Юртимизда янги авлод автомобили

Бу даврда дунёнинг турли мамлакатларида замон ва эҳтиёжга мос равишда турфа янгилик ва ихтиролар қилинмоқда. Хусусан, юртимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. Биргина Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ўқитувчи, илмий изланувчи ва талабалар томонидан бугунги жамият эҳтиёжидан келиб-чиққан ҳолда янгидан-янги ихтироларга қўл урилмоқда. Бунда, айниқса, кам энергия сарфлаш, экология софлигини сақлаш ва инсонлар саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай кашфиётлардан бири университет қошидаги “Инновация” маркази раҳбари Бобур Зокиров томонидан яратилган ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган электромобилдир. Бу машинани том маънода янги авлод автомобили дейиш мумкин.

Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтсак, 2022 йилда “КАМАЗ” компанияси ўзининг ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи машинасини тақдим этиши устида иш олиб бораяпти. 2021 йилда “BMW” ўзи ҳаракатланадиган илк электромобиль ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. 2020 йили “Nissan” компанияси ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи автомобилни сотувга чиқариш ниятида. 2019 йилда “General Motors” эса рулсиз машиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида. 2018 йилда “Tesla” компанияси мижозларга худди шундай машинани таклиф этмоқчи. Ушбу илғор компаниялар муҳандисларидан-да илдамлаб бораётган ёш олимларимиз эса жорий йилнинг ўзидаёқ, юртимизда ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автомобилни ишлаб чиқаришни бошлаб юборишди.

 

Бир неча йиллик изланишларимиз натижасида ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган машина лойиҳасини ишлаб чиқдик, – дейди Бобур Зокиров. – Бу машина 5-10 сантиметр сезувчанлик билан хатосиз ҳаракатланади. Яъни, мўлжалланган тўхташ нуқтасига айни 5 см. нари-бериси билан тўхтайди. Бу дегани 99 фоиз ҳолатда автоҳалокатнинг олдини олиш деганидир. Бундан ташқари электромобилнинг электр токи қуввати билан ҳаракатланиши унинг чўнтакбоплиги ҳамда экологик қулайлигини кўрсатади. Айни пайтда машинанинг намуна нусхасини ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқдамиз. Насиб этса, шу йилнинг октябрь ойида электромобилни тайёр ҳолатга келтиришни режалаштирганмиз.

 

Машина дастлаб, университет ҳудудига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилмоқда. Агар тажриба ўзини оқласа, ушбу уловни Тошкент шаҳри, балки бутун республикамизга жорий этиш мумкин. 6 кишига мўлжалланган ушбу машинанинг энг қулай жиҳати – унга ўтирганингиз ҳамон борадиган манзилингизни белгилаб қўйсангиз кифоя. Ўзингиз хоҳ дам олинг, хоҳ атрофни томоша қилинг, машинанинг ўзи манзилингизга талофатсиз элтиб қўяди.

Бугунга келиб табиатдаги заҳарли газларнинг 40 фоизи Ер юзида ҳаракатланаётган автомобиллар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак, унинг оқибатлари мисли кўрилмаган талофатларни келтириб чиқармоқда. Мисол учун, автомобиллардан чиқадиган ис гази ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, сув ва тупроқни ҳам зарарлайди. Ифлосланган ҳаво таъсирида ўсимликларда моддалар алмашинуви бузилади, экинлар ва мевали дарахтлар ҳосили камайиб кетади. Ҳатто, ис гази табиатдаги фотосинтез жараёнига ҳам жиддий салбий таъсир ўтказиши мумкин экан.

Агарда ушбу электромобиль ишлаб чиқарилиб, жамиятга кенг татбиқ этилса юқорида келтирилган салбий ҳолатларнинг олди олиниши, инсоният ва табиат софлигини сақлаб қолишга муносиб ҳисса қўшган бўлар эдик.

Автомобилнинг дастлабки нусхасини ишлаб чиқариш учун 150 млн. сўм сарфланиши режалаштирилган ушбу электромобиль соатига 80-100 километр тезликда ҳаракатланади. Агарда машина ўзини оқлаб, кенг жамоатчиликка тақдим этилса, қулайлиги, кўпгина автоҳалокатларга барҳам берилиши ва камчиқимлиги билан барчага манзур бўлиши аниқ.

Яна ўқинг:  ИҚБОЛАНИНГ ОЙДИН ИСТИҚБОЛИ

 

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: