Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этмоқда.
Ассамблея ЖССТнинг юқори органи ҳисобланиб, унинг ҳар йилги сессияси май ойида Женевада бўлиб ўтиши одатга айланган.
Анъанага мувофиқ, жорий йилги 71-сессия ҳам Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилмоқда. Тадбир расман 21 май куни очилди. Унда ЖССТга аъзо 194 та мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича раҳбарлари қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Ҳар йили сессия давомида иштирокчилар ЖССТ фаолиятини кўриб чиқиб, ўз олдига янги мақсад ва вазифалар қўяди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг бу йилги сессиясида соғлиқни сақлаш соҳасига доир мураккаб масалалар ва уларнинг ечимига доир чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича глобал стратегия масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессияси 26 майга қадар давом этади.