Кўринмас бало ёхуд бир йилда 10000 нафардан зиёд ўзбекистонлик ёстиғини қуритган “вабо”

Глобаллашув жараёнида дунёнинг исталган чеккасидаги воқеа-ҳодисадан зумда бохабар бўлиш мумкин. Агар фожиали ҳолат бўлса, бу хабарнинг тарқалиши яшин тезлигида ижтимоий тармоқларни забт этади. Бунинг қизиқ ва ачинарли жиҳати шундаки, баъзан бир кишининг вафоти ёки битта автоҳалокатни ойлаб муҳокама қиламиз, ижтимоий тармоқларда жар соламиз. Аммо минглаб инсонларни аста-секин орамиздан олиб кетаётган айрим кўринмас балолар ҳақида деярли ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Энди эътиборингизга бир маълумотни ҳавола этсак, 2016 йилда ўзбекистонлик 8000 нафар эркак, 4300 нафар аёл спиртли ичимликнинг зарари сабаб вафот этган.

Тиббиётга ихтисослашган дунёдаги нуфузли “The Lancet” журналида Вашингтон университети ва Гейтслар фонди олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унга кўра дунёнинг 195 мамлакатида 1990–2016 йиллар давомидаги алкоголь истеъмоли миқдори ва унинг саломатликка таъсирини ўрганган. Олимларнинг тадқиқотларига кўра айнан спиртли ичимликларнинг истеъмоли натижасида биргина 2016 йилда ўзбекистонлик 8000 нафар эркак, 4300 нафар аёл вафот этган. Бундан ташқари, ушбу журнал томонидан эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистонда истиқомат қилувчи аёлларнинг 53 фоизи, эркакларнинг 65 фоизи алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиши қайд этилган. Ишониш қийин, аммо бу факт.

Энг ачинарлиси, шундаки, ушбу зарарли маҳсулотлар истеъмоли оқибатида вафот этган эркакларнинг 1507 нафари ёки 19 фоизини 15 ёшдан 34 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этган. Алкоголь туфайли ҳаётдан кўз юмган 330 нафар аёл 15-34 ёш оралиғидаги ёшлар бўлган.

Афсуски, бу балонинг кулфати кун сайин ортмоқда. Ўзининг кўринмас таъсири натижасида ҳар куни орамиздан бир неча кишини бу ёруғ оламдан олиб кетяпти. Бундан ташқари, ушбу иллатнинг яна бир қанча зарарлари ҳам мавжуд.

Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, мамлакатимизда спиртли ичимликлар учун киши бошига бир ойда 2252 сўм, бир йилда 27024 сўм сарфланаркан. Бошқача айтганда, юртимизда умумий ҳисобда бир йилда 882 миллиард 332 миллион сўм маблағ айнан алкоголь ичимлиги учун сарф этилади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг, худди шу маблағ эвазига қандай савобли ишларни амалга ошириш мумкин. Юртимизда ушбу заҳар учун ишлатилган маблағ эвазига 110 минг 292 нафар талабанинг тўлов шартнома пулини тўлаб бериш мумкин. Эътибор қилинг, сўнгги тўрт йиллик ўқув йили учун тўлов шартнома асосида 190 минг 863 нафар талаба ўқишга қабул қилинган. Яъни, юртимиз бўйлаб контракт асосида таҳсил олаётган қарийб 58 фоиз талабанинг бир йиллик шартномасини қоплаш мумкин. Ҳа, бир қараганда бу маълумотлар кишини ҳайратга солади, аммо яқинларимиздан бири кунда унинг ўлжасига айланаётганига беэътибормиз. Масалан, уйимизда турган ёки бирор танишимиз олиб ичаётган алкоголга ҳеч қандай эътироз билдирмаймиз ва бунга оддий ҳолатдек қарашга ўрганиб қолганмиз. Аммо минглаб хонадонларда аза тутилишига, ёш гўдакларнинг бўзлаб қолишига сабаб бўлаётган иллат ҳам айни шу заҳри қотил эмасми?..

Яна ўқинг:  Қовоқларингиз учаяптими?

Энди масаланинг яна бир жиҳатига тўхталсак. Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган “Алкоголь ва тамаки соҳасини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳасида таълим, спорт ва диний муассасалардан 200 метрдан ортиқ масофада жойлашган дўконларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотишга рухсат этиш таклиф этилмоқда. Ҳозирги ҳолатда бу 500 метр масофани ташкил қилади. Энди бир ўйлаб кўринг, бу дегани таълим муассасаларининг шундоққина рўпарасида спиртли ичимликлар сотишга ихтисослашган дўконлар қад ростлайди, ўқувчи-ёшларимиз ҳар куни бу маҳсулотларга юзма-юз бўлади. Тўғри, алоҳида дўконларда сотилди-ку дерсиз, аммо ҳар кун алкоголга рўбару бўладиган қизиққон ёшлар кун келиб ундан таътиб кўришга қизиқмайди, деб ким айта олади?

Хўш, таълим муассасаларига яқин ҳудудда алкоголь маҳсулотларининг сотилишига аҳоли қандай муносабатда?

Спиртли ичимликлар сотувининг тобора таълим муассасаларига яқинлашиши бу нафақат таълим сифатига, балки бутун халқ, бутун келажак авлод ҳаётига жиддий хавф солади, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 37-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Ниғмат Мирзоҳидов. – Энди ўйлаб кўринг, кунда алкоголь дўкони ёнидан ўтадиган ёшлар уни истеъмол қилиб кўрса, кейинчалик ўз-ўзидан бунга ўрганиб қолмайдими?! Бу ҳолатда биз ёшлардан келажакда қандай комилликни, қандай соғломликни кутамиз.

Энди ўқувчи-ёшлар ҳар кун таълим муассасаси яқинидаги алкоголь дўкони ёнидан ўтишини тасаввур қилиб кўрайлик. Табиийки, ҳеч қайси ота-она фарзанди ана шундай муҳит таъсирида вояга етишини хоҳламайди.

Ичкилик оқибатида жамиятда шундай жирканч жиноятлар содир этиладики, баъзан уни айтишга одам хижолат бўлади. Ёки бўлмасам жаннатнинг райҳонлари бўлган болалар ҳам айни шу ичкилик оқибатида етим қолишмоқда, – дейди пойтахтимиздаги Ислом ота жомъе масжиди имом-хатиби Жасур Раупов. – Бу ичимлик оқибатида киши ўзи ва ўзгаларга ҳам жабр етказади. Ваҳолангки, динимизда ўзига ва ўзгаларга зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги ҳақида айтилади. Бундан ташқари унга сарфланадиган қанчадан-қанча маблағларни оиласига, яқинларига ёки бўлмаса эҳтиёжмандлар учун сарфласа, шунинг ўзи катта савоб-ку.

Бу бор йўғи бизнинг таҳлилларимиз. Аслида алкоголнинг кулфати бундан-да йирик. Шундай экан ўзингиз ва атрофингиздагиларни бу заҳри қотилдан асранг!

 

Яна ўқинг:  Эзгу ишга камарбаста

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: