Чанқовбосди: нимани, қанча, қандай ичган маъқул?

Одамлар бошқа фасллардагига қараганда ёзда тезроқ чанқайди. Чунки иссиқ пайтларда организмда сув алмашинуви жадаллашади. Тер, буғланиш миқдори ошиши вужудда сув миқдори тез камайишига, суюқлик истеъмоли ошишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолат иссиқ иқлимли ўлкаларда меъёрий физиологик жараён бўлиб, у вужуддаги барча ҳаётий кўрсаткичларни тегишли чегарада сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Савол туғилади: одам чанқаганида нимани, қачон, қай тариқа ва қанча миқдорда ичса, организмига фойда келтиради?

Маълумки, иссиқда инсон терлайди. Терлаш туфайли вужудда, шу жумладан, қонда ҳам сув миқдори камаяди ва бош миянинг гипоталамус қисмида махсус нерв марказлари қўзғалиб, киши чанқоқни ҳис қилади. Ушбу ҳолатга барҳам бериш учун анча-мунча сув ичишга тўғри келади. Шунда чанқоқ сал-пал пасаядию, бироз вақт ўтиши билан яна ташналик ҳисси пайдо бўлади. Ана шундай ҳолларда кўпчилик сув истеъмол қилишда адашади, ортиқча сув ичади. Натижада нохуш ҳолатларга учрайди, юрак-қон томирлари, буйраклар ишига қўшимча юклама тушади, киши беҳузур бўлади ва ҳоказо.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кўп терлаш туфайли танани нафақат сув, балки керакли минерал моддалар, масалан ош тузи ва моддалар алмашинуви натижасида ҳосил бўладиган бошқа ҳар хил мураккаб кимёвий моддалар комплекси ҳам тарк этади. Ташналикни босиш учун эса тоза сув ичилади, холос. Бу йўл билан вужуднинг сувга бўлган эҳтиёжи қондирилса-да йўқотилган моддаларга бўлган талаби очиқ қолаверади ва чанқоқ босилмайди. Шу боис ота-боболаримиз ёз пайтлари тоза сув ўрнига асосан айрон, чалоп, кўк чой ичишган. Чунки сут маҳсулотларидан тайёрланган суюқ ичимликлар таркибида сувдан ташқари айнан терлаган пайтда танани тарк этадиган моддалар ҳам бўлади. Кўк чойда эса 160 дан ошиқ шундай моддалар бор. Шунинг учун ҳам ёзнинг иссиқ кунларида сув ўрнига чой ичган маъқул.

Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, сувсаганда ичиладиган суюқликнинг таркиби ва миқдоридан ташқари, уларни қандай ичиш ҳам муҳим. Узлуксиз хўплашми ёки қултумлаб ичишми? Агар суюқлик қултумлаб, секин-аста ичилса, оғиз бўшлиғидаги махсус нерв учлари (рецепторлар) тегишли даражада таъсирланиб, бош миядаги сувдан тўйиниш марказига етарли миқдорда нерв импульслари юборади ва тезроқ қониқиш ҳосил бўлади. Идишдаги ичимлик тўхтовсиз ичилганида эса (кучли чанқаганда кўпчилик айнан шундай қилади) рецепторлар орқали мияга хабар секин боради ва қабул қилинган суюқлик миқдорига нисбатан қониқиш ҳисси бирмунча кеч юзага келади. Натижада эҳтиёжга қараганда кўп ичимлик ичиб қўйилади.

Яна ўқинг:  Товада пиширилган пицца

Ёзда чанқоқнинг кучайишига терлаш туфайли танадаги қон реакциясининг (кислотали-ишқорий мувозанатнинг) кислотали томонга оз бўлса-да сурилиши ҳам олиб келади. Одатда қонда ушбу кўрсаткич кучсиз ишқорий. Кўп терлаш эса мувозанатни бузади. Натижада моддалар ва энергия алмашинуви ўзгаради, юрак-қон томир, ҳазм қилиш тизимлари меъёрида ишламайди. Шундай пайтда ташналик юзага келиб, сув ичилади ва вазият бироз яхшиланади. Агар қабул қилинган суюқлик таркибида сувдан бошқа юқорида айтиб ўтилган моддалар ҳам етарли бўлса, қон реакцияси меъёрлашади. Бунинг учун эса истеъмол қилинадиган суюқликнинг ишқорий бўлиши асқатади. Масалан, минерал сувнинг иш-қорий бўлиши кислоталиликнинг камайишига анчагина ёрдам қилади. Лекин кўп ҳолларда сувсаганимизда мазали бўлгани учун сув ўрнига ҳозир сотувда кенг тарқалган кола, лимонад, сиропли газсувлар ва бошқа турли рангдаги ичимликларни истеъмол қиламиз. Аммо бу нотўғри. Чунки айнан шу ичимликларда кислоталилик анча кучли.

Энг яхшиси, чанқаганда ҳар хил мевалар (олма, олча, ўрик, олхўри)дан камгина шакар қўшиб тайёрланган шарбатлар асқатади. Қолаверса, тарвуз, қовун, бодринг, помидор еб туриш ҳам чанқоқни қондиришда яхши ёрдам қилади. Чунки улардаги сув, биринчидан, таркиби билан танамизнинг тўқималаридаги сувга жуда яқин, иккинчидан, уларнинг  реакцияси ишқорий, кислоталиликни тез пасайтиради.

Бу ўринда энг кучли чан-қовбосди ичимлик оз миқдорда лимон шарбати қўшилган сув ҳисобланади. Лимонни кўпчилик нордон бўлгани учун кислотали хусусияти кучли деб ҳисоблайди. Лекин бу нотўғри. Унда ишқорийлик юқори туради. Сувни қайнатиб, совитгандан кейин бир стаканига озгина лимон суви ҳамда чорак чой қошиқ асал қўшиб ичилса, чанқов тез бартараф бўлади. Бу усул халқ табобатида кўп марта синаб кўрилган бўлиб, лимон ва асалга нисбатан аллергияси йўқ одамларга ёз кунлари жуда қўл келади.

Чанқадингизми, тавсияларимизга амал қилинг. Шунда бардам ва тетик бўласиз.

Ш.ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: