Ҳуқуқий таълим: ўқув муассасаларида унинг аҳволи қандай?

Ҳуқуқий меъёрлар, қонунлар, ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар моҳияти, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти тўғрисидаги маълумотларни инсон ёшлигидан таълим муассасаларида эгаллаб бориши, шубҳасиз. Шу ўринда табиий савол туғилади. Хўш, бугунги кунда таълим муассасаларимизда ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг аҳволи талаб даражасидами?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган эшитуви айнан таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбиянинг аҳволига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш билан бир қаторда, барча таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Айни пайтда мазкур вазифаларни тўла-тўкис бажариш борасидаги муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, ўрта мактабларда конституция, ҳуқуқ каби муҳим фанларни ўқитишда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги инкор этиб бўлмайди.

Хусусан, “Конституция алифбоси” фани 1-4-синфларда алоҳида предмет сифатида эмас, балки “Ўқиш”, “Атрофимиздаги олам”, “Табиатшунослик”, “Одобнома” фанлари ва тарбиявий соат таркибида ўқитилмоқда. “Конституция оламига саёҳат” фанидан эса, 5-6-синфларда “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари”га ажратилган соатлар доирасида дарс берилмоқда. “Конституциявий ҳуқуқ асослари” ўқув предмети бўйича – 9-синфда, шунингдек, “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ўқув предмети бўйича 8,10 ва 11–синфларда ҳафтасига атиги бир соатдан ўқитилади, холос.

Ҳуқуққа доир фанлар ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган мажбурий малака талабларига киришига қарамай умумтаълим мактаблари ўқувчилари бу фанлардан имтиҳон топширмайди. Агар 8-синф ўқувчилари синфдан синфга ўтишда учта фандан бири сифатида “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ўқув предметини танласа, ўшандагина бу фандан имтиҳон топшириши мумкин. Табиийки, ҳуқуққа доир фаннинг бир қадар мураккаблиги ва уни ўзлаштириш нисбатан қийинроқ эканидан келиб чиқилса, демак, ўқувчилар ҳам ушбу дарсдан имтиҳон топширмаслиги ўз-ўзидан равшанлашади.

Яна бир зарур масалага эътибор қаратиш зарур. Ҳуқуққа доир фанларни ўқитишда кадрлар салоҳияти ҳам талаб даражасида эмас. Бунга биргина мисол, яъни республикадаги мавжуд умумтаълим мактабларида “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанидан дарс бераётган жами 9 минг 255 нафар ўқитувчининг бор-йўғи 88 нафари (0,95 фоиз) “Юриспруденция” мутахассислигига, 3 минг 931 нафари (42,5 фоизи) “Миллий ғоя ва ҳуқуқ” мутахассислигига эга. Қолганлари эса она тили ва адабиёти, тарих ва архивариус, сиёсатшунос мутахассислардир. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, нафақат халқ таълими тизимида, балки олий ва ўрта махсус таълим тизимида ҳам ҳуқуққа доир фанларни ўқитишни ҳамда кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш масаласи долзарб саналади.

Яна ўқинг:  ЭЛ ҚАЛБИДАГИ ШОИР СИЙМОСИ

Мутахассислар томонидан ҳуқуққа доир фанлардан сифатли таълим бериш даражасини ҳар томонлама ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетини бевосита таянч олий таълим муассасаси сифатида белгилаш, университет таркибида ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқий таълим бўйича педагог кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида масала сифатида олиб чиқилгани айни ўринлидир. Бундан ташқари, мазкур фан ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини юксалтиришга қаратилган таъсирчан амалий чораларни кўриш, ўқув предметлари, дарсликлар сифатини давр талаблари асосида тубдан ошириш, ҳуқуқ фанларига оид дарслик ва қўлланмалар, шунингдек, мазкур фанларни ўқитиш жараёнида такрорланишларнинг олдини олиш ҳамда мураккаб терминологияни қўллашдан сақланиш лозимлиги ўқувчига предметни осон тушунилишига ўзининг самарали таъсирини кўрсатмай қолмайди. Якдил хулосага келиш учун эса ҳуқуқий дарсликлар муаллифлари ўртасида самарали ҳамкорлик муҳитини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: