Шифокор ҳуснихати, борми унинг “ҳикмат”и?

Маълумки, ҳеч бир инсон ёза олиш қобилияти билан туғилмайди. Ёза олиш кўникмаси, ёзиш маҳорати кейинроқ, айниқса, болалик ва ўсмирлик даврида, билим даргоҳларида шаклланади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳуснихат ва одамнинг руҳий (жисмоний) ҳолати ўртасида маълум боғлиқлик мавжуд экан.

Киши қўлига ручка ёки қалам олиб бирор хат ёки матнни ёзар экан, у ёзган ҳарфлардаги ҳар бир чизиқ муаллиф шахсиятини ўзига мужассам этади. “Ёзув бу феъл-атвор ва ақл хусусиятларининг ташқи жиҳатдан намоён бўлишидир”, – деб ёзади муаллиф Н.Юсупова “Феъл-атвор ва ёзув”деган оммабоп китобида.

Ушбу луқмани ёза туриб, бир латифанамо воқеа ёдимга тушди.

Кунлардан бир кун чаласаводроқ бир киши танишининг олдига келиб, ундан пойтахтда ўқиётган ўғлига хат ёзиб беришини илтимос қилибди.

“Жоним билан ёзиб берардим-у, аммо оёғим оғрияпти-да”, – дебди у киши.

– Ие, хат ёзишнинг оёқ оғриғига нима алоқаси бор? – ажабланиб сўрабди илтимос қилган одам.

– Гап шундаки биродар, – дебди таниши, – Ёзган хатимни ўзим ўқиб беришим керак. Чунки, ёзувимни ҳеч ким ўқий олмайди. Афсуски, мен боролмайман, оёғим оғрияпти…

Тиббиёт ходимларига иши тушиб, улар ҳузурига бормаган одам камроқ топилса керак, назаримизда. Шифокорга мурожаат қилдингиз ҳам дейлик, сизни обдон текшириб, қўлингизга муолажа учун керакли дорилар ёзилган қоғозни ҳам тутқазишади. Энди муаммо ана шу қоғозларда ёзилган дори номларини ўқишнинг уддасидан чиқа оладиган дорихона ходимини топишда…

Ўзим билан юз берган “ғалати” воқеани сўзлаб берай…

Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникаларнинг бирига мурожаат қилган эдим. Даволовчи шифокор ҳол-аҳвол сўраб, анча вақт текширди ва қўлимга дорилар номи ёзилган, улардан фойдаланиш ҳақидаги йўриқнома туширилган қоғозни тутқазиб, менга сиҳат-саломатлик тилаб қолди. Мен ретцепт қоғозини кўтариб дорихонага бордим. Ўрта ёшли ходима қоғозга аввал кўзойнаксиз термулди. Бироқ, дорилар ёзилган қоғозга қанча тикилмасин ҳеч нарсани тушунмади чоғи ёрдамчисини чақирди. Икки кишилашиб қандай дорилар тавсия этилганини англай олишмади. Менга эса шифокорга учрашиб, рецептни қайтадан аниқроқ қилиб ёздириб келишимни маслаҳат беришди.

Мен маслаҳатга амал қилиб поликлиникага йўл олдим. У ерда эса менга шифокорнинг иш вақти тугаб уйига кетганини айтишди. Душанба куни соат 14:00 дан бошлаб ўша шифокор қабул қилишини билдиришди. Ана холос! Эртага дам олиш куни. Демак, мен яна икки кундан сўнг даволанишни бошлашим мумкин. Ана сизга ёзувга, ҳужжатга бепарволик, лоқайдлик, ўз ишига маъсулятсизлик билан ёндошишнинг оқибати…

Яна ўқинг:  БАДИИЙ ГИМНАСТИКА БЕЛЛАШУВИ

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтишни жоиз, деб топдик.

Кўпинча шифокорларнинг беморларга рецепт ёки тавсияномаларни ёзиб бераётганларида шошилишларининг гувоҳи бўламиз.

Маълумки, дориларнинг аксарият номи лотин алифбосида ёзилади. Шифокорларимиз ана шу шошилиш оқибатида ярим-ёрти ёзишади. Натижада, қандай дори тавсия этаётганини англаш қийин кечади. Ана сизга яна бир муаммо, яна бир ребус, хулоса қилиш эса сиздан азиз муштарий.

Шавкат ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: