Фарзанд истиқболи – бахтнинг тимсоли

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Хоразм вилоят филиали раҳбари Наргиза Шарипова билан суҳбатимиз оналар ва болалар саломатлиги, соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари ҳақида бўлди.

– Наргиза Умидовна, фарзанд саломатлиги ҳақида гап борар экан, энг аввало, оналар соғлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини кўп марта эътироф этамиз. Мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” дастури шарофати билан яхши натижалар қўлга киритиляпти. Ушбу дастур мақсадларидан келиб чиққан ҳолда фонднинг вилоят бўлими қандай фаолият олиб бормоқда?

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2014 йилни Соғлом бола йили дея эълон қилиниши айни дилимиздаги эзгу ниятларни ўзида ифода этди. Шуни алоҳида қайд этиб ўтишни истардимки, “Соғлом она – соғлом бола” дастури ҳам мамлакатимизда тизимли равишда татбиқ этилаётгани боис кўзланган натижаларга эришиляпти. Соғлом миллатни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзи масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Дунёга келаётган фарзандларнинг она қорнидалигидаёқ саломатлиги қатъий назорат қилиняпти, соғлом туғилиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Шу боис, кейинги 3 йил ичида болаларимизнинг ривожланиш даражаси юксалганлигини кузатиш мумкин. Фонд ўтган йиллар давомида кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган ижтимоий муҳофазага муҳтож болаларга ўзининг тизимли равишда молиявий, моддий ва тиббий ёрдамларини кўрсатиб келяпти. Вилоятимиздаги болалар, мурувват, меҳрибонлик ва қариялар уйлари бизнинг доимий эътиборимизда. Жорий йилнинг ўзида 17 минг 922 нафар аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилди. 6 миллион 628 минг сўмдан ортиқ дори-дармонлар, гигиеник анжомлар, кийим-кечаклар тарқатилди. Қирқ нафар беморга ногиронлик аравачалари берилди. Мактабгача таълим муассасалари, мактаб ва коллежларда олиб борилаётган тиббий кўрикларга ҳамда тиббий-маърифий тадбирларга малакали шифокорлар жалб қилиниб, болаларнинг саломатлиги мунтазам равишда назорат қилиб бориляпти.

Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган грант маблағи ёрдамида “Бир йил давомида Оролбўйи ҳудуди Урганч тумани аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тиббий санитар, профилактика ёрдамини кўрсатиш” лойиҳасини амалга оширяпмиз.

– Ирсий касалликлар ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари нималарда намоён бўлади?

– Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан унинг генотипи билан белгиланади. Генотип деганда инсон организмидаги бир-бири билан ўзаро мураккаб муносабатда бўлган генларнинг йиғиндисига айтилади. Ирсий касалликлар ирсий ахборотларни наслдан наслга ташувчи генларнинг ўзгаришлари натижасида юзага келади.

Яна ўқинг:  ФАВВОРАЛАР фаровонлик тимсоли

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларда ота-оналар ташқи қиёфасидан соғлом бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ, уларнинг фарзандлари туғма ирсий касаллик билан туғилиши хавфи юқори бўлади. Чақалоқларнинг касаллик билан туғилиши, болаларнинг муддатдан олдин туғилиши, аёллар ва эркакларнинг бепуштлиги, бир ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлимнинг бир қисми ирсий омиллар билан боғлиқ.

Маълумки, ҳомила ўз генларининг тенг ярмини онасидан, иккинчи тенг ярмини отасидан олади. Ирсий касаллик ташувчи генларнинг кўпчилиги организмда яширин ҳолда сақланади. Агар инсонда битта касаллик гени мавжуд бўлса, бунинг салбий томони унинг ўзида юзага чиқмайди. Бироқ, у касаллик генини ташувчи ҳисобланиб, уни ўз фарзандига беради. Беморларда соғлом генлар мавжуд бўлмайди.

Касал ёки соғлом генларнинг берилиши уч кўринишда бўлади. Биринчи ҳолатда ҳомила иккита соғлом гендан иборат уруғдан ривожланганда у саломат туғилади. Иккинчи ҳолатда ҳомила ота-онадан бирининг соғлом, иккинчисининг касаллик генини сақловчи уруғидан ривожланади. Натижада бола соғлом, лекин касаллик генини ташувчи бўлиб туғилади. Учинчи ҳолатда ҳомила ота-онанинг касаллик генини сақловчи уруғларидан ривожланади ва хасталик билан туғилади. Шунинг учун ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳ хавфли ҳисобланади.

Гўдакнинг туғма ривожланиш нуқсони билан дунёга келиши, ақлий заифлик, жисмоний ривожланишдан орқада қолиши, тез-тез қайталанувчи ва даволаш қийин бўлган бронх-ўпка касалликлари, ўпка шамоллашидан болаларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, буйрак касалликлари, эшитиш қобилиятларининг сусайиши, суяк тизимига, (кўкрак қафаси деформацияси, умуртқа қийшайиши, тез-тез суяк синишлари), юрак қон-томир касалликлари, кўз ва таянч ҳаракат тизими нуқсонларининг қўшилиб келиши, рахит касаллиги ва уни даволашнинг оғир кечиши, оилавий неврологик хасталикларда (мушакларнинг ривожланмаслиги, тўғри юра олмаслик, титраш) асоратлари билан намоён бўлиши мумкин.

– Оналарга маслаҳатларингиз.

– Ҳар бир инсон ижтимоий муносабатларни тўғри ташкил қилишга, тиббий маданиятли бўлишга, ўз ҳаётини соғлом шакллантиришга астойдил ҳаракат қилиб, оиласи ва фарзандлари истиқболи ҳақида жиддий қайғуриши зарур. Шунинг учун ҳар қандай аёл – у она, у сингил, у опа ёки буви бўлсин, албатта ўзига тиббий сабоқларни пухта ўзлаштириб олиши керак. Сўзимни муҳтарам Президентимизнинг ушбу сўзлари билан якунламоқчиман. “Онгли яшайдиган ҳар бир одам яхши англайдики, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, ҳаёт абадийлиги, бебаҳо неъмат бўлмиш фарзанд бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша келажакни ўйлаб, эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”. Азизлар, яхши умид билан яшанг ва орзуларга интилинг!

Яна ўқинг:  Инсон ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

– Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат.

Дилбар Бекжонова суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: