Тиббиёт ва ижод муштараклиги

Тиббиётга оид 250 дан ортиқ илмий мақолалар, 50 га яқин илмий ихтиролар ҳамда рационализаторлик таклифлари муаллифи бўлган Жуманазар Бекназарни халқимиз яхши танийди.

Ёшлик даври Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Қамай қишлоғида кечган Жуманазар Бекназар бетакрор болалик дамларини, қалбида илмга, адабиётга, китобларга илк ҳавас уйғонган лаҳзаларни унута олмайди. У киши бадиий асарларни ўзгача завқ билан мутолаа қилар, китоблар уни бутунлай ўзига мафтун этган эди. Мактабни тугатиш арафасида муаллимлари ва тенгдошлари уни адабиёт йўналиши бўйича ўқишга кирса керак, деб ўйлашарди. Чунки бунга асос ҳам бор эди. У қаламкаш ёшлардан саналарди. Ёзганлари матбуотда кўриниб турарди. Аммо, Жуманазар шифокор бўлишни, одамлар соғлигини тиклашга ёрдам беришни дилига туккан эди.

“Адабиёт билан жарроҳликни қўшиб олиб борса бўларкан-ку. Балки, адабиётдан кўра жарроҳлик илми одамларга кўпроқ фойда бериши мумкин. Ахир, шифокор бўлсам, адабиётдан ажралмайман-ку!” деган фикр хаёлидан ўтди. Мактабни тугатгач Тошкент давлат тиббиёт институтига ҳужжатларини топширди. Унга омад кулиб боқди. Талабалар сафидан ўрин олди. Яна китоблар мутолааси… Тиббиёт соҳасига оид фанлар, бадиий асарлар… хуллас, Жуманазарнинг қўлидан китоб тушмади.

 

Инсоннинг маърифатли, маънавиятли, маданиятли бўлишида китобнинг ўрни бениҳоя катта. Бундай инсонлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Зиёли одам ўзининг билимини, тажрибасини, амалий кўникмаларини бошқаларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилиб, ўша ўрганган инсоннинг ўзидан бирон нарсани ўзлаштирганини кўрган пайтда унинг қувончи ичига сиғмай кетади. Мана шу шодлик, қувонч ҳислари фақат адабиётдан баҳраманд бўлган одамларда пайдо бўлиши мумкин, – дейди Жуманазар Бекназар.

 

Ҳам илмий иш, ҳам бадиий ижод билан шуғулланиш бир-бирига халақит қилмайдими? – деган саволимизга жавобан Жуманазар Бекназар шундай фикрларни баён этди:

 

Асло, балки бир-бирини тўлдиради. Масалан, Иван Сиченовнинг тиббиётда кашф этган бир қонуни бор. Бунга асосан, агар сиз бирорта иш билан машғул бўлаётган маҳалингизда ўша ишингиздан чарчаб, бошқа ишга машғул бўлсангиз, дам олар экансиз. Демак, агар илмий иш билан шуғулланган маҳалда толиқиш сезсангиз ва шу жараёнда бадиий ижод билан машғул бўлсангиз, миянгиз чарчамас экан. Сабаби миянинг илмга чанқоқ шундай марказлари мавжуд. Ҳар бир шундай марказ алоҳида-алоҳида кичкина қутичалардан иборат деб тушунаман. Масалан, илмий иш билан шуғулланган маҳалингизда ўша қутича аста-секинлик билан тўлдириб борилади ва охирида қуввати етмай қолади ёки зўриқади. Ўша зўриққан пайтда сиз чарчоқ сезасиз. Шунда бошқа соҳа билан машғул бўлсангиз энди миянинг бошқа қутиси тўла бошлайди. Бу қути ишлаётган пайтда илм жараёнидаги қутида тўпланган ахборот хотира марказига ўтади. Сўнг ўша қути бўшаб қолади. Қути бўшаган маҳалда сиз яна илм биланг шуғулланишда давом этсангиз руҳиятингизда ўзгача кайфият ва ишонч пайдо бўлади. Ишга ўзгача завқ билан киришасиз.

 

Яна ўқинг:  Ҳомиладорлар нега фақат ўзимизнинг маҳсулотларни тановул қилиши керак?

Жуманазар Бекназар ўз ишидан, илмий ва ижодий меҳнатдан завқ олади. Илҳом билан қалам тебратади. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтди:

 

Киккули деган машҳур кимёгар бўлган. У чарчагач, уйқуга кетади. Туш кўради. Узоқдан бир илон думларини ҳар хил шаклларга солиб, ўйнатиб Киккулининг яқинига келади ва думини тишлайди. Киккули уйғониб кетади. Тушидаги ҳолатдан ҳайратланади. “Демак, занжирсимон формулани олиб келиб, бир-бирига айлантириб қўйсак бўлди, бу циклик равишдаги формула бўлар экан!” деган фикрга келади. Қарабсизки, бензол формуласи кашф этилади. Киккули Нобель мукофотига сазовор бўлади. У бу даражага етгунча қанча ташвишларни ва руҳий зўриқишларни бошидан кечирди. Илмий ғоясини амалиётга татбиқ этгач эса қалби завққа тўлди. Тиббиётда ҳам адабиётда ҳам худди шунақа. Ўз ишингдан завқланишга не етсин?!

Шеъриятда сиз бирор мазуни мақсад қилиб турганингизда, гўёки коинотдан бирорта сўз ёки янги ғоя тўсатдан миянгизга урилади. Шу заҳотиёқ ҳозиргина миянгизга келган сўзни, ғояни қоғозга туширсангиз, шеър яралади. Қоғозга тушган мисраларни ўқиб, ўзингиз ҳам лол қоласиз. Тиббиётда ҳам қанчалик соҳа ичига кириб борсангиз, янгиликларни ўйлай бошлайсиз. “Жарроҳлик операциясини мана бу томонини сал бундайроқ қилиб ўзгартирсам қандай бўларкин? Унинг асоратлари камаярмикан ёки беморга нисбатан мана шу нарса яхши фойда берармикан?” деб ўйлаётган пайтингизда янги ғоя бирдан миянгизга урилади. Янги ғоя сизга маъқул бўлгач: “Ҳа, шу ерда мана бу усулни қўлласам зўр бўларкан” дейсиз. Янги илмий ғояни амалиётга татбиқ этсангиз ва у ўзингиз ўйлаганданда муваффақиятли чиқса борми, қалбингиз беихтиёр завққа тўлади. Сиз гўё самода учасиз ўша онда…

 

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназар вақтни ниҳоятда қадрлайди. Ўқиб-ўрганишдан, изланишдан, меҳнатдан сира эринмайди. Шу боис, қайси ишга қўл урмасин унинг самарали бўлишига эришади. Унинг илмий ва ижодий муваффақиятлари фикримиз далилидир.

 

Абдулла АЙИЗОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: