Грейпфрутга марҳамат!

ўзимизнинг боғдан

Она заминимиз тупроғи ҳосилдор. Унга чўп қадасангиз дарахт бўлиб, кўкка бўй чўзади. Серқуёш диёрда етиштирилаётган ҳар бир мева-сабзавот борки, таъми тилни ёради, мазаси жонга оро киради.

Олтинга тенг тупроқ ва қуёшга бой ўлкамизда асрлар давомида ўрик, анжир, гилос, олма, шафтоли каби мевалар етиштирилган бўлса, бугунги кунга келиб хориждан импорт қилинадиган тропик ва субтропик мевалар ҳам халқимиз дастурхонига деҳқонларимиз томонидан етказиб берилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 40 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Ҳам отам, ҳам устозим бўлган машҳур боғбон Зайниддин Фахриддинов 10 дан ортиқ цитрус мева ва ўсимликларни, 100 дан ортиқ субтропик ва тропик ўсимлик навларини Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мослаштирган. Ота касбини давом эттирган ҳолда ўзимизнинг иқлимга мос мандарин, лимон, банан, кивининг турли навларини яратдим. Қилинган меҳнатлар беиз кетмади. Яқинда 10 йиллик тинимсиз изланишларим натижасида помело грейпфрутини ҳам юртимиз иқлимига мослаштирдим.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, цитрус меваларнинг шарбатида юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олувчи ва даволовчи шифобахш моддалар мавжуд. Уларда жароҳат ва яраларни даволашда қўлланиладиган фитонцидлар, биологик фаол моддалар, шунингдек, инсон қон томирларини мустаҳкамловчи геспериндин кўп учрайди. Айниқса, помело меваси мазаси ширин-нордон бўлиб, у жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморлар соғлигини тиклашда жуда муҳим аҳамиятга эга. Помелонинг данагидан эса организм учун зарур бўлган витаминлар олинади. Қувонарлиси, помело ўзининг ҳақиқий ватанидан фарқли ўлароқ, бизнинг ўлкада йилига 4 марта ҳосил бермоқда.

Ўзбекистонлик олимлар томонидан яратилган “Ф-1” ва “Ф-2” лимон навлари жаҳон бозорида экологик тоза маҳсулот сифатида тан олинган. Олимларимиз томонидан яратилган навларнинг ҳосилдорлиги, бетакрор таъми, микроэлементларга бойлигига тан берган хорижлик мутахассислар тез-тез бизга мурожаат этишади. Тажриба алмашиш учун бизни семинарларга таклиф этишади. Бу ҳам бўлса ўзбек олимларининг жаҳонда ўз нуфузи ва ўрнига эга эканидан далолатдир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз етиштираётган маҳаллий навларга нафақат юртимиз, балки Қозоғистон, Тожикистон, Бошқирдистон ва бошқа Европа мамлакатларида ҳам қизиқиш юқори.

Қувонарлиси, мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Шу кунларда “Ўзбекистон иқлим шароитида тропик, субтропик ўсимликларни етиштириш” номли китобини нашр этишга ҳозирлик кўрмоқдамиз. Бу китоб тропик, субтропик меваларни етиштираётган ва етиштиришни истовчи деҳқонларимизга ажойиб қўлланма бўла олади, деб умид қиламиз.

Яна ўқинг:  Сиёсий партияларнинг роли қандай?

 

Муҳаммадазиз ФАХРИДДИНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

физика-кимё полимерлар институти илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: