Спортчиларимиз Осиё ва жаҳон рекордини ўрнатмоқда

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III ёзги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.

Айниқса, енгил атлетика баҳсларида қатнашган атлетларимиз юқори натижаларга эришди. Жумладан, ядро улоқтиришда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳусниддин Норбеков 16,35 метр натижа қайд этган ҳолда жаҳон рекордини ўрнатди ва мусобақа ғолибига айланди. Шунингдек, узунликка сакрашда Камолахон Абдуллаева, найза улоқтиришда Александр Свечников, ядро улоқтиришда София Бурҳонова, найза улоқтиришда Розия Эргашева олтин медалларни қўлга киритди. 200 метрга югуришда Сабина Суханова марра чизиғини учинчи бўлиб босиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди.

Сув спорти турининг 100 метр масофага эркин усулда “S13” йўналишида Ислом Асланов олтин медални қўлга киритган бўлса, Музаффар Турсунхўжаев кумуш ҳамда Дмитрий Хорлин бронза медали билан тақдирланди. Шуни қайд этиш керакки, И. Асланов нафақат мусобақа ғолиби, балки, Параосиё ўйинлари рекордини (51: 71 сония) ҳам ўрнатди. Мазкур масофада аёллар ўртасида ўтган баҳсларда Фотимахон Амилова 58,66 сония натижа билан Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди ва делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди. Ушбу масофада яна бир вакилимиз Шоҳсанамхон Тошпўлатова кумуш медаль соҳиби бўлди.

Дзюдо бўйича ўтган беллашувларда Шерзод Намозов ва Ўткир Нигматов ўз вазн тоифаларида олтин, Лобар Хуррамова кумуш, Севинч Саллаева эса бронза медалини қўлга киритди.

Пауэрлифтингда вазни 55 килограммгача бўлган аёллар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Роза Қўзиева 113 килограмм натижани қайд этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига қўтарилди.

Учинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси медаллари сони 31тага етди. Вакилларимиз 18та олтин, 9та кумуш ва 4та бронза медалларига эга чиқишган. Медаллар жамғариш бўйича эса Хитой ва Жанубий Кореядан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибмиз.

 

Т. ОРТИҚОВА

Яна ўқинг:  Орзулар қай томон етаклар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: