Боғчадаги беорлик

Ҳар кунгидек ишга барвақт отланган Моҳира йўл-йўлакай ўғилчасини боғчага ташлаб ўтишни мақсад қилди. Афсуски, манзилга етиб борганда нохуш воқеанинг устидан чиқди…

Беғубор болалик оламида яшаётган кичкинтойлар бир-бири билан талашиб-тортишиб, сўнг ҳеч нима бўлмагандай дўстлашиб кетиши ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, бу ҳолатни икки она – Азиза Бекмирзаева ва Адолат Шокирова (исм-фамилиялари ўзгартирилган) қабул қила олмади. Агар улар буни шунчаки болаларга хос “жанжал” деб қабул килганида ўз фарзандлари қолиб, бошқа болажонлар олдида ҳам мулзам ҳолга тушмаган бўлишарди.

Икки ота-онанинг “пашшадан фил ясаши”, оддий воқеани катта жанжалга айлантирди. Ўзаро келиб чиққан келишмовчилик натижасида Азиза Адолатнинг юз қисмига мушт билан уриб, унга тан жароҳати етказди.

Суд тиббий экспертизанинг 2018 йил 16 февраль кунидаги 725-Ҳ-Руз-сонли хулосасига кўра, Адолат соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати олади. Азиза эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 109-моддасининг 2-қисми билан айбдор деб топилиб, суд курсисига ўтирди.

Судга қадар Азиза ўз қилган ишидан пушаймон бўлди. Адолат билан гина-кудратларни унутган ҳолда ўзаро ярашиб олди. Адолатга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ўз ҳисобидан қоплади. Жабрланувчи ҳам судга ўз аризаси билан мурожаат қилиб, Азиза билан ўзаро ярашиб олганлигини яширмади. Бир сўз билан айтганда Азизага нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, суддан жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни сўради. Ўз айбига тўла иқрор бўлган Азиза ҳам суддан ушбу аризани инобатга олишини илтимос қилди. Шундан сўнг суд адолат билан ҳар икки томондаги ҳолатларни ўрганиб чиқди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига кўра ЖК 109-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс, агар ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддасининг 4-қисмида жабрланувчи ЖК 661-моддасида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича айбланувчи билан ярашган тақдирда жиноят иши ЖПКнинг 62-бобида белгиланган тартибда суд томонидан айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан тугатилиши мумкинлиги кўрсатилди.

Суд воқеа ҳамда тафсилотларни ҳар томонлама одилона ўрганиб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддасининг 4-қисмига кўра, А. Бекмирзаевани жиноят содир этишда айблилик масаласини ҳал қилмасдан жиноят ишини тугатишни лозим топди.

Яна ўқинг:  Жондорда 50 дан зиёд хотин-қизни меҳнат билан банд қилувчи мажмуа ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84,401,582-583,585-586-моддаларига асосан суд Азизани Ўзбекистон Республикаси ЖК 109-моддасининг 2-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасига асосан томонларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилганлигини маълум қилди. Бироқ, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий иш ҳаракати тугатилган бўлса-да, суд жиноят содир бўлишига сабаб бўлган омиллардан кўз юмолмади.

Суд пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 153-сонли МТМ тарбиячиларининг ўз вазифаларига масъулиятсиз ёндошиб, муассаса тарбияланувчиларига етарли даражада эътиборда бўлмаганликлари, мазкур жиноят МТМ тарбияланувчилари ўзаро уришганликлари натижасида, уларнинг ота-оналари бир-бири билан жанжаллашиб кетганликлари оқибатида содир этилган, деб ҳисоблади. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298,299,300,476-моддаларига асосланиб, суд ажрим қилди.

Ажрим хулосасига кўра мазкур турдаги жиноятлар содир этилишига сабабчи бўлаётган омилларни бартараф этиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман ХТБ раҳбарияти томонидан жиноят иши юзасидан чиқарилган хусусий ажрим туман МТМ мудиралари ўртасида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилиши қатъиян талаб этилди.

Гулдек болакайларнинг аразига аралашиб, ўзлари ҳам одамлар кўзгусига тушганидан хижолат бўлган бу икки ёш онага биз нима ҳам дердик. Қонун уларга ўз сўзини айтди. Биз айтмокчи бўлган гап эса шу: болалар бу – келажак. Келажак эса ҳеч қачон эшитган, кўрган воқеаларни унутмайди. Улар олдида бош эгиб қолмаслик учун биз катталар ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимизни қўлга олишимиз лозим. Шундагина биз уларнинг покиза қалбида ўзлари истамаган доғни кўрмаймиз.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: