Бола нега дудуқланади?

Унинг сабаб ва оқибатлари

 

 Мадинахоннинг уч ёшли қизчаси Фарангиз боғчага борганига ҳеч қанча вақт ўтмай, дудуқланадиган бўлиб қолди. Яқинлари қизалоқни мутахассисга кўрсатиш лозимлигини маслаҳат беришди. Она шифокор қабулига борганида боланинг нутқи ривожланишига унинг оилада, боғчада ва тенгқурлари орасида турли тилларда сўзлашгани сабаб бўлганини билди.

Дарҳақиқат, айрим ота-оналар фарзандига кичиклигиданоқ чет тилларини ўргатишга ҳаракат қилишади. Мутахассисларнинг фикрига кўра бу ҳолат боланинг асаб тизими зўриқишига олиб келар экан. Натижада энди тили ривожланиб келаётган кичкинтойнинг сўзлашишида турли муаммолар кузатилади.

Эътибор берсак, дудуқланиш асосан ёш болаларда учрайди. Мутахассислар оналар фарзандига нутқи ривожлаётган даврда ниҳоятда эътиборли бўлишни маслаҳат беради. Агар боласида тутилиб гапириш ҳолларини сезса, кечиктирмасдан шифокор кўригига олиб боришни уқтиради.

 

– Болаларда дудуқланиш сабаби турлича бўлади, – дейди педагогика фанлари номзоди, доцент Дилбар Нуркелдиева. – Бунга кичкинтойни асаб тизими заифлиги, кучли қўрқиш, гижжалар, инфекциялар, жисмоний зўриқишлар, унинг дудуқланишга мойиллиги, наслий дудуқланиш ва тақлид асосида дудуқланишлар асос бўлади. Боланинг тили чиқиб, айрим сўзларни талаффуз қилишни бошлаганда бундай ҳол кузатилмайди. Асосан дудуқланиш нутқда жумлалар қўллана бошлангандан кейин пайдо бўлади. Кичкинтойнинг нутқи эса фақат она тилида чиқиши керак.

 

Бугун ота-оналар фарзандларини гўдаклигиданоқ ақлли бўлишини хоҳлайди. Уйда ўзбек тили, боғчада рус тили ва бунга қўшимча инглиз тилини ҳам ўргатишга ҳаракат қилишади. Натижада болага атрофдан маълумот уч тилда келади. У барча ахборотларни миясида таҳлил қилиши керак бўлади. Шундай пайтда у сўз танлашда қийналади. Бундай пайтда ҳам кичкинтой дудуқланиб қолиши мумкин. Шундай экан унинг нутқи битта тилда шаклланиши керак.

Дудуқланиш икки хил кўринишда бўлади: клоник ва тоник. Бундай болаларни невропатолог ва логопед мутахассис биргаликда даволайди. Даволаш комплексли бўлиб, бу жараёнда нутқ аъзоларида пай тортишлари кузатилади.

Даволаш вақтида катталарнинг беморга паст овозда гапириши тавсия этилади. Унга вақтида ухлаш, кўп йиғламаслик ва асабийлашмаслиги кераклиги айтилади. Акс ҳолда дудуқланиш кучайиб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Асосан бу ҳол куз ва баҳор фаслларида кучаяди. Даволаш муолажалари ҳам шу фаслларда кўпроқ олиб борилади. Энг муҳими, мутахассис берган тавсияларга ота-оналар жиддий риоя қилишлари керак.

Яна ўқинг:  Ҳаёти фильмларида акс этган режиссёр

Яна бир гап: болани дудуқланмай гапиришга мажбурлаб, унга босим ўтказиш мутлақо мумкин эмас. Оилада ва ўртоқлари даврасида унинг масхара бўлиши ҳам ушбу салбий ҳолатнинг авж олишига туртки бўлиши мумкин. Бундай вазиятда у мулоқотдан ўзини тортади. Бу эса нутқи равон бўлмаган ўғил-қизларнинг руҳиятига жиддий таъсир этади.

 

– Дудуқланиш ўзи-ўзидан келиб чиқмайди, – дейди болалар невропатологи Фароғат Пардаева. – Унинг сабаблари турлича. Агар бемор бола вақтида даволанмаса, дудуқланишни олдини олиш қийин кечади. Уни даволашда айниқса, ота-онанинг кўмаги муҳим ўрин тутади. Қолаверса, кичкинтой ўз устида кўпроқ ишлаши зарур. Айниқса, ойнага қараб, қийналган сўзларини қайта-қайта такрорлаши ҳам яхши натижа беради. Шундагина унинг ўзига бўлган ишончи ортади. Шифокорлар дудуқланишни даволашда беморга асосан мияни тинчлантирувчи ва озиқлантирувчи муолажаларни тавсия этади. Бундан ташқари сузиш, уқалаш, турли спорт ўйинлари ҳам болага ижобий самара беради.

 

Фарзандингиз ҳар томонлама соғлом ўссин десангиз, унинг соғлиғига асло бефарқ бўлманг.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: