Билимдон бола қандай тарбияланади?

Ёзги таътил ҳам тугашига кам вақт қолди. Ҳа, демай, фарзандларимиз янги ўқув йилини ҳам бошлаб юборади. Узоқ дам олишдан кейин ўқиш жараёнига кўникиш улар учун бироз қийин кечади. Айниқса, мактаб остонасига илк қадам қўйган болажонларимизни янги ҳаётга ўргатиш муҳим саналади.

Мактабда таълим олиш ижтимоий-психологик ва физиологик жиҳатдан бола ҳаётидаги мураккаб ва масъулиятли даврдир. Унинг қалбида ўқишга бўлган хоҳишни сўндирмаслик, билимга чанқоқликни сақлаб туриш учун болани интизомли бўлишга ўргатиш лозим.

Мазкур ҳолатда ота-она ва ўқитувчининг ҳамкорлиги муҳим ҳисобланади. Болаларга берилаётган ёрдам уч йўналишда бўлиши лозим.

Биринчи йўналиш – бола учун кун тартибини ташкиллаштириш. Ўқувчи учун ўқув юкламасини осон бажаришга, асаб тизимини чарчашдан ҳимоя қилишга, яъни соғлигини мустаҳкамлашга имкон яратиш. Бундан ташқари машғулотларнинг аниқ тартиби меҳнатнинг асоси ҳисобланади. Кун тартибига қишлоқ ёки шаҳарда яшаш шароитидан келиб чиқиб, уй-хўжалик юмушларини киритиш лозим. Бундай юмушлар кам бўлиши, лекин бола бу борадаги вазифаларини доимий бажариши керак.

Шунингдек, кун тартибига кунлик китоб ўқиш, вазифаларни астойдил бажариш ва болани дарс тайёрлашда зериктирмаслик керак. Кўп китоб ўқиган бола ақлан тез ривожланади, бехато ёзишга ўрганади, масалани ечишда қийналмайди. Агар сиз ундан ўқиган ҳикоя ёки эртагини сўзлаб беришни сўрасангиз, нур устига аъло нур бўлади. Чунки уни эшита туриб, талаффузини, гап тузишидаги хатоларини тўғрилайсиз. Шундай қилиб, бола ўз фикрини баён қилишга ўрганади.

Кун тартибини белгилашда яна бир муҳим масала – бола севимли машғулоти билан шуғулланиши учун унга бўш вақт ажратиш. Бу ўринда асосийси, уни назоратсиз қолдирмаслик ва бошқа ишлар билан чалғитмаслик керак.

Иккинчи йўналиш – уй вазифасини бажаришини назорат қилиш. Назорат доимий, бошланғич синфларда ҳар куни бўлиши лозим. Мактабга энди қадам қўйган ўқувчи сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлади. Унга уйга вазифани бажаришни эслатиш, дарсини қилиб бўлгунча бола билан бирга ўтириш талаб этилади. Муҳими, вазифани бажарганлигини эмас, балки дарс тайёрлаш жараёнини назорат қилиш, айрим қийинчиликларни енгиб ўтишида ёрдам кўрсатишдан иборат. Назорат давомида бола бугун мактабда нимани ўрганганини, ўқув материалини қандай тушунганини, бажарган ҳаракатларини қандай тушунтириб бериши билан қизиқсангиз мақсадга эришган бўласиз.

Яна ўқинг:  Тансиқ салат

Фарзандингиз сиздан маслаҳат ёки ёрдам сўраганда унга мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш, исботлаш, қилаётган ишини олдиндан режалаштиришга ўргатиш йўналишида иш олиб бориш керак. Шунингдек, болада уй вазифасини сўзсиз бажариш одатини шакллантириш лозим. Яъни, об-ҳавонинг қандай бўлиши, қизиқарли теледастур борлиги ёки туғилган кун нишонланиши, меҳмонга бориш бунга таъсир этмасиги керак.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бола ҳар куни бир вақтда дарс тайёрлашга ўтириши, ақлий меҳнат билан шуғулланишга мойиллик ҳолатини келтириб чиқаради. Дарс тайёрлашда яна бир муҳим жиҳат – боланинг ишлаш тезлигидир. Шунинг учун ҳар бир вазифани бажарганда унга вақт белгилаш (олдида соат бўлиши) мақсадга мувофиқ.

Учинчи йўналиш – болани мустақил бўлишга ўргатиш. Уй вазифасини текшираётганингизда фарзандингиз йўл қўйган хатони кўрсатишга ошиқманг. Камчилигини ўзи топсин. Унинг саволига тайёр жавобни берманг. Шунда бола фикрлайди ва сиздан тўғри жавобни кутмайди. Тушунмаган мисолини ўзи ечишга ҳаракат қилсин. Кейин мисолни тўғри ёки нотўғрилигини унга тушинтиринг. Акс ҳолда болалар эркалик қилиб, улар учун кимдир ишлашини хоҳлайдилар.

Кичик ёшидан болани мустақил фикрлашга ва дарсларни ўзи тайёрлашига секинлик билан ўргатиб боринг. У сизнинг ёрдамингизга суяниб қолишидан эҳтиёт бўлинг! Шунда сиз фарзандингизни мустаҳкам билим олишига ва келажакда юксак чўққиларни эгаллашга имконият яратган бўласиз.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: