Эҳтиромнинг масъулияти бўлакча

Давлатимиз раҳбари 10 август куни пойтахтда қурилаётган бир қатор иншоотлар, кўприклар, боғча-ю шифохоналар, жумладан Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига атаб барпо этилаётган кўп қаватли уйлар билан танишар экан, шу баҳона ижод аҳли билан ҳам суҳбатлашди.

Мен телевидение орқали Юртбошимизнинг мамлакатимиз ва хориж давлатлари бўйлаб қилган сафарлари, мамлакатлар ўртасида тузилган битимларни кўп қатори синчиклаб кузатаман. Қизиқишим сабаб, Президент билан учрашган ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва бошқа соҳа вакиллари билан ҳам кўп бора суҳбат қурганман. Аммо бу галги учрашув, ундаги фикрлар, талаб ва таклифлар менда ўзгача таассурот қолдирди. Бир давлатга йўл солиш, шартнома тузиш, иш ўрни яратиш… Бу ойнаи жаҳон орқали кўрганимдек осон юмуш эмас экан.

Бунинг нақадар машаққатли иш эканини суҳбат жараёнида англадим. Негадир хаёлимдан бир воқеа айланаверди, айланаверди. Юртбошимизнинг шу йили Олмазор туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказида бўлиб, Карлар жамиятининг уч нафар аъзосига Тошкент шаҳридан уй совға қилган эди. Уй соҳиблари орасида Сирожиддин ҳам бор эди. Уни йўқлаб бориб, узоқ суҳбатлашдим. Ўшанда Сирожиддин уй калитини олаётиб, Президентга Англияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлишни ваъда қилган эди. Буни қарангки, у сўзининг устидан чиқди. Мусобақага кечикиб боришига қарамай, рақибларига имконият қолдирмади. Юртбошимизга берган ваъдасини бажарди.

Ёзувчилар учун қурилган уйлар қаршисида суҳбатлашар эканмиз, негадир ўзимни Сирожиддинга ўхшатдим. Бу муҳташам уйларда яшайдиган ҳар бир ижодкор, энг аввало, халқ, Президент олдида қарздор эканини ҳис қилдим. Эртами, кечми биз ҳам миллат эгаларининг тафаккури, шуурини бойитадиган ижод намуналарини яратиб, бу қарзни узишимиз керак, деб ўйладим. Аслида-ку, адабиётни тақдири санаган ижодкор ҳеч бир рағбатсиз ҳам халқ олдида қарздорлиги рост. Аммо шунча эътибор ва эҳтиромнинг масъулияти бўлакча.

– Нега мен халқни маънавиятли бўлишини хоҳлайман, чунки ҳеч бир ривожланган давлатни маънавиятсизлик устига қуриб бўлмайди. Сизлардан илтимос ва талаб, бўш асар ёзманглар, китобни мавқеини кўтаришга, халқимизни, болаларимизни маънавиятли қилишга кўмаклашинглар, – деганларида очиғи титраб кетдим. Устозларимиз Наим Каримов, Иброҳим Ғафуровлар билдирилган катта ишонч ва ҳурмат учун миннатдорлик билдирар экан, бу буюк халқ олдида ҳар бир ижодкор бурчли эканини таъкидлади.

Яна ўқинг:  Айдаркўл соҳилларида

– Мен неча замонлардан бери бир асар таржимасига қўл уролмай келаётган эдим, – деди Иброҳим Ғафуров. – Сиздаги жўшқинлик, чорлов менга куч бағишлади ва ўша руҳ билан Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” романини ниҳоясига етказиш арафасида турибман. Бунинг учун сизга раҳмат…

“Ёш китобхон” танлови ҳам кўпчилик ёшларга китоб ўқитгани рост. Юртбошимиз “мен ёшларнинг китоб ўқишлари учун керак бўлса, 20 та машина совға қилишга тайёрман” деганларида ўзимдан уялиб кетдим. Ахир китобни одам ўзи учун ўқийди-ку. Китоб табиий эҳтиёж-ку, наҳотки ҳамма бирор рағбат учун ўқиса, деган аччиқ ўй ўтди.

Тушундимки, сўз аҳли ҳеч бир топшириқсиз, манфаатсиз ёнавериши керак. Мен шу учрашувдан бир олов олгандай бўлдим. Ишонаманки, уни асло ўчирмайман.

 

Бобур ЭЛМУРОД,

шоир

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: