Соғлиқ – турмуш тарзига боғлиқ

В ва С гепатит

В гепатити энг кўп тарқалган инфекцион касаллик ҳисобланади. Бу хасталик жигарни шикастлайди. Касаллик ўткир ва сурункали кечиши мумкин.

Сурункали гепатитнинг ривожланишига моддалар алмашинувининг бузилиши, нотўғри овқатланиш, алкоголизм ва ҳакозолар сабаб бўлиши мумкин. Касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи одам ҳисобланади. Хасталик жинсий йўл билан ёки беморнинг қони орқали ҳам юқиши мумкин. Бундан ташқари вирус онадан болага туғруқ жараёнида юқиши мумкин. Гепатит билан касалланган кўпгина беморларда хасталикнинг сурункали тури ривожланиши кузатилади. Бу эса ўз навбатида жигар циррози ва жигарнинг бирламчи ракини келтириб чиқаради. Маълумки, ушбу касалликларнинг сурункали турга ўтиши мудҳиш оқибатлар билан тугайди. ОИВга нисбатан гепатити вируси 100 марта юқумлироқдир. Яна бир муаммо В гепатит узоқ вақт давомида клиник белгиларсиз кечиши мумкин. Ўз навбатида бу хасталикнинг яширин кечишига замин яратади. Ҳамда шифокорларнинг ўз вақтида касалликни аниқлашини мураккаблаштиради. В гепатитнинг олдини олиш учун профилактика мақсадида соғлом инсонлар эмланади. С гепатитдан ҳимояланиш қийинроқ. Бу гепатитнинг асорати сифатида ривожланган жигар циррозини фақатгина ўзак ҳужайралар ёрдамида даволаш мумкин. Аммо тиббиётнинг бу ноанъанавий йўналиши ҳали тўла жорий қилинмаган.

ОИВ ва ОИТС

ОИВ (одам иммунтанқислиги вируси) – Бу инфекция одам организмида узоқ йиллар давомида кузатилади. Бемор ўз вақтида шифокорига мурожаат этиб даволанмаса, унинг иммунитети жуда пасайиб кетади. Натижада турли юқумли касалликларга нисбатан организмнинг қаршилик кўрсатиши сусаяди. Баъзан беморда 6-10 (айрим ҳолатларда 20) йилдан сўнг ОИТС — орттирилган иммунтанқислиги синдроми ривожланади. Мудҳ­иш оқибатларга олиб келувчи ОИТС ижтимоий инфекция бўлиб, унинг давоси йўқ. ОИВ уч хил йўл билан юқади. Тасодифан беморнинг қони текширилмасдан бошқа беморга қуйилса, шунингдек, хас­та ҳомиладор онадан болага, жинсий йўл билан юқади.

Ушбу касалликка асосан гиёҳвандлар ва пала-партиш жинсий ҳаёт кечирувчи кимсалар кўпроқ йўлиқишади. Яна гиёҳвандлар стерилланмаган шприцдан умумий фойдаланганда ҳам қон орқали касаллик бемордан соғлом одамга юқади. Косметологик муолажалар (пирсинг, татуаж ниналари), стоматологик асбоб-ускуна ва ниналар, сартарошхонада эса қайчи, устара, педикюр ҳамда маникюр учун қўлланиладиган асбоблар етарлича зарарсизлантирилмаса ҳам касаллик юқиш эҳтимоли юқори бўлади.

Яна ўқинг:  Соғлом тишлар жозибаси

ОИВ юқтириб олмаслик учун соғлом турмуш тарзига риоя этиш керак.

Заҳм

Заҳм – энг қадимги венерик касалликлардан бири. Юнонча севги маъбудаси Венера шарафига (жинсий йўл билан юққани учун) аталган. Бу касаллик жинсий йўл билан ва баъзан бемор билан яқин мулоқотда бўлганда ҳамда онадан болага юқади. Заҳмда нафақат тери балки, шиллиқ қаватлар, ички аъзолар суяк — мушак ва асаб тизимининг катта қон томирлари зарарланади. Заҳм юқтириб олган беморда дастлаб касаллик белгилари тез намоён бўлмайди. Бу эса хаста кишига ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва даволашни кечиктиради. Касалликнинг сўнгги босқичида беморни даволашнинг иложи йўқ. Аста-секинлик билан беморнинг барча аъзолари емирила бошлайди.

Гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик

Мутахассисларнинг фикрича собиқ гиёҳванд ва ичкиликбозлар бўлмайди. Узоқ вақт давомида заҳри қотилни истеъмол қилган кимсалар дунёга ўзгача ширакайф назар билан қарайди. Уларнинг соғлом фикрли инсонлар билан «тил топишишлари» қийин кечади. ОИВ ва заҳм ижтимоий касаллик бўлгани каби, бу иллатлар ҳам иродаси суст шахсларни ўз комига тортади. Бу ёмон иллатларга одам жисмонан эмас руҳан қарам бўлиб қолади. Энг ёмони гиёҳвандликка ва ичкиликка мубтало бўлган шахсларнинг феъл-атвори салбий томонга ўзгариб, жамиятга хавф солади. Фақатгина кучли иродали шахслар мутахассис – наркологлар ва яқинлари кўмагида бу офатдан қутилиши мумкин.

Сурункали чарчоқ синдроми

Тезкор ва шиддатли ахборот асри нафақат фан-техниканинг ютуқларини намойиш этмоқда, балки янги касалликларнинг ривожланишига ҳам кенг йўл очмоқда. Сурункали чарчоқ синдроми ана шундай касалликлардан бири. Илк маротаба 1984 йилда бу хасталик ҳақида сўз юритилган эди. Касалликка хос белгилар – сурункали чарчоқ, ишга лаёқатнинг сусайиши. Инсон меҳнат таътилидан дам олиб қайтсада жисмоний ва руҳий толиқишни ҳис этади.

Ҳозирда бу хасталик кўпроқ экологик ноқулай шарт-шароитларда яшаётган аҳоли ўртасида кўп учрамоқда. Атроф-муҳитнинг кимёвий заҳарли моддалар билан ифлосланиши ва радиоктив моддаларнинг таъсири сабабли инсон организми заҳарланади. Бу салбий омиллар иммун тизимига таъсир этиб, унинг фаолиятини издан чиқаради. Организм­даги яширин вируслар фаолиятини оширади. Бу эса ўз навбатида марказий асаб тизими фаолиятига таъсир этади. Бу ҳолат барча ёшдаги одамларда кузатилади. Айниқса, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи инсонлар сурункали чарчоқ синдромидан кўпроқ азият чекишади. Хасталикнинг доимий белгилари сифатида кўзга яққол ташланувчи чарчоқ ва мушакларнинг бўшашиши, уйқунинг бузилиши, кайфиятнинг ўзгариб туриши, руҳий тушкунлик (депрессия) кузатилади. Айрим шифокорлар ҳали ҳам сурункали чарчоқ синдромини касаллик сифатида тан олмайди. Шу сабабли ҳам кўпгина беморлар уларга мурожаат этганда қийинчиликларга дучор бўлишади. Бундай касалликни даволашнинг йўли беморлар ўз вақтларини тўғри тақсимлаб, дам олишга ҳам имконият яратишлари зарур. Ҳаддан ташқари ҳолдан кетар даражада ишлаш ҳар қандай одамни тўшакка йиқитиши аниқ.

Яна ўқинг:  Иш жараёнида ўрта жисмоний куч талаб этиладиган касб эгалари учун машқлар

Грипп

Бир қарашда безарар кўринган грипп ҳар йили миллионлаб одамларни «қатордан чиқаради». Касалликнинг ўзидан ҳам унинг асоратлари ёмон оқибатларга олиб келади. ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)нинг асорати сифатида баъзан мудҳиш оқибатларга олиб келувчи пневмония (зотилжам) ривожланиши мумкин. Бундан ташқари ринит, синусит, бронхит, отит, миокардит, менингит, энцефалит каби хасталиклар ва сурункали касалликлар кузатилади. Перикардит (юрак мушагининг яллиғланиш касаллиги) баъзан юрак етишмовчилигига олиб келади. Гриппдан профилактика мақсадида эмланиш зарур. «Парранда гриппи»дан ҳам эҳтиёт бўлиш шарт. Аммо унга қарши вакцина мавжуд эмас. Фақатгина шифокор тавсияларига амал қилган ҳолда парранда гриппининг олдини олишга доир «йўриқнома»ни батафсил ўқиб чиқиш керак.

Замбуруғли касалликлар

Статистик маълумотларга кўра жаҳонда ҳар беш кишидан бири замбуруғли касалликлардан азият чекади. Айниқса, тирноқлар ва сочларнинг замбуруғли касалликлари кенг тарқалган. Бу хасталикларнинг қўзғатувчиси замбуруғлар (қуйи даражадаги ўсимлик организм­лари) бўлиб, улар тайёр озуқага эҳтиёж сезади. Тери ва уларнинг ҳосилалари (соч ва тирноқлар) улар учун озуқа муҳити ҳисобланади. Замбуруғлар турли йўллар билан юқади. Бемордан соғлом одамга ва хасталанган ҳайвонлардан (кемирувчилар, мушук, ит, сигир, от) ҳам юқиши кузатилган. Шунингдек, беморнинг буюмларидан ҳам касаллик юқиши мумкин. Замбуруғлар ташқи муҳитга чидамли бўлиб, уларга қаттиқ совуқ ва радиация ҳам таъсир этмайди. Ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларида замбуруғлар узоқ вақт яшашга лаёқатли. Терининг яхлитлиги бузилса, яъни у шикастланса (микротравма, бичилиш, шилиниш, узоқ вақт қўл ва оёқларга сув таъсир этиб, тери шишиб, бўкса), шунингдек, организмнинг умумий ҳолсизлиги, иммунитет пасайиши (экдокрин тизими, ички аъзолар, асаб тизими касалликлари) кузатилса замбуруғли касалликларга кенг йўл очилади. Айниқса, оғир ётган беморларга замбуруғли хасталиклар катта хавф солади. Сабаби уларнинг иммунитети жуда пасайиб кетади. Инфекцион ва сурункали хасталикларда организмнинг умумий қуввати пасайиб, касалликларга қарши чидамлилиги сусаяди, тернинг кимёвий таркиби ўзгаради. Тери ва сочнинг кўриниши ўзгариб,асаб ва эндокрин тизимида ўзгаришлар кузатилади.

Саратон (рак)

Бу касаллик номини эшитган одамнинг аъзои баданида титроқ туради. Хавфли ўсмаларни охирги бос­қичларда даволашни шифокор-онкологлар иложи йўқлигини билишади. Меъёрдаги фаолият юритиш хусусияти ўзгарган ва организм билан ўзаро боғлиқлиги бузилган хужайралар атроф тўқималарга ўсиб киради, уларни парчалаб, метастаз беради. Яъни, хавфли ўсма шаклида улар ҳисобига яшаб, иккиламчи шишларни ҳосил қилади. Маълумки, кекса ёшли кишиларда саратон касаллиги кўпроқ учрайди. Бунга сабаб (90-95 фоиз ҳолатларда) атроф-муҳитнинг салбий таъсири, чекиш, юқори калорияли овқатланиш, семиз­лик, вируслар, сурункали инфекция ўчоқлари, алкоголизм, ҳавонинг ифлосланиши, гиподинамия (камҳаракатлик). Хасталикка ирсий мойилликни ҳам эътиборга олиш зарур. Агарда ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтса ҳамда профилактика мақсадида ўсма (рак) илк босқичда аниқланса хавфли ўсмани жарроҳлик йўли билан олиб ташлаб, унинг метастаз (бошқа аъзоларга ўсиб кириши, беришининг олди олинади.

Яна ўқинг:  АЛИФБЕНИ “ЗАБТ ЭТАЁТГАН” ХАСТАЛИК

Сил

Сил касаллиги ҳаво-томчи йўли билан тарқалади. «Кох таёқчаси – сил микобактерияси бемордан соғлом одамга юқиши мумкин. Айниқса, иммунитети паст одамлар, кекса ва ёш гўдакларга сил тез юқиши мумкин. Касаллик манбаи-силнинг очиқ тури билан касалланган бемор ҳисобланади. Касалликнинг бу турида бемор бал­ғамида кўп миқдорда «Кох таёқчалари» кузатилади. Бемор йўталганда ва аксирганда унинг балғами орқали атрофга микобактериялар тарқалади ва ҳавода муаллақ ҳолатда осилиб туради. Сўнгра бу инфекция соғ­лом одамнинг юқори нафас йўллари орқали унинг ўпкасига тушади. Одатда сил касали билан зарарли иллатларга берилган ичкиликбоз ва гиёҳванд, кашанда ҳамда юқори нафас йўллари, ўпкаси тез-тез шамоллайдиган тўйиб овқатланмайдиган, зиққинафас (астма)га чалинган шахслар оғрийди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: