машғулот ўтаётганда уларнинг зерикиб қолмаслигини таъминлаш ўқитувчининг биринчи галдаги вазифасидир. 5 ярим ҳамда 6 ёшли болалар қамраб олинган “О” синф машғулотларининг дастлабки бир ойини асосан қўл ҳаракати (моторика)дан бошлаш лозим. Хусусан, ручка ушлаш, таёқчалар чизиш ҳамда ҳарф элементларини ёздириш муҳим рол ўйнайди. Ҳарф элементларини ёзиш учун уларни ҳар хил предметларга ўхшатиш тарзида ўргатиш яхши самара беради. Боланинг учта бармоғида ручка ушлаб ёза олиши унинг энг катта ютуғи ҳисобланади.

Ҳафтасига бир маротаба 3-4 соат давом этаётган сабоқ жараёнида болажонларга турли-туман расмлар хусусан, соябон, хоккей таёқчалари ёки турли ҳайвонларга қиёслаб берилган билим уларнинг қизиқишини янада оширади. Айрим болалар тортинчоқ бўлади. Шу боис уларга ўйин тарзида ўзим турли ҳайвонларга тақлид қилиб, ролга кириб машғулот ўтаман ва ўқувчининг фикрини тўлиқ ифода эта олишига кўмаклашаман.

Ўйинчоқлар, турли геометрик шакллардан фойдаланиб машғулот ўтиш кичкинтойларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлайди. Тўққиз ой давомида ўтилаётган машғулотлар болажонларни ёзиш, математика, расм чизиш ҳамда оғзаки нутқини ривожлантиришни ўргатибгина қолмасдан уларнинг 1-синфга тайёр ҳолда келишини таъминлайди.

Дарҳақиқат, болани мактабга тайёрлаш мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки, кичкинтойнинг биринчи синфга тайёр ҳолда бориши нафақат устозлар, балки ота-оналар, оиланинг катталари зиммасидаги энг масъулиятли вазифадир. Бир сўз билан айтганда эртамиз эгаларининг билим ва тафаккури Ватанимиз равнақини белгилайди.

 

Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ,

Жамила ҲАЙДАРОВА

ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: