Қоятошлардаги нодир дурдоналар

Нурота ва Моргузар тизма тоғлари кесишган жойда Ғўбдин қишлоғи жойлашган. Унинг аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади.

Кенг яйловларда ёйилиб юрган қўй-қўзиларнинг кўпайиши учун шарт-шароит етарли бўлганлигидан аҳолининг турмуш тарзи йилдан-йилга яхшиланиб, фаровонлашиб бормоқда.

Биз бу ерда мактабимизнинг бошланғич синф ўқувчилари билан бўлган кунимиз баланд қоятошларда тоғ эчкиси, архарлар, уй ҳайвонлари, сурув ортидан чопаётган чўпон каби кўплаб суратларга кўзимиз тушди. Ушбу санъат асарлари қоятошларга ўйиб ишланган бўлиб, ўлкамизнинг нодир дурдоналари ҳисобланади. Аҳоли масканидан анча узоқда ҳамда шамол ва ёғингарчилик кам миқдорда бўлганлиги сабабли бу тасвирлар бугунга қадар яхши ҳолатда сақланиб қолган. Айниқса, суратлар қуёш осмонга тик кўтарилганда ёки ёмғирдан сўнг янада ёрқин, аниқ кўзга ташланади. Мазкур тасвирлар ўз даврининг моҳир рассомлари томонидан тошларга ўйиб ишланган.

Ҳар бир тошнинг ўзига хос хусусияти бор. Улардаги ноёб дурдоналарнинг контурлари аниқ ва равшан ифодаланган. Мусаввир томонидан суратнинг ҳар бир қисми (детали) моҳирона бажарилган. Ушбу тасвирларни кўздан кечирарканмиз ўтмишда ҳам ўлкамиз табиати бой ва хилма-хил бўлганлиги, уй ҳайвонларининг кўпайиши учун шарт-шароитлар мавжуд эканлигини билиб олдик. Шунингдек, сафаримиз давомида қадимий тош ўчоқ, меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган улкан тошлардаги бир нечта айвон ва супаларни ҳам кўздан кечирдик. Улардан ўтмишдаги аждодларимизнинг қандай фойдаланганликларини ҳам билиб олдик.

Умуман олганда Ғаллаорол тумани худудида жойлашган Ғўбдин қишлоғидаги қоятошларда жами 300 дан ортиқ суратлар мавжуд экан. Улар нодир асарлар ҳисобланиб, ҳайратимизни янада орттирди. Айниқса, саёҳатга келган ўқувчиларнинг таассуротлари бойиб, улар вужудида янада куч-ғайрат ва шижоат жўш урди.

 

Гулнора ҲАЙДАРОВА,

Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Никита бўш келмади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: