Болари
Минг бир дардга даво бўлмиш асални тиним билмас болари томонидан не машаққатлар эвазига йиғилишини ҳеч тасаввур қилганмисиз? Бу митти ҳашаротнинг бир кунда 10 километрлаб йўл босишини-ю минглаб ўсимликлардан нектар йиғиши игна билан қудуқ қазишдан-да оғирроқ юмуш эканлигини-чи? Бу худди челакни узоқ масофадан ангишвонада сув ташиб тўлдирмоқчи бўлгандай гап. Болари билан таққослаганда биз учун бу ҳам анча енгил вазифа.
Болари – гўзаллик шайдоси. У Аллоҳнинг беғубор, фариштамисол хилқати, тоза, пок, бағрида ғубори йўқ ҳашарот. Бутун умри давомида гард инмаган анвойи гуллар узра парвоз қилиб, улар атрофида парвона бўлади.
Гоҳида унинг ҳаракатларини кузата туриб, “виззиллаб” қанот қоқишидан ўзгача завқ туясан. Гўёки, у чин ошиқдек ўз забонида киши билмас алёр ўқиётгандай. Шундан бўлса керак, асаларининг учар йўли самога, қўнар жойи чаманга боғланган. У тиним билмай ишлайди, инсонга ширин ва тансиқ табиат неъматини ҳадя этади. Не қийинчиликлар эвазига тайёрланган бебаҳо, шифобахш асалнинг минг дардга даво, танга малҳам бўлишини ҳисобга олсак, у атайлаб инсон учун меҳрибонлик, ғамхўрлик қилаётгандек. Боларининг аъмоли шунчалар буюк эса-да, умри қисқа. Наилож, у табиатан шундай яралган. Аммо асаларининг шу қисқа умри ҳечам бесамар кетмайди. Унинг қилган иши фақат инсониятга наф келтиради. Эзгулик қилиш ила гулу гиёҳларни чанглатиш эвазига уларнинг ҳаётини узайтиради, ҳосилдорлигини оширади, йиққан асали эса инсонга шифо.
Ўзгаларга наф келтиришни юксак мақсад деб билганларни шу тиним билмас митти боларига қиёслайман: ҳаётини фақат ўзи учун эмас, ўзгалар бахти учун ҳам сарфлайди. Қанийди, ҳамма шундай бўлса.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА