Яхшилик яхши

Коллеждаги машғулотлар кеч тугади. Кеч куз бўлгани учун аллақачон қоронғу тушганди. Бунинг устига шивалаб ёмғир ёғиб турибди. Автобусдан тушгач уёқ-буёққа алангладим. Аксига олиб ҳеч ким йўқ. Уйгача иккита кўчадан ўтишим керак. Авваллари кеч қолмаганим учун қоронғуда юриш қўрқинчли эди. Ойим тоғамникига тўйга кетган. Бўлмаса аллақачон бекатга чиқиб олган бўлардилар. Ёмғир шамол аралаш ёғаётгани учун дарахт шохларида қолган яккам-дуккам япроқлар чирт-чирт узилиб ерга тушяпти. Биттаси бошимга тушди. Чўчиб бошимни ушладиму таққа тўхтаб қолдим. Рўпарамда эса каттакон ит турарди. Юзимга томган муздай томчидан ўзимга келдим.

Шошиб-пишиб портфелимдан нон олдимда унга ташладим. Ит шошмасдан келиб нонни тишлади-да четга ўтди. Йўлимда равона бўлдим. Аллақандай овозни илғаб ортимга тисарилиб қарадим. Бояги ит орқамдан лўкиллаб келяпти. Тўхтасам у ҳам тўхтади. “Ҳа олапар, қорнинг тўймадими” дедимда, қолган нонни ҳам ирғитдим. Ит нонни “хоп” этиб тутиб олдида, ютиб юборди. “Олапар” мени уйимгача кузатиб қўйди. Келинойим мени эшикни олдида кутиб олгач, ит секин орқасига қайтди.

– Жуда катта ит экан, ташланмадими ишқилиб? Телефон қилсангиз бекатда кутиб олардим. Яҳшиям ҳеч нарса қилмабди. Нақ ойимдан балога қолардим-а. Киринг, кийимингизни алмаштириб чиқинг, овқат тайёр, – деди келинойим.

Орадан анча вақт ўтди. “Олапар” эсимдан ҳам чиқиб кетди. Куз ўтди, қиш ўтди, Олапар бошқа кўринмади.

Наврўз байрамидан кейин, Дўмбирободдаги шифохонага амалиёт ўташ учун бордик. Амалиёт раҳбаримиз ҳам, шифохонадаги устозимиз Раъно Анваровна ҳам жуда талабчан. Бирор соат ҳам вақтли чиқиб кетолмаймиз. Шанба куни Амалиёт соатимиз тугаб уйга отланаётганимда, терапия бўлимига оғир беморни келтиришди.

– Шодия, сен операцияда қатнаш, кўзинг пишади, ўрганасан, – деди Раъно Анваровна, – Менга кўмаклашасан.

Бемор кўричак бўлган экан, операция унча узоққа чўзилмади. Лекин операцияда биринчи марта қатнашганим учунми, ёки қондан қўрққанимгами анча тобим қочиб қолди. Кўнглим айниб, ичим ғалати бўлаверди. Бироқ, буни Раъно Анваровнага айтишга уялдим. Хонага кириб халатимни ечдим. Бурчакдаги тумбочка устида турган графиндан муздек сув қуйиб ичдим. Юзимни ювиб, бир пас стулда ўтирдим. Сўнг беҳолгина ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим. Секин-секин юриб бекатга бордим. Уйдагиларга қўнғироқ қилиш учун сумка титкилаётганимда, автобусим келиб тўхтади.

Югуриб унга чиқиб олдим. Ҳайрият, бўш ўриндиқлар кўп экан. Дарров ўтириб муздай деразага пешонамни қўйдим. Вужудимни муздай тер босди…

– Шодия, Шодия, кейинги бекат сизники,– чиптачи бола мени танигани учун огоҳлантириб қўйди, – мазангиз бўлмаяптими, рангингиз оқариб кетибди. Ёрдам керакмасми? – деди у менга қараб.

Йўқ, йўқ яхшиман, – шошилиб ўрнимдан туриб сумкамни бағримга босганча автобусдан тушиб олдим. Ҳозир уйга етиб олсам ўтиб кетади. Ётаман-у ухлайман, хаёлимда фақат шу фикр айланарди.

Баҳор шабадаси димоғимга настарин ҳидини уфирди. Сал ўзимга келгандай бўлдим. Кун ботай деб қолибди. Сумкамни титишга ҳолим йўқ. Оёқларимни аранг судраб йўлга тушдим. Холамнинг уйигача етиб олсам бўлди… Ойимни чақиришади. Бирдан оғзим аччиқ сувга тўлди, кўз олдим қоронғулашиб кўча четидаги дарахт панасига ўтдим. Бир вақт кимдир юзимни силагандай бўлди. Кўзимни зўрға очдим. Каттакон ит юзларимни ялаётганди. Қўрқувданми, оғриқданми ҳушимдан кетдим. Кўзимни очсам уйда ётибман. Бу ёғини ойим айтиб бердилар. Ойим кечикканимдан хавотирланиб кўчага чиқиб қарасалар битта каттакон ит у дарвозамиздан бу дарвозамизга югуриб юрганмиш. Аввалига ойим қўрқиб кетибдилар. Лекин итнинг безовталаниши бежиз эмаслигини сезиб, “Олапар, олапар тинчликми”, дебдилар. Ит онамга бир пас қараб турибди-да лўкиллаб йўлга тушибди. Кейин тўхтаб орқасига қарабди. Ойим унга беихтиёр эргашибдилар. Ит ойимни холамнинг кўчасига етаклабди. Холамнинг уйи яқинидаги чинор тагида уч-тўрт киши тўпланиб турган экан. Ит вовуллаб уларга ташланибди. Кишилар итдан чўчиб ўзларини четга олишибди. Ойим бориб қарасалар у ерда мен ётган эканман. Ойим дарров мени бағрига босибди.

– Сизнинг қизингизми,– ойимга яқинлашибди бир аёл. – Биз унинг сумкасидан телефонини олиб мана бу рақамга телефон қилдик,– дебди. Шу чоқ акам машинада етиб келибди…

– Қара, жониворга берган бир бурда нонинг сени қутқариб қолди-я. Ит одамнинг дўсти деганлари бежиз эмас экан. Шўрлик ит машинамиз кетидан уйгача келди,– деди ойим.

Нонушта қилиб, ўзимга келгач, Раъно Анваровнага қўнғироқ қилиб, аҳволни тушунтирдим. У “майли бугунча дам олақол” деди. Мен ҳовлига чиқдим. Қуёш чарақлаб турибди. Ҳаво бирам ёқимли. Уйга киргим келмади. Бир пас кўча айланиш учун ташқарига чиқдим. Не кўз билан кўрайки, дарвозамиздан беш-олти қадам нарида Олапар дарвозага термулиб ётарди. У мени кўриб ўрнидан турди…

Яна ўқинг:  Фарзанд саломатлиги – бебаҳо

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: