Жамиятда ўзбек аёлларининг роли қандай?

“Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференцияда ушбу масала кенг муҳокама этилди.

Дунёнинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон хотин-қизларининг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрни, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги фаоллигини халқаро ҳамжамиятга яқиндан таништириш, ўз навбатида, хориж тажрибасини ўрганиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва БМТ координатори ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер очиб берди.

Тадбирда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг роли ва аҳамияти, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш, хотин-қизларнинг мавжуд салоҳиятини ҳаётга татбиқ этиш шакллари ва имкониятлари муҳокама этилди. Шу билан бирга хотин-қизларни уларнинг иштироки бўлмаган ёхуд кам бўлган соҳаларга жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш ҳамда гендер тадқиқот натижалари тўғрисида ўзаро маълумот алмашилди. Имконияти чекланган хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, қўмитанинг халқаро алоқаларини кенгайтириш масаласи ҳам анжуманнинг муҳокама мавзуси бўлди.

Конференция иши учта пленер йиғилишдан иборат бўлиб, уларда гендер тенглиги, аёлнинг давлат бошқарувидаги роли ва имкониятлари, аёллар бандлиги ва тадбиркорлиги, уларнинг ижтимоий ҳимояси муҳокама этилди.

Танзила НОРБОЕВА,

 Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг бахтли ва саодатли яшашини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бошланган эзгу ишларга жавобан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда нафақат ички имкониятлардан фойдаланиш, балки бу борада халқаро алоқаларни мус­таҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Қўмитанинг Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Хитой, Германия каби давлатлар билан аёллар масаласига оид йўналишларда ўрнатилган ўзаро ҳамкорлик алоқалари бунга яққол мисолдир.

Наталья ГЕРМАН,

Яна ўқинг:  Ўзбек фарзанди эканимдан фахрланаман

БМТ Бош котибининг махсус вакили,

Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича БМТнинг минтақавий маркази раҳбари:

– Бугунги анжуманда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг роли ва аҳамияти масалалари халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокида муҳокама этилаётгани эътиборга молик. Чунки бугун Ўзбекистонда нафақат аёллар масаласи, балки барча жабҳаларда улкан ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Айниқса, Хотин-қизлар қўмитасининг аёлларнинг давлат бошқарувидаги мавқеини оширишдаги тажрибаси ва халқаро тажрибалар билан ўртоқлашаётганида катта маъно бор. Бу юртингизда аёлларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуққа эгалигидан далолат беради. БМТ мамлакатингизда аёллар тенглиги бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва бу борада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори.

Элмира БОСИТХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:

– Аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш борасида юртимизда кўп­лаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, республикамизда мавжуд 204 та туманда Хотин-қизлар қўмиталари томонидан ташкил этилган «Аёллармаслаҳат марказ»лари иш олиб бормоқда. Мазкур марказларда малакали мутахассислар, психолог, хуқуқшунос ва тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Шу билан бир қаторда қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам хизматлари сифатини ошириш мақсадида Республика қизлар саломатлиги маркази, ҳудудларда эса Қизлар саломатлиги марказлари ташкил этилган бўлиб, бу оналик ва болалик муҳофазасида, хусусан, оналар ва болалар ўлими сонини камайтиришда ўзига хос ўринга эга бўлади.

 

Ушбу тадбирни мунтазам ташкил этилиши, юртимизнинг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини янада оширади, албатта.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: