Юксак эътирофни оқлайман
Юртимизга баҳор келиши билан байрамлар шодиёналарга уланади. Дарахтларнинг оппоқ гулга бурканиши, кўклам табиатининг ажиб таровати, инсон қалбига ўзгача хуш кайфият улашади.
Қувонарлиси, айни кунларда диёримиз бўйлаб Наврўзи олам шукуҳи кезиб юрибди. Жойларда халқ сайллари ўтказилиб, юртдошларимиз байрамни катта хурсандчилик билан нишонламоқда. Шундай бетакрор лаҳзаларда жаннатмакон юртда туғилганимдан, Ўзбекистон фарзанди эканимдан қалбим чексиз ғурурга тўлади.
Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар боис, йилдан-йилга спортчи қизлар сафи кенгайиб бормоқда. Ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук шахс бўлиб вояга етиши, она Ватанимиз қудратига қудрат қўшиб, юртга наф келтирадиган ақл-заковатли, юксак фазилатли инсонлар бўлишида спортнинг ўрни беқиёс.
Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, биз ёшларнинг қандай инсон бўлиб, катта ҳаётга кириб боришимизга боғлиқ. Айтиш жоизки, шаҳар-қишлоқларимизда барпо этилаётган замонавий ва муҳташам ўқув даргоҳлари, ижодиёт марказлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари ёш авлоднинг беғубор орзу-ниятлари рўёбига хизмат қилмоқда.
Ана шундай юксак ғамхўрлик туфайли 2012 йилда илк бор дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони, деган номга сазовор бўлдим. Кейинчалик спортнинг дзюдо, самбо, миллий кураш турларида 13 карра мамлакат чемпионлигини қўлга киритдим. Шунингдек, дзюдо бўйича Осиё чемпионати ва яна турли нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиб, совриндорлар сафидан жой эгалладим. Ҳозирда Навоий вилояти, Учқудуқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчисиман.
Қувонарлиси, бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритган юртимизнинг энг бахтиёр 15 нафар қизларидан бирига айландим. Мен ушбу юксак мукофотни маданият ва спорт йўналишида қўлга киритдим. Кўкрак нишонини Юртбошимиз шахсан ўз қўллари билан кўксимга таққани нафақат юксак шараф, балки елкамга улкан масъулият юклади.
Насиб бўлса, келажакда Осиё ва жаҳон чемпионатлари, ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, юртим номини бутун дунёга танитаман. Бу йўлда бор куч-ғайратимни ишга соламан.
Дилноза КАМОЛОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси