Ҳуқуқий тарбия
– Билишимча, таълим муассасасини тамомлаганига унча кўп бўлмаган битирувчи ёшларга даромад солиғини тўлашда имтиёзлар жорий қилинган экан. Шу тўғрими?
Анвар ХУДОЙБЕРДИЕВ, талаба
– Ҳа, имтиёзлар жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш белгиланди.
– Қозоғистон Республикасидан ўз эҳтиёжим учун қанча миқдордаги товарларни Ўзбекистонга олиб киришим мумкин?
Хосият БАКИЕВА,
Тошкент вилояти
– Амалдаги қонунчиликка кўра жисмоний шахслар томонидан республикамиз ҳудудига товарларни божсиз олиб келиш бўйича нормалар белгиланган бўлиб, унга кўра чегарадош давлатлар, яъни Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Тожикистон Республикаларидан 10 АҚШ доллари миқдорида, чегарадош бўлмаган давлатлардан 1000 АҚШ доллари миқдорида ўз эҳтиёжи учун товарларни божсиз олиб кириш мумкин.
Мазкур меъёрлардан ортиқча миқдорда товарлар олиб кирилганда, белгиланган тартибда божхона тўловлари тўланади.
Саволларга Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани 7-сонли нотариал
идораси нотариуси Ирода МУСТАФОЕВА жавоб берди.