Замонавий шифо масканлари: беминнат хизматдан аҳоли мамнун

Саломатлик – туман бойлик эканлигини чуқур англаб етган инсон, нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг ҳам осойишталигини сақлайди. Чунки бемор одамнинг дард туфайли озор чекиши, унинг яқинларини ҳам ташвишга солади.

Самарқанд вилояти Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳоли саломатлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар боис, 137 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи туманда 268 ўринли туман марказий шифохонаси, вилоят Шошилинч тиббий ёрдам марказининг туман бўлими, бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи 25 та амбулатория-поликлиника муассасалари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Мазкур муассасаларда 200 нафарга яқин тажрибали шифокорлар ва 700 га яқин малакали ҳамширалар меҳнат қилишади.

Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан «Соғлом она – соғлом бола» тамойилига асосан фертиль ёшидаги аёллар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилади. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида 36 минг 54 нафар аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, текширув жараёнида аниқланган касалликлар бўйича даволаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, тумандаги 37 мингдан зиёд болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, ташхис натижаларига кўра аниқланган бемор болалар соғломлаштирилди.

Айни вақтда бутун республикамизда бўлгани каби туманда ҳам болаларни профилактик эмлаш миллий тақвимига мувофиқ, вирус ва бошқариладиган инфекцияларга қарши эмлаш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Болажонлар режали равишда вирусли гепатит, сил ва шол, бўғма касалликларига қарши эмланиб борилмоқда.

Маълумки, янги оила қураётган ёшлар қанчалик соғлом бўлса, туғилажак фарзандлар ҳам ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилдаги 365-сонли қарорига асосан Оқдарё туманида ҳам никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тизими ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг олти ойи давомида бир ярим мингга яқин ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари туман хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар ва прокуратура ходимлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ҳам аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Ушбу ҳамкорлик асосида тузилган дастурга кўра шифокорларимиз маҳаллалар, мактаблар, касб-ҳунар коллежларида бўлиб, оилавий қадриятлар, соғлом оилани шакллантириш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, тўғри овқатланиш, гиёҳвандлик иллатларига қарши курашиш бўйича тар­ғибот-ташвиқот ишларини олиб боришаяпти. Айниқса, «Соғлом турмуш тарзи асослари», «Бехатар оналик», «Ёш оила мактаби», «Оила психологияси» каби мавзулардаги суҳбатлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  ҚАЛАМ ҲАҚИ пенсияга таъсир қилмайди(ми)?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ўтган йиллар давомида Оқдарё туманидаги 22 та қишлоқ врачлик пунктларининг барчаси жорий таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Шунингдек, бирлашмада касаба уюшмаси томонидан тиббиёт ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилади. Жумладан, тиббиёт ходимларини сиҳатгоҳ ва дам олиш масканларига юбориш, ходимларнинг фарзандларини ёзги оромгоҳларга жўнатиш каби ишлар мунтазам амалга оширилади. Албатта, бундай хайрли ишлар жамоадаги соғлом муҳитни шакллантириб, ҳар бир ходимнинг ўз вазифасига сидқидилдан ёндошишини таъминлайди.

Туюн ЭШНАЗАРОВ,

Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: