Хавфсиз ўсмалар

уларни ўз вақтида даволаш зарур

Гемангиома қон томирларининг хавфсиз ўсмаларидан бири. Болаларнинг баданида бу каби ўсманинг аниқланиши ваҳимага асос бўлмайди. Аммо унинг ривожланиши оқибатида организмга жиддий зиён етказиши мумкин.

Аксарият ҳолларда тананинг маълум бир қисмида пайдо бўлган патологик жараёнга мушак, асаб тўқималари, тери остининг ёғ қатлами, жигарнинг ҳужайралари ҳам жалб этилади. Бундай ўсмалар одатда ёш болаларда, айниқса, гўдаклик чоғида тез-тез учрайди. Баъзи бир ҳолатларда гемангиома туғма бўлади. Йирик гемангиомалар пайдо бўлса, улар сабабли организмда тромблар ҳосил бўлиши мумкин.

Статистик маълумотларга қараганда, 2-12 фоиз янги туғилган гўдакларда гемангиома аниқланади. Бу турдаги ўсмалар 7:1 нисбатда қиз болаларда кўпроқ учрайди. 80 фоиз ҳолатларда гемангиома тананинг бир соҳасида пайдо бўлади. 20 фоиз ҳолатларда хавфсиз ўсма тананинг бир қанча жойида учрашиши мумкин.

Гемангиома бор-йўқлигини қандай билиш мумкин?

Аксарият ҳолларда гемангиома тери қатламини қамраб олади ва асосан, юз ёки бўйин соҳаларида учрайди. Бундай ҳолатларда капиллярлар ўсмаси ҳақида сўз юритилади. Хол, нор, доғ, оч пушти ёки қизил рангли бу хил ўсмалар яхши кўринадиган, яъни юзада жойлашган бўлади. Одатда бу ўсмалар оғриқ бермайди. Баъзи бир ҳолатларда гемангиома тери сатҳининг ички қисмида, чуқур жойлашади. Бундай вазиятларда хавфсиз ўсманинг борлигини худди шикастланишдан сўнг ҳосил бўладиган кўкимтир рангли доғдан аниқлаш мумкин. Мутахассисларнинг эътироф этишича, баъзида гемангиомаларни хол ва кандилломалар(сўгал)дан фарқлаш қийин кечади. Хавфсиз ўсмалар учун характерли бўлган хусусият шуки, улар фаоллик фазасида жуда тез катталашиб боради. Бошқа хилдаги ўсмалардан фарқли ўлароқ, гемангиомалар хавфли ўсимталарга айланмайди. Хавфсиз ўсмалар 2-4 ҳафтада бир маротаба ўсади, 2-6 ойда ўсишдан тўхтайди, 6-12 ойда қайтадан кичиклашиб боради.

Гемангиома тананинг ички аъзоларида учраса бу клиник жиҳатдан оғир ҳолат ҳисобланади. Бундай турдаги хавфсиз ўсмалар жумласига жигар, мушак, суяк қон тўқималарининг кенгайиб кетишини киритиш мумкин. Бу хилдаги гемангиомалар йиллар давомида ривожланиб боради ва тасодифан тиббий кўрикдан ўтиш чоғида аниқланади.

Ўсма қаердан пайдо бўлади?

Бу масалада аниқ бир фикр йўқ. Мутахассислар турлича фикр билдиришади. Баъзилар гемангиоманинг пайдо бўлиши кўп жиҳатдан наслий хусусият касб этади дейишса, бошқалар ўсма турли хил касалликлар билан бирга учрайди, яна ташқи омиллар таъсирига боғлиқ, масалан, узоқ вақт давомида қуёш нури остида тобланиш сабаб бўлади деган тахминлар ҳам мавжуд. Гемангиома туғма бўлиши, шунингдек, кейинчалик катта ёшли одамларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Нафсни ислоҳ қилувчи заҳмат

Ёш болаларда пайдо бўладиган ўсма ривожланиш жараёнида иккита хавфли давр бор: 2-4 ва 6-8 ойлигида гемангиома тез ўсишга мойил бўлади. Бола бир ёшга тўлгач, ўсимта ривожланишдан тўхтайди.

Чақалоқ ва кичик ёшли болаларда хавф­сиз ўсмани ўз вақтида аниқлаш учун ота-оналарга қуйидаги тўрт аломатга жиддий эътибор қаратиш тавсия этилади: жараённинг илк босқичида янги туғилган чақалоқнинг танаси, аксарият ҳолларда боланинг юзида, тирналиш изига ўхшаш оч қизғиш рангли доғ пайдо бўлади. Кўпинча ота-оналар бунга аҳамият бермайдилар.

«қизғиш рангли доғ пайдо бўлган вақтдан бошлаб иккинчи кундан доғнинг ранги ўзгаради (у янада қизилроқ бўла бошлайди). Одатда ота-оналар бу аломатга жиддий эътибор беришмайди ва ўз билганича даволашга ҳаракат қилади.

«Кун сайин қизғиш рангли доғ катталашиб боради.

«Танадаги доғ атрофида пушти рангли ҳалқа пайдо бўлса, бу хавфли аломат ҳисобланади. Бу деган сўз гемангиома ичкарига томон ўсишни бошлаган. Гарчи шундай ҳол юз берса, ўсимта тери ости қатламларини, шу ерда жойлашган аъзоларни шикастлаши мумкин.

Гемангиома қандай даволанади?

Хавфсиз ўсманинг бу тури ривожланишнинг тўлиқ циклини босиб ўтади, яъни ўсманинг пайдо бўлиш, ривожланиш ва ниҳоят, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиш даври фарқланади. Гап шундаки, гемангиоманинг йўқ бўлиб кетиш даври жуда узоқ вақтгача чўзилиши мумкин. Бордию, одам танасида пайдо бўлган хавфсиз ўсма ўсиши давомида оғриқ бериб нормал ҳаёт кечиришга халақит берса, ёхуд косметик жиҳатдан жуда ноқулай нуқсон сифатида намоён бўлса, у ҳолда уни даволаш (жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш) ҳақида ўйлаб кўриш лозим.

Бугунги кунда гемангиома каби ўсмаларни йўқотишнинг жуда самарали ва оғриқсиз усуллари топилган. Жумладан, гемангиомани склерозирлаш мумкин. Бу усулдан фойдаланилганда гемангиоманинг тўқимасига преднизолон деб номланадиган махсус дори воситаси юборилади. Бу дорининг таъсири остида зарарланган қон томирлари йўли бекилади ва шу тариқа хавфсиз ўсманинг ривожланишига тўсиқ қўйилади. Ушбу тиббий муолажадан кейин унча катта бўлмаган шиш пайдо бўлади. Бир неча ҳафта давомида шиш йўқолиб кетади. Склерозирлаш усули гемангиома тўқималарга анча чуқур кириб борган вақтида қўлланилади. Кўп ҳолларда ушбу усул лазер терапияси билан биргаликда ишлатилади. Гемангиомани даволашнинг яна бир услуби муз ёрдамида маҳаллий таъсир кўрсатиш (криодеструкция) ҳисобланади. Бунинг учун тананинг шикастланган соҳасига азот билан маҳаллий таъсир кўрсатилади. Шундай қилинса, гемангиома нобуд бўлади. Даволаниш муолажасидан кейин таъсир кўрсатилган жойда қавариқ (пуфак) пайдо бўлади. Унга асло тегиб бўлмайди. Маълум вақт ўтганидан сўнг қавариқ ўз-ўзидан ёрилади. Жароҳат ўрни битишга бошлайди. Зарурият бўлса даволовчи шифокор суртмалар буюради. Криодеструкция усули ҳамма вақт ҳам қўлланилмайди.

Яна ўқинг:  Кўкламдаги дармонсизликда даво муолажалари

Ўсма ҳаёт учун муҳим бўлган аъзолар (жинсий аъзо, бошдаги лиқилдоқ, кўз, бурун, оғиз) яқинида жойлашган бўлсагина муз ёрдамида маҳаллий таъсир кўрсатиш тавсия этилади. Хавфсиз ўсмани жарроҳлик йўли билан йўқотишнинг энг самарали усулларидан бири бу шикастланган қон томирларини лазер нури ёрдамида олиб ташлаш (коагуляция) ҳисобланади. Ушбу услуб ёрдамида жарроҳлик опреацияси бажарилганида касалликнинг қайталаниш эҳтимоли минимал даражагача камаяди, танада ҳеч қандай чандиқлар қолмайди. Бундай даво услубидан фойдаланиш ҳақида дерматолог хулоса чиқаради. Услубдан фойдаланилганидан кейин икки-уч ҳафтагача шиш сақланиб қолиши мумкин. Коагуляция гемангиома тери остига 2 миллиметргача ўсиб улгурган бўлсагина тавсия этилади.

Ўсма нимаси билан хавфли?

Аксарият ҳолларда гемангиомалар одам ҳаёти учун жиддий хавф туғдирмайди. Бундай ўсмалар хавфли ўсмалардан фарқли ўлароқ метастаз бермайди(бошқа аъзоларга ўсиб кирмайди) ва ҳужайралар даражасидаги хотирага шикаст етказмайди. Сиҳат-саломатлик учун гемангиомаларнинг оқибатлари ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Хавфсиз ўсмаларнинг салбий таъсирини қуйидагича таърифласа бўлади:

– Нозик ерда жойлашган ўсмалар жуда катталашиб кетса турли аъзоларнинг функ­ционал фаолиятини издан чиқариши мумкин. Бундай нохуш оқибатлар, айниқса, янги туғилган гўдакларда учрайди. Уларда гемангиома таъсири остида нафас олиш қийинлашиб қолади, кўриш, эшитиш, ҳид билиш лаёқати шикастланиши эҳтимоли пайдо бўлади. Бундан ташқари, хавфсиз ўсмалар йирик қон томирлари ёки артериялар олдида устида жойлашган бўлса, қон айланиш тизимини издан чиқаради, шунингдек, қон томирларининг эластиклигига салбий таъсир қилади.

– Тери устида жойлашган гемангиомаларни бехосдан тирнаб юбориш мумкин. Бундай ҳол юз берса ярага инфекциялар тушади. Қандли диабет касаллиги бор беморларда хавфсиз ўсмалар инфекцияланиш сабабли яра ҳосил қилгач узоқ вақтгача битмаслиги мумкин.

– Гемангиомалар қоннинг ивишига ёмон таъсир қилади. Катта ҳажмдаги гемангиомалар мавжудлигида организм уларни аномалия сифатида қабул қилиб ўзини ҳимоялаш мақсадида «жароҳатланган ҳудуд»га кўп миқдорда тромбоцитларни жўнатади. Тромбоцитларнинг кўп миқдорда узлуксиз равишда сарфланиши оқибатида қон таркибида тромбоцитлар етишмай қолади (тромбоцитопения). Бунинг хавфли томони шундаки, чиндан ҳам қоннинг ивиши зарур бўлса, организм бундай хусусиятини тўлиқ намоён этолмай қолади.

– Организм учун ўта хавфли ҳолат бу ички аъзолардаги, масалан, жигардаги гемангиоманинг ёрилиб кетиши ҳисобланади. Бунда ички қон қуйилиши юз беради. Вазиятни ўнглаш учун зудлик билан жарроҳлик ёрдами кўрсатилиши керак. Баъзи ҳолатларда ички ўсмалар турли омиллар таъсирида ўз-ўзидан ёрилиши ва ички қон кетишига олиб келиши ҳам мумкин.

Яна ўқинг:  Ўпкадан ташқари сил ҳақида нима биласиз?

Хавфсиз ўсмани даволаш хусусида шифокорга мурожаат қилган чоғингизда организмдаги барча ўзгаришлар, ҳис этилаётган ҳолатлар, клиник аломатлар ҳақида батафсил сўзлаб беринг. Ўсма қачон пайдо бўлди, қандай шарт-шароитларда уни аниқлашга муваффақ бўлдингиз, у қанча вақт давомида ривожланмоқда, танада яна бошқа шу каби ўсмалар борми ёки йўқми, бу каби саволларга бериладиган муфассал жавоб ташхис қўйишга ва тўғри муолажалар белгилашга ёрдам қилади.

Ҳалима Рустамова тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: