Зиғир

Зиғир — бўйи 150 сантиметргача борадиган бир йиллик ўсимлик. Пояси ингичка, барглари чўзиқ наштарсимон, гуллари поя учида рўвак ҳосил қилади. Меваси шарсимон майда кўсакча, одатда, унинг ичида ўн дона уруғ бўлади. Бу уруғлар тухумсимон шаклда, силлиқ, жигарранг тусда.

Зиғир уруғида 50 фоизга қадар мой мавжуд. Унинг таркибига линоленат, линолат, олеинат, пальмитинат ва стеаринат кислоталар киради. Шунингдек, зиғир уруғида мойдан ташқари шилимшиқ моддалар, оқсиллар, углеводлар, органик кислоталар, ферментлар, А дармондориси ҳам бор.

Халқ табобатида зиғир уруғи ва мойи кенг қўлланади. Бронхлар, ўпканинг яллиғланиш касалликларида уруғи балғам кўчирувчи ва йўталга қарши восита тариқасида, сурункали колитда сурги сифатида ишлатилади. Уруғидан тайёрланган қайнатма циститни даволашда, қовуқ тошларини туширишда ишлатилади, зиғир мойи эса холецистит, колит, бавосил ва сил касаллигида даво бўлади.

Ибн Сино балғамли йўталда, пешоб йўлларининг ярали касалликларида зиғир уруғини қовуриб ейишни буюрган. Ушбу маҳсулот тинкани қуритадиган йўтал, ичак оғриқлари вақтида ҳам яхши наф беради, пешоб ҳайдовчи, терлатадиган таъсирга эга, эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиради.

Замонавий тиббиётда зиғир уруғидан шилимшиқ модда, зиғир мойи ва линетол препарати олинади. Зиғир уруғида бўладиган шилимшиқ модда ўраб олувчи восита сифатида дориларнинг ачиштирадиган таъсирини камайтиради, ёқимсиз мазаси ва ҳидини йўқотади. Зиғир мойи склерозга қарши восита, шунингдек, сурги тариқасида ишлатилади. Линетол терининг куйган жойлари ва яраларга суртилади.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Яна ўқинг:  Қобиқ ичидаги хазина

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: