Билим – нур, уни эгаллаш саодат
Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом, юксак маънавиятли, мустақил фикр соҳиблари бўлиб вояга етишларида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.
Самарқанд вилояти Иштихон педагогика коллежида 1561 нафар ўқувчи-ёшларга «Бошланғич таълим», «Мактабдан ва синфдан ташқари тарбиявий ишлар ташкилотчиси», «Мусиқа таълими», «Жисмоний тарбия ва болалар спорти» йўналишлари бўйича 110 нафар малакали ва тажрибали педагоглар замон талаблари асосида таълим-тарбия беришмоқда. Улар замонавий техника билан жиҳозланган 29 та ўқув хонаси, шунингдек, кимё, физика, биология лабораториялари, компьютер, лингофон хоналарида турли фанлардан чуқур билим олишади.
Муассасада ўқувчиларнинг саломатлигини назорат қилиш учун мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган. Юз кишига мўлжалланган ошхона ва янги замонавий ётоқхонада ўқувчилар дам олиши, ҳордиқ чиқариши учун барчага қулайликларнинг яратилганлиги келажак авлодга бўлган эътиборнинг яна бир ёрқин кўринишидир. Интернет тизимига уланган ахборот-ресурс маркази 17 минг 995 та китоб фонди ҳамда 195 та электрон дарсликларга эга.
Билим масканида «Камолот» ЁИҲ томонидан ёшлар ўртасида «Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш», «Қизларнинг эрта турмушга чиқиши ҳамда қариндошлар ўртасида никоҳнинг салбий оқибатлари», «Соғлом она – соғлом бола», «Одам савдоси – долзарб муаммо» мавзуларида суҳбатлар ўтказилиб турилади. Турли байрам кечаларида «Зулфияхоним издошлари», «Сиз қонунни биласизми?», «Қувноқлар ва зукколар», «Қизлар давраси», «Ёш рассомлар» кўрик-танловлари, бир-биридан қизиқарли спорт мусобақаларининг мунтазам ўтказилиши ўқувчиларнинг маънавий баркамол ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етишларида туртки бўлмоқда.
Коллежимиз Самарқанд давлат университети, Самарқанд чет тиллар институти, туман хокимлиги, туман халқ таълими бўлими, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши, туман бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш бўлимлари билан шерикчилик муносабатларини шакллантириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Мустақиллик йилларида бунёд этилган билим масканимизда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида спорт соғломлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида спорт зали, футбол, волейбол, қўл тўпи, баскетбол, гимнастика майдончалари, югуриш йўлакчалари, катта теннис майдони бунёд этилган. Шу йилнинг май ойида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида спортнинг армрестлинг тури бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Унда мураббий О.Примовнинг шогирдлари Малика Усмонова, Мафтуна Саидолимова, Муниса Хайидмуродовалар ғолиб бўлишди ва Польшада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишди. Ҳозирда улар Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш мақсадида қизғин тайёргарлик кўришмоқда. Шунингдек, спортнинг кураш йўналиши бўйича халқаро турнир ғолиби Анвар Абдуназаров, бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони Шакарбой Худойқуловлар устозлари ишончини оқлашмоқда.
Ўқув йили давомида ҳар бир кафедра ўзининг фаолият турларини тайёрлаб услубхонага топшириб боради. Махсус фан ўқитувчиси Дилрабо Жамилова «Қоракўл терисидан аёллар устки кийимига ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш» ва аниқ фанлар кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Аҳмедов «Тақдимотлар яратиш» мавзусидаги илмий қўлланма устида ишлаган.
Коллеждаги «Ёш қаламкашлар» тўгараги доимий фаолият кўрсатиб келмоқда. Ёшлар ижоди умумлаштирилиб «Миёнқол мавжлари» шеърий тўплами нашр этилди. Ҳозирда шу китобнинг 2-нашрини чоп этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Таълим жараёни ва коллеж фаолияти акс эттирилган мақола ҳамда ижодкор ёшлар қаламига доир шеър ва ҳикоялар туман ва республика газеталарида чоп этилади.
Ёшларнинг табиатга меҳр ва эътиборини мустаҳкамлаш мақсадида таълим маскани ҳовлисида педагоглар жамоаси ҳамда ўқувчилар ёрдамида мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш этилмоқда. Қайин, каштан ва арча дарахтларининг тўрт хил тури, терак, мевали дарахтлар ҳамда ранг-баранг гуллар барчага кўтаринки кайфият улашади.
Биз келажагимиз бўлган ёш авлоднинг мустаҳкам билим эгаси, жисмонан соғлом ва она-Ватанини кўз қорачиғидек асрайдиган, устозлари ва ота-онаси ишончини оқлайдиган, меҳнатсевар, баркамол авлод этиб тарбиялашдек масъулиятли ва айни дамда шарафли касбимизни сидқидилдан адо этишга камарбастамиз.
Неъмат Абиев,
Иштихон Педагогика коллежи директори