Бугун ва келажакни боғловчи кўприклар

Бундай кенг кўламли ва эзгу ишлар туфайли пойтахтимиз йўлларининг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланмоқда.

…Мана шундай замонавий кўприкнинг қисқа вақтда барпо этилгани мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришаётганидан далолатдир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Мамлакатимизда, айниқса, пойтахтимизда йилдан-йилга транспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси йилдан йилга юксалиб бораётганидан далолатдир.

Шу нуқтаи назардан автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида йирик кўприклар барпо этилмоқда. Шунингдек, шаҳар қиёфасини бутунлай янгилашда, экология нуқтаи назаридан ҳам муҳташам ва замонавий кўприкларнинг ўрни беқиёс.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда умумий қиймати 42 миллиард сўм бўлган транспорт боғламаси барпо этилди. Бу иншоот, пиёдалар ўтиш жойи ва олти полосали замонавий автомагистрални ўз ичига олади.

Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 пОлОсали мазкур йўл ўтказгич “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси қурувчилари томонидан икки ойда қуриб битказилди.

Иншоотнинг икки томонида пиёдалар учун ер усти ўтиш йўлаги барпо этилган. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатилган.

Истиқлол йилларида кенг ва равон йўллар, замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар қуриш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди. Айниқса, пойтахтимизда бунёд этилаётган янги йўл ўтказгичлар транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш билан бирга, шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Юнусобод туманидаги Боғишамол ва Янги шаҳар кўчаларини туташтирган янги кўприк мазкур соҳада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.

Мазкур кўприкнинг асосий вазифаси Тошкент ҳалқа йўли ва Амир Темур шоҳ кўчасидан ўтадиган транспорт оқимини камайтиришдан иборат. Кўприкнинг узунлиги 423 метр, баландлиги 5,5 метр ва кенглиги 33 метр. Ушбу иншоот Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларини бир-бирига улайди. Янги кўприк устида автомобиль ҳаракати учун 8 қатор йўлак, кўприкнинг икки четида пиёдалар учун кенг йўлаклар барпо этилган. Ён-атрофдаги майдонлар ободонлаштирилган, автобус бекатлари ва ер ости пиёдалар йўлаги барпо этилган. Шунингдек, Кичик халқа йўли ва Фарғона йўли кўчаси кесишган жойдаги йўл ўтказгич турар жой мавзесини айланиб ўтиб, шаҳарнинг шарқий қисмини марказ билан боғлайди. Кўприкнинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми эса реконструкция қилинган. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан қурилди. Икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилган. Бу ҳайдовчи ва йўловчиларга қулайлик яратиш баробарида ҳаракат хавфсизлигини ҳам таъминлайди.

Яна ўқинг:  Бировники буюрмайди

Тошкент шаҳрида 2030 йилгача бир қанча йўл ва кўприклар қуриш ҳамда уларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Унга кўра пойтахтимизда автомобиллар қатновини тартибга солиш мақсадида 93 километр янги йўллар қурилиб, мавжуд 140 километр йўл реконструкция қилинади. Бундай бунёдкорлик ишлари натижасида иқтисодий-ижтимоий инфратузилма ривожланиб, пойтахтимизда яшаш учун қулайликлар янада ортади.

 

Д. ФАЙЗИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: