Ўз боламизни ўзимиз асрайлик!

Ён қўшнимизнинг ўғли Жаҳонгир ҳавас қилса арзигулик бола. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди, жамоат ишларида фаол. Ҳар ўқув йили якунида ота-онасига мактаб маъмуриятининг ташаккурномаси эълон қилинади. Дарсдан бўш вақтларини спорт ва ҳунар ўрганишга сарфлайди. Автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган уста Халил аканинг қобилиятли шогирдларидан бири. Унинг юриш-туришига, ўзини тутишига барчанинг ҳаваси келади. Бундан ота-онаси ҳам мамнун, давраларда савлат тўкиб ўтиришади. Негадир охирги пайтларда шу ҳавас қилса арзигулик боламиз бироз ўзгариб қолди…

Дунёга келган мурғак гўдакнинг онги ва қалби бамисоли оппоқ қоғоз ўхшайди. Боланинг беғубор онгу шуури муҳит ва тарбия таъсирида ё гўзал битиклар ёки хунук ёзиқлар билан тўлиб боради. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси масъулият ва жавобгарликни талаб этади. Айниқса, ҳозирги ахборот технологиялари асрида боланинг маънавий-руҳий дунёсини турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳаётий заруратдир. Бинобарин, сўнгги пайтларда интернет тармоғидаги ҳар хил сайтларда ва харидоргир бозор адабиётида зўравонлик, фаҳш, қотиллик, ўз жонига қасд қилиш, турли оқимларга даъват этувчи, қўпорувчилик ғояларини тарғиб этувчи ахборотлар учрамоқдаки, бунинг олдини олиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Шу муносабат билан “Болалар ва уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни ишлаб чиқилди ва 2017 йил 8 сентябрда Президентимиз томонидан имзоланди. Жорий йилнинг март ойидан кучга кириши белгиланган ушбу ҳужжат ёш авлодни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Қонуннинг аҳамиятли жиҳати болаларни бузғунчи, руҳиятига зарар етказувчи ғоялар таъсиридан асраш, саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқалишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлаш масалалари ифодаланганлигида. Болалар соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, уларнинг ахборот олиш кафолатлари таъминланишига монъелик қилмайди. Аксинча, ушбу йўналишда ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишни назарда тутади. Фарзандлар тарбиясида ота-оналар, таълим муассасалари ва мутасадди ташкилотларнинг ушбу масалага комплекс ёндошувини таъминлайди.

Ҳужжатга мувофиқ давлат органлари, фуқаролик институтлари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун қонуннинг 8-моддасида масъул ваколатли давлат органи этиб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги белгиланган. Болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга ундайдиган, уларда наркотик воситалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида иштирок этиш истагини пайдо қиладиган ахборот тарқатилиши тўлиқ ман этилган. Оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек, ота-онаси ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган, турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонликни оқлайдиган ахборот тарқатилиши тақиқланган. Бу орқали шарқона маънавий қадриятларнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва зарурияти бугунги кунда ҳам нақадар аҳамиятга эга эканлигини кўрамиз.

Яна ўқинг:  Аҳди борнинг бахти бор

Адабиёт ва санъат инсон онгига таъсир этувчи энг кучли воситалардан ҳисобланади. Шу туфайли ушбу қонунга кўра болаларга мўлжалланган турли фильм ва мультфильмлар, бадиий асарларни махсус экспертлар гуруҳи кўриб чиқади ва уларга муайян ёш тоифасидан бирига тегишли эканлиги тўғрисидаги махсус белги қўйилади. Бу таснифнинг аҳамияти фарзандларимизнинг психологик ва физиологик ривожланиш босқичлари ҳисобга олинганлигидадир. Етти ёшли болакайга ёшига тўғри келмаган адабиёт олиб берилса, у ўзлаштиришга қийналади. Ўзига нисбатан ишончсизлик, руҳий зўриқиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Фарзандларимизни ҳимоя қилиш тизимини йўлга қўйиш учун давлат ва нодавлат ташкилотлар тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Аммо ота-оналар ҳам дилбандлари учун китоб ва турли видео маҳсулотлари сотиб олгунларича уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг ўзи нима эканлигини билса ва уларни харид қилгунларича онгли равишда танласа мақсадга мувофиқ бўларди. Афсуски, айрим ота-оналар томонидан олиб берилган кино, мультфильм, ўйин ва турли китоб маҳсулотларини кўриш ва мутолаа қилиш оқибатида болаларнинг соғлиғига руҳий ва жисмоний зарарлар етказилган. Бу каби воқеалар ота-оналарнинг ўша маҳсулотларнинг мазмуни билан қизиқмаганлиги ва моҳиятини англамаганликлари, энг асосийси, эътиборсизлиги туфайли содир бўлган. Шунинг учун тегишли ваколатли органларнинг экспертиза хулосасига эга ахборот маҳсулотини ёшга оид таснифига қараб харид қилишлари болалар учун, керак бўлса, миллат манфаати йўлида бир хизматдир.

…Жаҳонгирдаги ўзгаришга “Ўсмирликдаги ўтиш даври таъсири-да”, дея жиддий қарамаган ён қўшнимиз Ирода опанинг дод-фарёди етти маҳаллани тутди. Барча қўшнилар, маҳалладошлар, мактабдагилар ҳайратда қотган. Маълум бўлишича “ҳавас қилса арзигулик” бола ўз жонига қасд қилишга уринибди. Оғир меҳнат кўрмаган, егани олдида, емагани ортида бўлган Жаҳонгирни бунга нима мажбур қилганига ҳамма ҳайрон. Кейин маълум бўлишича телефонидан ҳудкушликни тарғиб қилувчи ўйинлар чиқибди.

“Нега вақтлироқ эътибор қилмадик!?” деган савол кўчада қаддини ғоз тутиб юрган отанинг юрагини нимталади. “НЕГА?!!”, “НЕГА?!!”, “НЕГА?!!”…

Бу каби саволлар такрор берилмаслиги учун ҳам мазкур қонунга эҳтиёж туғилди. Зеро, ҳар қандай қонун ижроси билан муқаддасдир.

Ушбу ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан яна бири ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ва ёш тоифаларини қўйиш масаласидир. Бу орқали ОАВ, шу жумладан, интернет тармоғидаги веб-сайтлар, блогерлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот тарқатиш каналлари орқали тарқатилаётган ахборотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс эттирилиши шарт қилиб қўйилган.

Яна ўқинг:  Ёрқинойнинг ойдин йўли

 

Эндиликда ҳар бир ахборот тарқатувчи тарқатаётган ахборотга ёш тоифасини ўзлари ёки бу соҳадаги экспертларнинг хулосасига кўра қўйишлари шарт. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, бу каби маҳсулотларнинг ишончлилигини таъминлайди.

 

Ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи ташкилотларнинг жавобгарлик ва масъулиятини оширади. Аммо ота-оналар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этса, бу билан фарзандларини хавфли ахборотдан асраган бўлади. Дилбандлари учун китоб харид қилаётганда улардан озгина эътибор талаб қилинади, холос.

Мазкур қонун аслида биз катталар – кенг жамоатчилик, ота-оналар, устоз-мураббийлар, масъул ходимлар янада огоҳ бўлишимиз, фарзандларимизни турли маънавий таҳдидлардан асрашимиз учун қабул қилинди. Ўз боламизни ўзимиз асрайлик!

 

Дилафрўз ЧОРИЕВА,

Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: