Халқ таълими вазирлиги ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши!
Халқ таълими вазирлиги Самарқанд шаҳридаги 64-сонли махсус мактабда ўқувчи болалар қийноққа солинишидан чуқур ташвишда эканини билдирмоқда.
Вазирлик раҳбарияти мазкур ҳолат бўйича чуқур ташвишда ва зудлик билан Самарқанд шаҳридаги мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда махсус ишчи гуруҳни юборди.
Халқ таълими вазирлиги ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши ва жамоатчилик (ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва бошқалар)ни зўравонлик ҳолатларини аниқлашда ҳушёр бўлишга ҳамда ҳуқуқбузарлик аниқланганда зудлик билан Халқ таълими вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришга чақиради.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб-интернат оғир хулқ-атворга эга, узоқ муддат ҳисобда турган, Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра ҳуқуқбузарлик содир этган, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган 11-16 ёшдаги вояга етмаган болалар жойлаштириладиган ягона муассаса ҳисобланади. Шунингдек, бу ерга индивидуал профилактик ишлар олиб борилганига қарамасдан ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайри ижтимоий ҳаракатларни содир этишда давом этувчи болалар ҳам келтирилади. Бугунги кунда мактаб-интернатда жами 109 нафар ўқувчи, 44 нафар ўқитувчи ва 34 нафар техник ходим мавжуд.
Халқ таълими вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан биргаликда суриштирув ишларини олиб боришади ва ўрганиш натижаларига кўра ҳуқуқбузарликка алоқадор барча шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Ушбу ҳодиса натижалари тергов якунига етгач эълон қилинади.
Халқ таълими вазирлиги
Матбуот хизмати