Юқумли ўткир ичак касалликлари:

тозалик – саломатлик гарови

Юқумли ичак касалликларига ич терлама, паратиф, бактериал дизентерия, озиқ-овқат токсико-инфекцияси ва ҳакозолар киради. Бу юқумли касалликларнинг ҳар бирини маълум бир турдаги қўзғатувчи қўзғатади. Ҳамда улар ўзига хос клиник кечиши ва эпидемиологияси билан фарқ қилади.

Улар бир-бирига ўхшаш бўлади. Ҳар қандай ичак инфекцияси учун касаллик қўзғатувчисининг оғиз орқали кириши ва меъда-ичак йўлида тез кўпайиши кузатилади.

Бу касалликларнинг манбаи бўлиб, асосан бемор одам ва касаллик ташувчилар ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчилари соғлом одамга беморнинг ажралмалари билан ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, беморга қарашда ишлатиладиган нарсалар, ўйинчоқлар, ўрин-кўрпа, чойшаб ва бошқалардан юқиши мумкин.

Ўткир ичак касалликларини ҳақли равишда «ифлос қўллар касаллиги» деб ҳам аташади. Ичак инфекцияларининг тарқалишида ахлат ўралари ва ҳожатхоналардан учиб чиқадиган пашшалар ҳам катта роль ўйнайди.

Ичак инфекцияларининг қўзғатувчилари ва уларнинг токсинлари меъда-ичак йўли фаолиятини бузибгина қолмай, балки марказий асаб тизимини ҳам шикаслантиради.

Беморнинг ҳарорати кўтарилади, бир кунда бир неча маротаба ичи суриб, қайт қилади, юрак қон томир тизимининг нормал фаолияти бузилади. Шунингдек, бу касалликнинг аломати ҳар хил бўлади.

Ўткир меъда-ичак касалликлари асосан ёзда кун анча иссиқ пайтида кўпроқ учрайди. Чунки, бу даврда аҳоли томонидан яхши ювилмаган сабзавот ва мевалар кўп истеъмол қилиниши эҳтимоли юқори бўлади. Шу билан бир қаторда пашшаларнинг озиқ-овқатларни ифлослантириши ҳам сабаб бўлади. Бу касалликлар ҳар қандай ёшдаги кишиларга, айниқса, болаларга осон юқади. Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 7 кунгача, ич терламада эса бир неча кундан 3 ҳафтагача бўлади.

Ўткир ичак инфекцияларининг олдини олиш учун инфекция манбаини йўқотиш ва уни зарарсизлантириш, организмни касалликларга чидамлилигини ошириш керак.

Касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлиши биланоқ бемор нажаси билан ташқи муҳитга жуда кўплаб микробларни ажрата бошлайди. Шу сабабли беморни иложи борича тезроқ касалхонага ётқизиш зарур. У ўз вақтида даволанса касаллик тар­қалишининг олди олинган бўлар эди.

Хасталикнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Сабзавот ва меваларни истеъмол қилишдан олдин албатта водопровод сувида ёки қайнаган совуқ сувда ювиш мақсадга мувофиқдир.

Яна ўқинг:  ЛАРИНГИТ ХАСТАЛИГИНИНГ АСОРАТЛАРИ ОҒИР

Болаларни доимо қўлларини совунлаб ювиб юришига одатлантириш касалликнинг олдини олишда жуда катта роль ўйнайди. Юқумли ўткир ичак инфекцияларининг олдини олишда умумий овқатланиш объектлари устидан санитария-эпидемиология назоратини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Уй шароитида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шарт-шароитларига қатъий риоя қилиш зарур.

Ичак касалликларининг қўзғатувчилари зарарсизлантириш воситалари таъсирида дарров нобуд бўлади. Шу сабабли идиш-товоқларни доимо зарарсизлантириш лозим.

Ичак инфекцияларини профилактикасида пашшаларни йўқ қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

Организмнинг инфекцияларга қарши чидамлилигини оширишга қаратилган умумий соғломлаштирувчи воситалар ҳам муҳим роль ўйнайди.

Болага витаминларга бой ов­қат бериш, организмни гимнастика, жисмоний тарбия ва бошқа муолажалар билан чиниқтириш, меҳнат қилиш режимига риоя қилиш лозим.

Гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиб, ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир одамнинг бурчи. Хулоса қилиб айтганда, юқумли ўткир ичак касалликларининг олдини олишда бутун аҳоли фаол қатнашиши, гигиена қоидаларига риоя қилиниши, шу касалликларга шубҳа туғилса, беморнинг аҳволи оғирлашмасдан тезда шифокорга мурожаат этиш тавсия этилади.

Ш.АЛИМАТОВА,

врач-эпидемиолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: